Виктор ота Тожикистоннинг илиқ ҳавосию ширин меваларини севади

Image caption Виктор ота ҳозир шаҳарликлар учун эски Шўро романсларини куйлаб, уч-тўрт танга ишлайди

3-ҳикоя

Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Виктор Бутенко шу кунлар ўз нафақасига қўшимча уч-тўрт танга ишлаш учун Чкаловскдаги бозор ёнида қўшиқ куйлайди.

Мовийранг Texas Rangers футболка эгнида Виктор шаҳарликлар учун эски Шўро романсларини куйлайди.

Ҳали ҳам гўзал овозга эга 72 яшар Виктор Бутенко Уран комбинатининг театри қошида ташкил этилган “Шарқ Юлдузи” номли хорда куйлаганини тасаввур қилиш мушкул эмас.

Виктор Совет Тожикистонининг мисли кўрилмаган тарихига дахлдор инсон.

Россиянинг Оренбург шаҳрида таваллуд топган Виктор Баку консерваториясида қўшиқчилик санъатини ўрганади.

Марказий Осиёга 1965 йилда Ленинобод Кон ва Кимё комбинатига ишга келади.

Image caption Бу корхонада ишланган уран моддаси билан илк Совет атом бомбаси яратилгани айтилади

Айни корхона СССР Мудофаа вазирлиги томонидан бошқарилган.

Худди шунинг учун ҳам бу шаҳарча тўғридан-ўғри Москвадан таъминланган.

Бу корхонада ишланган уран моддаси билан илк Совет атом бомбаси яратилгани айтилади.

“Бу корхонада ишлаш жуда олий мақом эди. Аммо деярли ҳеч ким комбинатда нима ишлаб чиқарилиши ҳақида билмас эди. Бу сир эди”, деб хотирлайди Виктор.

“ Бир куни Би-би-сидан айтишганди. Тожикистонда Ленинобод деган жой бор, аммо аслида бу ер Атомобод деб...Қаердан билишган улар, буниси менга қоронғу...”

Омон-омон даврлар

Image caption Омон-омон даврларида корхона ишловчилари учун барча шароитлар муҳайё эди

Виктор Бутенконинг омон-омон даврларида корхона ишловчилари учун барча шароитлар муҳайё эди.

Маошлар ҳам яхшигина эди. Дўконларда Москва ва Болтиқбўйи давлатларида ишланган маҳсулотлар...

Бу маҳсулотларни, ҳатто, пойтахт шаҳарлар Тошкент ва Душанбеда ҳам топиб бўлмас эди.

Аксарият тошкентликлар савдо қилишга Чкаловскка келишар эди.

Виктор Бутенко куйлаган хор Маданият Саройида жойлашган эди.

Бу сарой ҳам эски шўроча услубнинг энг яхши анъаналарида, анчайин дабдаба билан мана шу комбинат ишчилари учун қурилган эди.

1945 йил Сталиннинг таваллуд кунида очилган бу сарой ҳамон ўзининг эски салобатини йўқотгани йўқ.

Саройга Феликс Джерзинский номи берилганди.

Бугун бу саройга қадам ташлаганингиз билан гўё ўша ҳайбатли СССРга кириб қоласиз.

Image caption Ленинградда ясалган улкан биллур қандил ҳамон кўзни қамаштиради

Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида Ленинградда ясалган улкан биллур қандил ҳамон кўзни қамаштиради.

Оғир бахмал саҳна пардалари ҳам алмаштирилмаган.

Ўтган замонларда бу комбинатга фақат русларни ишга олишган.

Тожигу ўзбеклар эса шаҳарда Виктор Бутенко айтмиш, қассоблик қилишган, боғбонлик ва палов пиширишга уста бўлишган...

Гарчанд, Виктор Бутенконинг “Шарқ Юлдузи” аталмиш хорида Шўро халқларининг дўстлик ва биродарлиги куйланган бўлса ҳам, аслида уран комбинатида ишлашга ўзбегу тожикка “катта оғалар” ишонишмаган.

Шўролар Иттифоқи қулагач эса, Ленинобод Кон ва кимё комбинати даъфатан янги бир мамлакат ҳудудига ўтиб қолди.

Иш тўхтади

Русларнинг аксар кўпчилиги Тожикистонни тарк этди.

Ортда қолганлар эса Виктор Бутенко каби кекса авлод вакиллари...

Унинг ўғли Россияга кўчиб кетганидан бери ўртада алоқа ҳам узилиб қолди.

Икки хонали уйи бўшаб қолган.

Музлатгич бузилган. Қорайиб кетган товада овқат юқи...

Деворларда эски замонларнинг тақвимлари...

Фото муаллифлик ҳуқуқи b

У бизга эски суратларни кўрсатади.

Оилавий байрамлар... дастурхон ноз-неъматларга тўла.

Яна бирида Викторнинг куйлаётган пайти олинган расми...

Эҳтимол, Викторни бошқалардан кўра ёмонроқ яшайди деб ўйларсиз.

Йўқ. Россия ва Тожикистондан нафақа олади.

Ҳар куни кўчада куйлаб, яна беш –олти танга орттиради.

У Тожикистоннинг илиқ ҳавоси ва шириндан ширин меваларини севади.

Ҳозир унинг иссиқ-совуғидан бир пайтлар уран комбинатида ишлашга нолойиқ деб кўрилган ўзбегу тожиклар хабар олиб туришади.

Давоми бор

Бу мавзуда батафсилроқ