Зарварақлар: Чўлпон - Тўрт хат

Image caption Чўлпоннинг НКВД қамоғида олинган сурати

Зарварақлар рукнимизда Чўлпоннинг ҳали замонавий ўзбек матбуотида эълон қилинмаган шеърларидан баъзиларини чоп этмоқдамиз. Бугунги шеърлар "Тўрт хат" деб аталади ва 1934-1935 йиллар орасида ёзилган. Чўлпон ўзига хос мажозий услубида чет эллар ҳақида гапирар экан, айни пайт бу шеърлардан яққол ўша пайт Шўролар Иттифоқидаги ҳаёт намоён бўлади. Бироқ бу шеърларнинг буюклиги шундаки, улар бугунги ҳаётга ҳам ишора қилаётгандек...

Тўрт хат

Берлин, 10 январ

Биринчи хат

Кеча буюк йўлбошчимиз радиода гап қилди,

Бўйним яна қаршисида ҳурмат билан эгилди.

Радиони ўпдим дарҳол; нашъа бутун баданда!

Мен немисман, қоним тоза, буюк Гитлерга банда...

Мансаб яхши, чўнтак тўла, сернашъаман, серханда!..

Эй, худойим, бир кун келиб, қила кўрма шарманда!..

Шульц

Иккинчи хат

Кеча "Гитлер" радиода яна узун сўз қилди.

Бармоқларим муштумлаб - ҳовучимга сиқилди...

Радиони тепким келди, бир қалтироқ баданда...

Мен - немисман, бир ишчиман, очман, ишсиз ва ранда...

Оилам оч, чўнтак қуруқ, на бир нашъа, на ханда...

"Социалист" деб ном қўйганлар... ер юзига шарманда!

Макс

Токио, 1 январ

Биринчи хат

Манчжурияда бир ўғлим бор, аскарларнинг тўраси,

Ботир бола, асл япон, Самурай невараси.

Кечагина бир хат ёзиб, ҳолу-аҳвол сўрайди,

Умид билан ўстирганман, қариб қолдим, қарайди...

Тез-тез менга пул юбориб, "роҳат яшанг, сиз!" - дейди.

"Манчжурияни яшнатдик биз, жаннат қилдик биз!" - дейди.

Аракининг сўзларига қойилман мен чинакам,

Манчжур тахти - япон тожи на кўркам!

Токарамо

Иккинчи хат

Манчжурияда бир ўғлим бор, эл қатори бир аскар,

Яхши бола ўзи, лекин кам келади хат-хабар,

Яқинда бир хат ёзипти, ташвиш тўла хатида.

Ундай десам, бошқа нарса борми одам зотида?

Бир кун унда, бир кун мунда, ором олмай юрармиш,

Сал бўшаса, тўралари тутиб олиб урармиш.

Қорин унча тўймас эмиш, менинг қорним тўқмиди,

Мунда қолган фуқародан оч бўлганлар йўқмиди?

Фақат болам кунлар бўйи емас эмиш ҳеч нарса,

Шуни ўйлаб юрагимда қўзғалади васваса...

Бу элларда одамларнинг қадри борми чумчуқча?

Бош устига "солиқ бор!" - деб дағдағаси ортиқча!

Оғирлиғи олтинга тенг японлар ҳам йўқ эмас,

Улар Манчжур юртида ҳам, балки, бизга энтикмас.

Эсим йўқми? Тентакманми? Ё аслида миям тор?

Билмайман: ўзга юртда японларга нима бор?!

Ши-Хати

(1935)

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio