Зарварақлар: Номаълум Чўлпон

Image caption Чўлпоннинг НКВД қамоғида олинган сурати

Зарварақлар рукнимизда буюк ўзбек шоири ва адиби Абдулҳамид Сулаймон ўғли - Чўлпоннинг ҳали ўзбек матбуотида эълон қилинмаган шеърларидан баъзиларини чоп этмоқдамиз.

Бугунги шеър - "Ғўза чувуркан" деб аталиб, 1934 йилнинг декабр ойида ёзилган.

Шеър Чўлпон ҳаётлигида босилгану, бироқ уни ўзбек ўқувчиларига етиб бормаган, дейиш мумкин.

Чўлпон қатағонга учрагандан кейин унинг ижоди намуналари кутубхоналардан йўқ қилинган.

Ғўза чувуркан

"Мен сизга жиндак бир хат ёзиб эдим,

Вақтингиз бўлдими ўқиб чиқишқа?

Қутига ташларкан, ўзим ҳам дедим:

Яхшийди, жавоби келса шу қишқа!"

*

Зоғча қанотидек қора кўзларни

очилиб етмаган кўсакка тикиб,

қизарган кўйича индамай қолди,

мен ҳам қолавердим ночор, энтикиб...

*

Жим қолдим.

Жим қолди.

Жим қолдик икков.

"Шу топда патефон бўлсайди!" - деди

ҳамма жим қолганда орқадан биров;

сўнгра қоп устига бошини эгди.

*

Қоп тўла кўсакла,

нозик бармоқлар

қора қутичадан сеп суғурарди.

Мен ҳам ўз олдима ғўза чувуркан -

ҳар нафас кўнглимдан бир парча чувуқ,

енгил ўйларимни изма-из қувуб -

қаршимда мен севган қиз ўтирарди.

*

Сезаман.

Сезади.

Сезишамизким,

шаҳарда, уйларда, маҳкамаларда,

мактаблар, қулублар ва саҳналарда,

ҳар ерда бошланган бу қизиқ терим;

ҳар кимнинг виждоний вазифасидир,

жамоат ошидан насибасидир.

*

Лаблари очилмай киришиб кеткан,

қўлларга сўз бермай қайсарлиқ эткан

шу қора кўсакнинг тор чаноқида

мильон-мильонларнинг қувончлари бор,

колхозчи қизларнинг гул яноқида

янги кўйлакларнинг умиди ёнар!

*

Қаршимда ўлтурган уялчанг қизнинг

кўнглида кўйлакка ҳаваси йўқми?

У нега бир оғиз жавоб қилмайди,

тортиниш ранглари шунча қуюқми?

*

Қоплар бўшалганда зал ҳам бўшалди.

Биз ҳам индамасдан кўчага чиқдик.

Бир қанча маҳалла орқада қолди,

ҳали ҳам юрагим ғаш тўла, сиқиқ...

*

"Хатни ўқимапсиз...

Майли, ўқирсиз.

Сўнгра икки оғиз жавоб ёзарсиз..."

Яна индамади.

Бурчакка етгач

хайрлашмак учун қўлини чўзди.

Қўлимни узатдим... Айрилиб кетгач,

икки қадам босиб, яна бурулди,

бу сафар ўзича жилмайиб кулди

ва деди

"Эртага яна борарсиз?"

*

Бораман, бораман...

У - бир вазифа.

Уни эл қатори ўрунлатаман.

Шундан сўнг, билмадим, қачон кўраман,

ва ҳам қачонгача жавоб кутаман?..

***

1934, декабр

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio