Гиламдўзлик, пахта ёки нега тожикистонликлар Россияни афзал кўришмоқда?

Image caption Офтобнинг тиғида пахта териш қанақа бўлишини биз томонлардагиларнинг аксарияти яхши билишади

6-ҳикоя

Пахта териш осон иш эмас. Сентябр ойида бошланадиган терим айни жазирамага тўғри келади.

Офтобнинг тиғида пахта териш қанақа бўлишини биз томонлардагиларнинг аксарияти яхши билишади.

Пахтакор раис Абдуали Абдуманноновга кўра, илғор теримчилар икки қўллаб пахта терганида кунига хирмонга 170 килогача ҳосил тўкишади.

Бир пайтлар колхоз, ҳозир эса очиқ ҳиссадорлик жамияти раиси Абдуманнонов жаноблари бизнес ғоялару уддабуронликда “қайнаб” турадиган деб таърифласа бўлади.

Шўролар даврида пахтага топшириладиган пахтани бугун ҳиссадорлик жамияти ўз билигича истаган харидорига сотади.

Image caption Абдуманнонов жаноблари бизнес ғоялару уддабуронликда “қайнаб” туради...

Тожикистонда асосан толаси узун пахта етиштирилади.

Сифат ва нархи баланд бу пахта навига талаб ҳам катта.

Аммо ёнилғи, ўғит ва электр энергиясининг қимматлаб бораётгани ҳиссадорлик жамияти фойдасининг каттагина қисмини “еб” қўяди.

Аммо ўртача терим вақти эллик, олтмиш килограмм пахта терадиган пахтакорнинг косаси оқармаслиги тайин.

Шунинг учун ҳам аксарият далани эмас, Россияни танламоқда.

Image caption Қайроққум гилам комбинати

Шўролар даврида бу минтақадаги энг йирик корхоналардан бири Қайроққум гилам комбинати эди.

Бу корхонада уч сменада 7000 киши ишлаган.

Гиламлар бутун Шўролар Иттифоқи ва ҳатто Шарқий Оврўпо давлатларига ҳам сотилган.

Ҳозирги манзарани ўтмиш билан мутлақо солиштириб бўлмайди.

Бор йўғи 400 атрофида ишчиси бор.

Image caption 'Гилам сифатли ва арзон бўлса етарли...'

Корхона раҳбари Абдумуталиб Абдуллоевнинг чекига тушгани шу – ишни деярли бошидан бошлаш...

“Шўролар даврида биз фақат маҳсулотни ишлаб чиқарар эдик. Уни кимга сотиш, қанчага сотиш каби масалаларни тегишли вазирликлар ҳал қиларди”.

Бугун Шўроларнинг бу вазирликлари йўқ. Гилам комбинатининг раиси Абдумуталиб Абдуллаев ҳамма ишни ўзи бажариши керак.

“ Бозор иқтисодида яшаяпмиз. Харидор учун бу гиламлар Тожикистонда ишланганми, Хитойдами ва ё Туркия Эронда – ҳеч фарқи йўқ. Гилам сифатли ва арзон бўлса етарли”.

Бу каби рақобатга қарамай, Абдуллаев жаноблари барибир гилам корхонасини юргизаман деб жони ҳалак... “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ “ қабилида бугун Қайроққум гилам комбинати таниқли арбобларнинг суратларини гиламга тушира бошлаган:

Аммо арбоблар ҳам, арбобларнинг гиламсуратларига харидорлар ҳам бу корхонани бой қиладиган даражада кўп эмас...

Лавҳаларда фойдаланилган фотосуратлар муаллифи Би-би-си Форс телевидениеси мухбири Суҳроб Зиё.

Тамом

Бу мавзуда батафсилроқ