Бобурнинг “махфий васиятнома”си

Хайрулла Исматуллаев

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз васиятида ўғли Ҳумоюнни тотувликда яшашга чақирган

Буюк инсоннинг бу дунёдан кўз юмиши ҳам икир-чикирлардан, майда-чуйда таъмалардан холи бўлади. Буюк инсон умрининг сўнгги дақиқаларини ҳам буюклик билан якунлайди. Бу борада ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз авлодларига ўрнак бўларли бир иш қилиб кетган экан. “Бобурнома"нинг "Тўққиз юз ўттиз олтинчи (1529) йил воқеалари” бобида ўғли Ҳумоюн қаттиқ касал бўлиб қолганида, бўлиб ўтган бир воқеа келтирилади:

“Муҳаммад Ҳумоюнга... ани ер ва суйи хуш ёқмади. Иситма тутар экандур... Табиблар ҳар неча дору дармон бердилар, яхши бўлмади. Мир Абулқосимким, улуғ киши эрди, арзга еткурдиким, ушмундоқ дардларга дармон будурким, яхши нимарсаларднн тасаддуқ қилмоқ керак. Тоинки Тенгри таоло сиҳат бергай. Менинг кўнглимга келдиким, Муҳаммад Ҳумоюннинг мендин ўзга яхшироқ кимарсаси йўқ. Мен ўзум тасаддуқ бўлайин, худой қабул қилсун... Уч қатла бошидин ўргулуб, дедимким, мен кўтардим ҳарне дардинг бор. Ўшал замон мен нохуш бўлуб йиқилдим, ул енгил бўлди. Ул сиҳат бўлуб қўпти. Мен нохуш бўлуб йиқилдим. Аъёни давлат ва аркони мамлакатни чорлаб, байъати қўлларини Ҳумоюнни(нг) қўлига бериб, жойинишинлигига ва валиаҳдлигига насб қилдим. Ва тахтни анга топшурдум. Ва Хожа Халифа ва Қанбар Алибек ва Турдибек ва Ҳиндубек ва ўзга халойиқ ҳам бу насоймида бор эрдилар, бориси қабул қилиб, банд бўлдилар".

"Бобурнома"ни кўчирувчи котибнинг ёзишига қараганда, "тўққиз юз ўттиз еттида жумодил-аввал ойининг олтисида чаҳорбоғдаким, ўшул подшоҳ ўз қўли билан обод қилиб эрди, ҳоли мутағаййир бўлуб, бу олами бевафони падруд қилди".

Бобур мирзо вафотига тарих айтувчилар ўша вақтларда кўп бўлган. Мавлоно Шиҳоб келтирган тарих сақланиб қолган: “Ҳумоюн буд вориси мулки вай” ("Ҳумоюн унинг мулки меросхўридир".)

Ҳинд олимлари орасида бу воқеага, яъни Ҳумоюннинг тузалиб кетиши ва Бобурнинг касалланиб қолиши воқеасига қарашда якдиллик йуқ. Айрим тарихчилар, масалан, профессор Сри Рам Шарма ўзининг "Калкутта Ревью" журналида босилиб чиққан мақоласида бу воқеанинг бўлганлигига шубҳа билдиради. Унинг аниқлашига қараганда, Бобур Ҳумоюн соғайганидан олти ой кейин касалланган.

Бошқа бир ҳинд профессори, Оллоҳобод университети тарих бўлиминннг собиқ бошлиғи Р. П. Трипатининг бу хусусдаги кузатишлари ҳақиқатга яқин келади, "Мўғул салтанатининг ривожи ва инқирози" номли китобида профессор Р. П. Трипатининг аниқлашича, Ҳумоюн Бадахшондан 1529 йил июнь ойида қайтиб келган, 1530 йил март ойида у касалланиб қолган, Бобур бўлса, ўша йил апрель ойида касалланган, Ҳумоюн эса соғайган. Бобурнинг касали 1530 йил июль ойида кучайган ва ўша йил 26 декабрь куни буюк Бобур дунёдан кўз юмган.

