Зарварақлар: Чўлпон - Таржималар

Image caption Чўлпоннинг НКВД қамоғида олинган сурати

Зарварақлар рукнимизда Чўлпоннинг ҳали ўзбек матбуотида эълон қилинмаган шеърларидан баъзиларини чоп этмоқдамиз. Бугунги шеърлар Чўлпоннинг Хитой шеъриятидан таржималари. Буларда ўша вақт Москвада яшаган Чўлпон ўз юртига соғинчини ифода этгандек.

Тоғда тунадим

(Вей Ин шеъри)

Шу юксак тоғларнинг бошига

учағон булут ҳам етолмас,

ҳар томон туманли...

Қуюқ нилгунлик,

кўзларни хиралик ва парда босмоқда

тонг чоғи...

Бир дамда мингларча дарахтда

- дам очиб, дам ёпиб -

нурларда ўйнар ой.

Саноқсиз тоғларнинг кетида

кузларнинг мусаффо сувлари

тубанга чопмоқда...

1930

Олисларга қарайман

(Лу Цзин Ван шеъри)

Бузулган ерлардан айрилиб

яшайман шу йироқ "Сан-ба"да.

Бир куни шийпондан қайрилиб

қарадим: баҳор кўп озода...

Толғали сойларнинг бўйида

бир таниш кишини кўрмасам,

у олис, элимнинг ўйида

мумкинми ёнмасам, куймасам?

Ўрдак овози

(Вей Ун У шеъри)

Севгили юртимни қолдириб келдим,

"йироқда, "йироқда" аллақайларда

баъзида ўйлайман, ёниб юрагим,

"Оҳ, қачон бўламан ўскан жойларда?"

"Ху-ан-нан" оқшоми...

Куз фасли...

Ёғмур...

Мунгайиб тураман болохонада,

тинглайман: учмакда тепамда, томда -

юртимдан келучи ўрдаклар ғур-ғур!

1930

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio