Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Австралиядан Андижонга қайтган Дилором Абдуқодирова қийноқларга тутилган

Шу йил январида Австралиядан Андижонга қайтиб борган қочқин аёл Дилором Абдуқодирова, яқинларига кўра, қийноқларга тутилган.

Дилором Абдуқодирова Андижонга қайтганидан сўнг икки ойча сўроққа чақириб туришган ва март ойида уни Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаётганини билдириб, ҳибсга олишган.

21 апрел куни Дилором Абдуқодирова устидан маҳкама бошланган, бу ҳақда Андижондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари Абдуқодирова яқинларини бохабар этмаганлар.

Дилором Абдуқодирова устидан кечаётган маҳкаманинг иккинчи мажлисига киришга мувафақ бўлган синглисига кўра, унинг юзлари кўкариб, шишиб кетган ва аҳволи жуда ёмон.

Оила аъзоларининг айтишича, у ўтган ҳафта маҳкама иши очилганида, айбларни бўйнига олмагани учун бугунга қадар қийноқларга тутилган ва дўппосланган.

2005 йил 13 майдаги Андижоннинг қонли воқеалари ортидан юзлаб қочқинлар каби Дилором Абдуқодирова ҳам Қирғизистонга ўтган, сўнг у Австралияда бошпана топганди.

Би-би-си Дилором Абдуқодирова билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган укаси Муҳаммаджон Мўминовдан маҳкама жараёни қандай ўтаётгани ҳақида сўради.