1529 (936 ҳижрий) йили Ҳумоюн соғайиб, Бобур мирзо касалланиб қолганидан кейинги воқеалар "Бобурнома"да берилмайди. Бу машҳур асар юқорида келтирганимиз воқеалар тавсифи билан узилиб қолади. 1530 (937 ҳижрий) йилгача содир бўлган Бобур билан боғлиқ воқеалар ҳақида биз камгина маълумотга эгамиз.

"Ўз ҳаётини ҳам фарзанди Ҳумоюнга беришга тайёр бўлган ота бирор ёзма васият қолдирмаганмикин?” - деган саволга ўзимиз мантиқдан келиб чиқиб, "Албатта, бирор ёзма васият қолдирган бўлиши керак", деган тахминни келтирардигу, бу тахминимизни бирор далил билан исботлай олмас эдик.

Бунинг биринчи сабаби, шўро даврида оёқ-қўлимиз боғланганлигида эди, чет мамлакатлар кутубхона, ҳужжатхоналарига эркин бора олмаганимизда, хориждаги ҳамкасбларимиз билан мустақил, бировнинг тазйиқисиз фикр алмаша олмаганимизда эди. Энди аҳвол бутунлай ўзгарди.

Сўнгги бир неча йил мобайнида мен Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва бошқа шарқ мамлакатларида Бобур ҳақида ёзилган асарлар нусхаларини тўплашга ҳаракат қилдим.

Шу иш билан банд бўлинган бир вақтда Ҳиндистонда Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга ёзма равишда қолдирган "Махфий Васиятнома"си сақланаётганлиги маълум бўлди.

Бу "Махфий Васиятнома" 935 ҳижрий йили жумодил-аввал ойининг биринчи куни (мелодий 1529 йил 11 январда) Бобур Агра яқинидаги Нилуфар Боғида турганида ёзилган экан.

Ҳозир бу ер Ҳиндистоннинг Ражастон штатига қарайди.

"Махфий Васиятнома" ўнг томонида доира ичида Бобурнинг "933. Подишоҳ Баҳодир ғозий Заҳириддин Муҳаммад Бобур" деб нақшланган муҳри ҳам берилган.

Бобур шоҳнинг ўғли шаҳзода Ҳумоюнга қолдирган бу васиятномаси Ҳиндистонни бошқаришга оид ўгит-маслаҳат, йўл-йўриқлардан иборат бўлгани учун ҳам у махфий саналган ва "Махфий Васиятнома" деб юритилган.

Бир қатор бобуршунос олимлар Бобурнинг ёзма васиятномаси бўлганлигини ўз ишларида қайд этиб келганлар. Бу васиятнома билан ҳинд профессорлари Саййид Росс Маъсуд, Ҳ. К. Шерваний ҳамда Жайпурдаги Ражастон университети профессори, тарихчи олим Р.Е. Натҳ таниш бўлганлар.

Биз қуйида васиятноманинг ўзбекча таржимасини келтирамиз. Васиятноманинг асл нусхасини Тошкентдаги журналлардан бирида чоп эттирсак ажаб эмас, чунки Бобур мирзонинг васиятномаси ҳам ўзбек халқининг мулки бўлиб қолиши лозим.

Бу васиятнома форс тилида ёзилган бўлиб, у қуйидагича бошланади:

Image caption Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга ёзган васияти

„933 ҳижрий йил Подишоҳи Баҳодир ғозий 3аҳириддин Муҳаммад БОБУР Алҳамдилиллаҳ

Васият номаи маҳфие 3аҳириддин Муҳаммад Бобур Подишоҳи ғозий ба шаҳзода Насириддин Муҳаммад Ҳумоюн тула омра

Ба истеҳкоме Султонат навешта шуд. Ай фарзанд, мамлакати Ҳиндустон аз мазоҳиби муҳталифа маъмур аст... "

* * *

Бобур "Васиятнома"сининг таржимаси:

