Афғонистонда 'Натодан кейинги ҳаёт' - саёҳатнома

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Деҳқон Ҳожи Зерак меҳмонини Афғонистон шарқидаги паштунлар сингари қаршилайди.

Аввалига меҳмоннинг елкасига ўнг қўлини қўяди, кейин эса қўл бериб обдон кўришади.

Бунақа сўрашиш - Ислом ўгитларидан бирида ҳар икки кўришаётган инсоннинг гуноҳларини тўкиш йўли деб ҳам талқин қилинади.

Аммо Ҳожи Зерак учун меҳмон бир маънода кутилмаган меҳмондир.

Бу кутилмаган меҳмон маҳаллий туман ҳокими ва у бир ўзи эмас, бир неча қуролланган полиция ходимлари ва узун таёқлар кўтариб олган ишчилар билан келган.

Улар Нангарҳордаги бу кўздан йироқ бўлгага Ҳожи Зеракнинг кўкнори даласини вайрон қилгани келишган.

Бу далаларда етиштириладиган қорадори Оврўпонинг героинга талабини қондиради, аммо ноқонунийдир.

Аммо Афғонистонда ҳамма нарса ҳам биринчи бор кўзга ташлангани каби бўлавермайди.

Ҳожи Зерак бошқа чорам йўқ деса ҳам чорасиз одамга ўхшамайди.

Ишчилар ишга тушишади. Яшил кўсакчаларга ўхшаш кўкнори меваларини ер билан яксон қила бошлайдилар. Бир-бирларини шоширадилар.

Полиция ходимлари уларни қўриқлаб туради.

Бу минтақалар Толибларга тегишли. Гиёҳванд моддалар савдосига солинган солиқлар Толиблар қудратига қудрат қўшади.

Ўтган ҳафталар Покистон билан чегара ҳудуддаги кўкнори далаларида бир неча ишчилар отиб ўлдирилган.

Бу гал эса ишчиларнинг асабийлашганича бор. Ахир, уларни хориж телевизион каналлари суратга туширмоқдалар.

Аммо кўп ўтмай улар ишни тўхтатишади ва далаларни тарк этишади.

Ишчилар вайрон қилган кўкнори экинларининг аксарияти аллақачон гуллаб, уруғлаб ва ҳатто ҳосили ҳам териб олинган.

Маҳаллий мулозимлар бир неча далани вайрон қилишади, аммо деҳқон ҳосилнинг деярли барчасини ўзида олиб қолади.

Афғон мулозимлари кўпроқ далаларни вайрон қилгулик захирага эга эмас.

Бунинг устига бангивор моддалардан тушадиган мўмай даромадни барбод қилиш учун уларда хоҳиш ҳам йўқ.

Хотиралар...

Мен бу бағоят гўзал адирларга етти йил аввал келгандим.

Ўшанда гиёҳванд моддалар етиштириш жуда қисқариб бораётганди.

Об-ҳавонинг ёмон келгани ва ўсимликларга ўлат теккани ҳам деҳқонларга бошқа имкониятлар яратаётгандай эди.

Аммо бу йил Бирлашган Миллатларнинг Гиёҳванд моддаларни назорат етиш ташкилотига кўра, Нангарҳорда кўкнори етиштириш юқориламоқда.

Биз бу ерда кўп турмаймиз. Бизга хабар келишича, масжидларда қишлоқ аҳлига хорижликлар келгани ва улардан огоҳ бўлиш ҳақида эълон қилинган.

Афғон полицияси Ғарб солиқ тўловчилари пулига келган машиналари ҳайдашади.

Аммо полиция бўлгани билан, айни минтақада улар назоратни ўз дастларига олишганми йўқми, аниқ эмас.

Биз Америка аскарларининг бўшаб қолган текширув нуқталаридан ўтамиз.

Узоқда Тора Бора чўққилари... худди шу минтақада Усама Бин Лоден Американинг бомбардимонига туриб берган ва 2001 йилда Покистонга ўтиб яширинганди.

Бу ерда нимадир якунига етаётганини ҳис қиласиз. Яна бир империя яна бир бор бу адирларни босиб олишга уриниб кўрди.

Америкаликлар Нангарҳорда назоратни январ ойида Афғон полициясига топширишганди.

Саммит

Якшанба куни НАТОнинг Чикагодаги олиймақом йиғини Афғонистондаги амалиётларга бир маънода якунни ишлаб чиқади ва ким ҳамда қандай қилиб бу мамлакатдаги тараққиётни молиявий таъминлаб туриши бўйича ҳам қарор бериши керак.

Жалалободга йўлимиз тушади. Бу ерда вазият яхшироқ... Шаҳар ва минтақа ўзининг мевалари билан донг таратган. Кўчаларда ҳаёт қайнайди. Аммо вазият барибир қалтис...Бу барқарорлик қанча давом этади, ҳеч ким билмайди.

Шаҳарда биргина филм студияси бор, Шайқ Нетворкда бир неча филм ишланди.

Аммо бу филмларни кўрсатгани кинотеатр йўқ. 1990 йиллар фуқаролар урушида барчаси ёпилганди. Шунда ҳам филмлар ДВДларда тарқайди.

Улар баланд деворлар ортида, кучли қуролланган қўриқчилар ёрдамида ишлашади.

Улар аёллар ролларида ўйнаш учун акётрларни Покистондан таклиф қилишади. Бу ерда анъаналар кучли ва аёл кишининг филмда ўйнаши тасаввурга сиғмайдиган ҳолат.

Толиблар дағдаға қилиб хат ёзишади. Директор Раҳимуллаҳ Сапига кўра, НАТО чиқиб кетиши билан нима бўлади, у билмайди, қаттиқ хавотирда эканини айтади.

Америкаликлар ҳамон шу ерда. Асосий база ҳаво қўналғасида...Айнан шу ердан парвоз қилган тикучарлар Усама Бин Лоденни ўлдириб қайтганди. Аммо бу ерга Толиблар ҳужум қилишди. Бу ерда Покистоннинг қабила минтақаларини онда-сонда бомба ҳужумларига тутадиган дрон учоқлар ҳам жойлашган.

Катта йўлнинг нариги четида эса крикет ўйини... Тепада дрон учоғи парвоз қилади. Деярли ҳеч ким осмонга қизиқиб қарамайди.

Америкалик ва уларнинг иттифоқчилари бу мамлакатни ташлаб кетмоқда. Нангарҳорда эса аксарият ўз кунини ўзи кўриши кераклигини билади, хавотир қилади...

Бу мавзуда батафсилроқ