BBC Uzbek

Bosh sahifa > O'zbekiston

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар ошиб бормоқда

Facebook Twitter Google+
2012 сентябр 17 11:41

Россия Марказий Банкининг маълумотларига қаралса, жорий йилнинг иккинчи чорагида меҳнат муҳожирлари юбораётган пул миқдори бўйича Ўзбекистон қолган МДҲ давлатларини ортда қолдириб кетибди.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлари ўз уйларига жўнатаётган маблағ миқдори жаъми 1.237 АҚШ миллиард долларига етибди.

Ўтган йилнинг худди шу чораги билан таққослаганда, бу - 170 миллион АҚШ долларига кўпдир.

Кейинги ўринларни Тожикистон (916 млн. АҚШ доллари) ва Украина (711 млн. АҚШ доллари) эгаллабди.

Сабаблари

Россияда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирларининг ўзларига кўра, сўнгги рақамлар яхшироқ даромад қила бошлаганликларини англатмайди.

Уларга кўра, бунга Россияга иш излаб келаётган Ўзбекистон фуқаролари сонининг кун сайин ортиб бораётгани сабаб бўлмоқда.

"Яқинда танишларимиз Россияга ишлаш учун келишганди. Улар ҳар кун Ўзбекистондан одам келаяпти, аэропортга борсангиз, фақат ўзбеклар. Ундан кейин автобус ва таксиларда келаётганлар бор, дейишди. Қозоғистонлик чегарачи эса, бошқа танишимга, "Ўзбекистонда ўзи одам қолдими, бир кунда 500 та паспортга муҳр босаман дебди", дейди биз суҳбатлашган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири:

Суҳбатдошимиз ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳозир Россиядаги барча соҳаларга кириб борганликларини айтади.

"Ўзбекларнинг кириб бормаган жойлари фақатгина Россия Думаси ва ҳокимият идоралари бўлиб қолмоқда", дейди у вужудга келган вазиятни тасвирларкан.

Суҳбатдошимизга кўра, ўзбеклар бугунги кунда аввал армани, озарий ва тожиклар банд бўлган иш ўринларини ҳам эгаллаб боришмоқда.

Рақамларга қаралса

Россияда бир неча йилдан бери меҳнат муҳожирлигида банд суҳбатдошимизнинг тахминий ҳисоб-китобларига қаралса, ойига ўртача даромад қилувчи ўзбекистонлик йилига 4-5 минг АҚШ доллари миқдорида пул топиши мумкин.

"Шундан 85-90 фоизини уйига юборади. Ҳаттоки, бу ердаги русларнинг ўзлари ҳам, "Сизларга ҳавасимиз келади. Чунки емайсизлар, ичмайсизлар, топган пулингизни уйингизга юборасизлар. Майда-чуйда нарсаларга кам пул сарфлайсизлар", деб айтишади", дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, кўпчилик уйга пул юбораман деб, соғлиғини унутади, вақтида даволанмайди. Турли хил хасталиклар орттириб олади.

"Шарт-шароити ёмон, дейлик, иссиқ сув, совуқ сувнинг тайини бўлмаган вагонеткаларда яшаётганлар ҳам бор. Ейиш-ичишидан қисаётганлар ҳам бор".

У ўзбекистонлик аксарият уй олиш учун, машина харид қилиш учун, рўзғорини ўтказиш ёки болаларини ўқитиш учун келишади, дейди.

Суҳбатдошимиз бунинг сабабини Ўзбекистонда саноатнинг деярли ривожланмагани, коррупция ҳоллари, коммунал тўловлари, солиқлар миқдорининг юқорилигида кўради.

"Уйида оддий бир тирикчилигини ўтказиш учун "бизнес" қилиб кўриб, таниш-билиши йўқлиги боис, савдо-сотиғини ташлаб келган дўкончиларнинг ҳам кўпини кўрдим", дейди у.

Унга кўра, Ўзбекистонда деҳқончилик қилиш ўзини оқламаслиги, ишлаб чиқаришнинг деярли йўқлиги, нафақат, билагида кучи бор, балки қўлида дипломи бўлган илми бор одамларни ҳам Россияга етакламоқда.

Суҳбатдошимиз ўзбекистонлик бир зиёли инсон сифатида сўнгги вазиятда ниҳоятда ташвишда эканини урғулайди.

Ҳимоя белбоғи

Ҳозир Россияда жаъми 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири бўлса, мамлакат матбуоти ҳар иккинчи қонуний муҳожир - ўзбек, деб айтади.

Ўзбекистонлик эксперт Суҳроб Исмоилов меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга юбораётган пуллар миқдорининг ортиши, яқин келажак назарда тутилганда, ижобий таъсирга эга бўлишини таъкидлайди.

"Муҳожирлик ва унинг ортидан келаётган даромад - айнан шунча катта сондаги меҳнат муҳожирлари, Ўзбекистоннинг ижтимоий оғир қатламларидан чиқаётган фуқароларни ижтимоий хавфсизлик камари сифатида қутқариб турибди десак бўлади ҳозирги кунда", дейди у:

Эксперт айнан меҳнат муҳожирлиги ортидан келаётган даромад бошқа давлатлар мисолида мамлакатларнинг иқтисодиётларини жадаллаштириш, улардан келаётган оз миқдорда бўлсин, сармоялар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга хизмат қилаётган бўлса, Ўзбекистон мисолида бундай деб бўлмаслигини таъкидлайди.

"Қарийб 20 йилдан бери меҳнат муҳожирлиги мавжуд бўлса ва йилдан йилга ўсиб кетаётган бўлса ҳам, узоқ муддатга мўлжалланган ижобий таъсирини, афсуски, ҳозирча кузатмаяпмиз".

Ўзбекистонлик эксперт бунинг энг асосий сабабини Ўзбекистонда иқтисодиёт эркин эмаслиги, порахўрлик ҳолларининг кўплиги, давлат ва суд тизимларининг бизнес ҳимоясига кафолат бермаслиги ва банклар тизимининг яхши ишламаслиги каби қатор омилларда кўради.

Унга кўра, буларнинг барчаси ҳозирги кунда меҳнат муҳожирларининг топаётган даромадларини бир марталик ва кўпинча ўзларининг рўзғор ташвишларидан ортмайдиган нарсаларга сарфлашларига сабаб бўлаяпти.

Маҳаллий кузатувчилар эса, юбораётган пуллари мамлакат ичкарисида ижтимоий тангликни юмшатиш ва ишсизлик муаммосини вақтинчалик бўлсин ҳал этишга хизмат қилаётганига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати чет элларда меҳнат қилаётган фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя этишга етарлича эътибор қаратмаётганини таъкидлашади.

Уларга кўра, Ўзбекистондаги давлат идоралари бу каби вазифаларни бажаришга умуман тайёр эмас.

"Афсуски, ҳозирги кунда ҳам, ҳукумат, биринчи навбатда, меҳнат муҳожирлигининг кенг миқёсдаги масала эканини тан олишдан қочаяпти. Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон учун аслида фойдали фуқаролар эканлиги тан олмаяпти. Уларга, худди, "иккинчи нав" одамлар сифатида қаралади", дейди, жумладан, ўзбекистонлик эксперт Суҳроб Исмоилов.

Россия Марказий Банкининг маълумотларига қаралса, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўтган йили ортга қарийб 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул юборишган ва қолган МДҲ давлатлари орасида пул жўнатмалари бўйича биринчи ўринни эгаллашган.

Баҳам кўринг

Email Facebook Google+ Twitter