BBC Uzbek

Bosh sahifa > O'zbekiston

Ўзбекистон: янги йилдан такси ҳайдовчиларига талаб кучайтирилмоқда

2011 декабр 29 12:29

Ўзбекистонда 2012 йил, 1 январдан бошлаб лицензиясиз такси ҳайдовчилари жаримага тортилади ва машиналари мусодара қилинади.

Ҳукуматнинг "Йўналишдаги таксилар фаолиятини тартибга солиш ҳақида"ги янги қарори ижроси мамлакатдаги йўловчи ташиш билан машғул юз минглаб одамларга таъсир қилиши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда киракашлик аҳоли ишсиз қатламларининг асосий даромад манбаъларидан бирига айланган.

Ҳозирда пойтахт Тошкент ва вилоятларда таксиларни махсус рангга бўяш ва жиҳозлаш ишлари кетаётгани айтилади.

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил майида қабул қилган қарори ижросини бажармаган шахсларга энг кам иш ҳақининг 20дан 100 баробаригача жарима солиниши кўзда тутилган.

Қонунбузарлик иккинчи марта содир этилган пайт ҳайдовчи машинадан маҳрум этилади.

Қулайлик ва ноқулайликлар

Расмийлар янги тартибнинг қулайликлари, жумладан, таксиларда терминаллар ўрнатилиши ва йўловчилар ҳақни пластик карточкалар воситасида тўлаш имконига эга бўлишларини таъкидлашмоқда.

Шунингдек, ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ вазият яхшиланиши ва такси фаолияти билан боғлиқ жиноятларнинг камайишига умид қилинмоқда.

Аммо Тошкент-Қарши йўналишида қатновчи хусусий такси ҳайдовчиларидан бири Би-би-сига бу тадбирларнинг барчаси ўзига жуда қимматга тушишини айтди.

Унинг айтишича, янги йилдан бошлаб киракашликдан воз кечишдан бошқа чораси қолмайди.

"Машинани сариққа бўяйсан, деяпти. Красканинг ўзига бир ярим миллион кетади. Лицензияси бор, кунлик тўлови бор. Ҳеч нарса қолмайди",- дейди қашқадарёлик ҳайдовчи.

Ишсизлар армияси

Тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, янги тартиб маълум маънода ижтимоий воқеа бўлади ва жуда кўп одамларни ишсиз қолдиради.

"Кейинги йилларда улкан ишсизлар армияси юзага келди. Солиққа тортилаётган, давлат ғазнасига улуш қўшаётган фаолият турларининг ўзи ниҳоятда кам. Такси ҳайдовчиларининг кўпчилиги ишсиз одамлар. Лицензияланган таксиларнинг ўзига яраша қонун-қоидалари, стандартлари мавжуд. Кўпчиликнинг уларга амал қилиш учун қурби етмайди. Шунинг учун 1 январдан бошлаб ҳозир таксичилик қилаётган одамларнинг 30-40 фоизи ишсиз қолишини кутишимиз мумкин", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Унинг айтишича, янги тартибдан мақсад давлатнинг бўшаб қолган ғазнасини тўлдириш.

"Ҳамма давлатларда ҳам ҳукумат солиқларни ундиришга ҳаракат қилади. Бу яхши нарса. Аммо бу одамларнинг кулфати ва ночорлиги эвазига қилинмаслиги лозим", - дейди журналист.

Баҳам кўринг

Email Facebook Google+ Twitter