„933 ҳижрий йил Подишоҳи Баҳодир ғозий 3аҳириддин Муҳаммад БОБУР Алҳамдилиллаҳ

Султонатнинг мустаҳкам бўлиши учун бу махфий васиятнома тузилди. Эй фарзандим, Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан маъмур бўлган. Аллоҳ таоло Сизга буни каромат этди. Сиз мазҳабларни ёмон кўришдан дилингизни пок тутинг. Ҳар мазҳабнинг тариқасига (йўлига) адолат қилинг. Хусусан, Ҳиндистоннинг қалбини қўлга киритаман десангиз, сигир сўймоқдан ўзингизни тийинг. Бу яхшилигингиз эвазига шу вилоят халқининг қалби Сизга яқин бўлади. Қўлингиз остидаги ҳар қавмнинг ибодатгоҳларини ва муқаддас жойларини хароб этманг. Шундай одилликни ихтиёр қилингки, подишоҳ раъийатдан ва раъийат подишоҳдан осуда бўлсин. Исломнинг тараққиёти эҳсон қиличидан яхшироқ бўлади, зулм тиғидан эмас. Сунний ва шиа ўртасидаги жанжаллардан кўзингизни юминг. Агар бундан кўз юммасангиэ, ислом заифлашиши мумкин. Раъийатдаги турли қалбларни арбааи аносир (тўрт унсур) билан маҳкам тутинг. Салтанатнинг жисми турли маразлардан тинч бўлсин.Подишоҳлик ишларини пухта қилиш учун ҳазрат Амир Темур Соҳибқироннинг ишларини кўз олдингизда тутинг.

Ва мо аллайно иллал балағ (“ва бизнинг бурчимиз фақат аниқ паём этишдир” Сураи Ёсин).

Биринчи жумодий ул аввал 935 [ҳижрий йили]»

Бобур фаолиятига оид бир қатор тадқиқотлар яратган ҳинд тарихчиси, Жайпурдаги Ражастон университетининг тарих профессори Р. Натҳнинг фикрига кўра, ўзининг 47 йиллик умрининг 36 йилини жангу жадалларда ўтказган Бобур аслида осойишталик, тинчлик одами эди. У тўғрисўз, ҳақиқатгўй солномачи, "Бобурнома" муаллифи, бизнинг давримизгача икки девони етиб келган ажойиб шоир, табиат ошиғи, гўзал боғ-роғлар яратувчиси, ва ҳаммасидан ҳам муҳимроғи, гуманист эди. Ўзи сунний мазҳабидаги мусулмон бўлса-да, диний ақидаларга ёпишиб олмаганди.

Шу боис ҳиндлар унга "Қаландар" номини беришган бўлган. Бутун ҳаёти мобайнида у санъат, шеърият, мусиқа ва расмчиликка нисбатан ҳур фикрликни сақлаб келди. Унда ҳеч вақт манъ этишлар бўлмаган. Бобур бошқа диндагиларга нисбатан тинч-тотув яшаш, сабр-бардошли бўлиш, диний ишларига аралашмаслик сиёсатини қўллаган. У ерли халқнинг диний эътиқодларини ҳурмат қилган. Унинг 1529 йил 11 январда Дҳолпур яқинидаги "Боғи Нилуфар"да турганида ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган махфий васиятномаси бунга ёрқин мисол бўлади.

Бу "Махфий Васиятнома" настаълиқ хатида ёзилган. Мутахассисларнинг фикрига қараганда, қоғозига олтин суви пуркалган бўлган ҳамда қоғознинг ҳошияларига гулли безаклар ишланган.

Ҳозирги кунларда Бобурнинг васиятномаси Бҳопал Давлат Кутубхонасида сақланади.

Васиятнома фотонусхасини биринчи бўлиб кутубхона мудири Б. Гошал олиб, жаноб Саид Росс Маъсудга юборган.

Бобур мирзонинг қандай инсон бўлганлигини ўғлига қаратилган унинг "Махфий Васиятнома"си очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Буюк Бобур қолдирган васиятноманинг ўз халқига қайтиб келиши тасодифий бир ҳол бўлмаса керак.

Бобур мирзонинг "Махфий Васиятнома"сидаги "подишоҳлик ишларини пухта қилиш учун ҳазрат Амир Темур Соҳибқироннинг ишларини кўз олдингизда тутинг" деган сўзлари фақатгина ўғли Ҳумоюнга нисбатан эмас, балки бугунги кунларда мустақилликни қўлга киритган ўз халқига қарата айтилган васиятдек жаранглаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio