BBC navigation

'Москва аллақачон Москва-ободга айланиб бўлди'

Сўнгги янгиланиш 20 март 2012 - 10:41 GMT

Миллатчи фаол Юрий Горский Исломий ўлкалардан келаётган муҳожирларни тўхтатиш зарур, деган фикрда

Россияда кўпаяётган муҳожирлар ва мамлакатнинг тубдан ўзгариши рус миллатчилар норозилигини ҳам оширмоқда.

Сўнгги йиллари ирқчилик ҳужумлари кескин камайди. Лекин кириб келаётган ўзгача маданият ва дин миллатчиларни хавотирини кучайтирмоқда.

"Ҳозир ҳазил аралаш Москва эмас, Москва-обод деб ҳам аташади", - дейди миллатчи фаол Юрий Горский - "Кўчада славян қиёфали одамларни кам кўрасан. Ҳар ёқда осиёликлар".

Жаноб Горский "Руссовет" миллатчи уюшмаси вакили. Гуруҳ руйхатга олинмаган, аммо баъзан аксилмуҳожир "Рус Марши" юришларини ўтказиб туришади.

Ўрта яшар, славянпараст суҳбатдошииз, айниқса, мусулмон ўлкаларидан келаётганларин тўхтатиш зарур, деган фикрда.

"Россияда давлат барпо этувчи миллат православ руслар. Бу - рус давлати. Ҳозир эса совет фуқароси каби аллақандай россиялик, деган мавҳум тушунчани илгари суришга интилмоқдалар".

Аксилмуҳожир кайфиятидаги одамлар каби Юрий Горский ҳам муҳожирот оқимини тўхтатиш учун маҳаллий маошларни кўтариш ва кўпроқ русларни бу ишларга жалб этиш даркор, деб билади.

"Ҳозир аҳвол шу даражага етдики, паркка кирмоқчи бўлган аёл у ерда нимадир ўйнаётган гуруҳ-гуруҳ хорижийлардан қўрқиб кетади".

Кўчаларда тез-тез қулоққа чалинадиган ўзбекча, қирғизча ва тожикча гапларга бугун кўпчилик кўниккандек...

Россияда ўрнашаётган кўп миллионли муҳожирлар бу мамлакат қиёфаси, маданияти ва урф-одатларини ўзгартира бошлашган

Метро бекатларида гуруҳ-гуруҳ бўлиб рухсатнома сотадиган, жума намозига турнақатор бўлиб кетаётган ўзбеклару қирғизларга биров эътибор ҳам бермайди.

Айрим руслар, ҳатто, муҳожирлар боис иқтисод ўсмоқда, оғир ишлар бажарилмоқда, деб ҳам билишади.

Аммо миллатчи суҳбатдошим ўз хавотирларини жиноятчилик ортиши билан ҳам изоҳлайди.

"Тожикистон орқали бангивор моддалар ўтишини ҳамма билади. Бу ерга келаётганлар орасида гиёҳванд моддалар савдосини қилмайдиганлар, жиноятчилар йўқ, деган кафолат бериб бўлмайди-ку?"

Юрий Горский сўнгги йиллари Францияда юзага келган муҳожир арабларнинг болалари - ёшлар қўзғолонини эслатади.

"Оврўпо буни энди тушунаяпти. Россия эса илгаридан ҳаракат қилиши керак", - дейди у ўйланиб - "Биз уларга янги масжидлар қуришга рухсат берсак, янада кўпроқ муҳожир келишини рағбатлантирамиз. Бу бизга нега керак?"

Миллатчи суҳбатдошимиз Россияда миллатчилар хавотирлариига қулоқ солинмаётгани ва муҳожиротни тўхтатиш йўлида кескин чоралар кўрилмаётганини урғулайди.

Аммо бугун Россия ҳали анча меҳнат муҳожирига эҳтиёжманд. Иқтисоди юксалаётган, бироқ аҳолиси камаётган бу улкан мамлакатга эрта янада кўпроқ муҳожир керак бўлиши эҳтимоли эса катта.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.