Зарварақлар: Чўлпон - "Кўзлар тўғрисида"

Image caption Чўлпоннинг НКВД қамоғида олинган сурати

Зарварақлар рукнимизда буюк ўзбек шоири ва адиби Абдулҳамид Сулаймон ўғли - Чўлпоннинг ҳали ўзбек матбуотида эълон қилинмаган шеърларидан баъзиларини чоп этмоқдамиз.

Бугунги шеър - "Кўзлар тўғрисида" деб аталиб, 1935 йилнинг феврал ойида чоп этилган.

Кўзлар тўғрисида

*

Мен дедим: "Яхши қиз, кўзда кўп гап йўқ!"

Фақат кўнглим ўлгур қабул этмади...

"Кўзнинг қудратини танма, - деди ул: -

унинг мақтовига сўзлар етмади!"

*

Кўнгулнинг бу сўзи тўғри, албатта,

шеърда кўзларнинг мақтови баланд.

Ўша мақташларни битталаб териб,

бир жойда ўқисак бир кун сен билан!

*

Бурунлар мен ўзим қора кўзларни

ўз қора бахтимга ўхшатар эдим.

Энди кўнгул билан бир бўлиб туриб,

"Қўй, шоир, беҳуда гапларни! - дедим: -

*

Чўллар чаманларга айланган жойда

нега шоир қалби қора бўлармиш?!

Йўқ, шоир, ўлкада қора кўзлар кўп,

бошқача ташбеҳлар топишга тириш!"

*

Шу чоқда ҳар қандай қоп-қора кўз ҳам

ёзги кечалардек енгил ва юмшоқ.

Кулушдан ҳеч қачон тўймайди у кўз.

Ёшларнинг кўнглидек бардошсиз... ўйноқ.

*

Шу чоқда кўз ўзи кўнгилга тилмоч;

ёнади кўнгулнинг дардлари билан.

Шу учун, яхши қиз, қора кўзларинг

мақтови шеъримда яна ҳам баланд!

***

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio