Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Фазогир Солижон Шарипов Мирриҳга парвоз мушкулликларини тушунтиради

Таниқли фазогир Солижон Шарипов Мирриҳ сайёрасига парвоз эксперименти аҳамиятини тушунтиради

Москвада Мирриҳ сайёрасига учишни эслатувчи 520 кунлик тадқиқот эксперименти бошланган.

Фазо кемасини эслатувчи махсус ёпиқ капсулада олти фазогир Марс сайёраси парвозини машқ қилишади.

Кўнгиллилар Россия, Хитой, Франция ва Италия фуқароларидан иборат.

Ушбу синов Оврўпо фазо агентлиги ва Россия биотиббиёт муаммолари институти ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

Экспериментдан мақсад узоқ фазо парвозида инсоннинг яккалик ва ёпиқ маконга қандай тоқат қилишини ўрганиш эканлиги айтилади.

Синов якунида фазогирларга 100 минг АҚШ доллари тақдим этилади.

Image caption Экспериментга фақат кўнгиллилар танланган

Олтовлон қарийб 1,5 йилни махсус ёпиқ капсулада ўтказади.

Улар учун фазо капсуласида кичик ётоқхона, ошхона, лаборатория ва спорт зали жойлаштирилган.

Фазогирлар Мирриҳ сайёраси парвозини имкон қадар эслатувчи реал шароитда яшашади.

Эксперимент қатнашчилари учун интернетдан фойдаланиш, телевизор кўриш, радио эшитиш тақиқланган.

Ташқи дунё билан алоқа фақат "Фазолар бошқаруви маркази" билан ўрнатилган, холос.

Олимлар эксперимент давомида фазогирларнинг бу тажрибага нақадар чидаш беришларини ўрганишади.

Лойиҳа раҳбари Борис Моруковнинг айтишича, қоида бўйича ҳар бир кўнгилли истаган пайтида синовдан чиқиши мукин.

"Ҳар бир экипаж аъзоси синовни тўхтатиши ва фазо модулини тарк этиш ҳуқуқига эга. Бундай воқеа биз учун фавқулода ҳолат, албатта. Лекин биз олдин ўтказган синовда, бундай салбий ҳолат юз берган эди", деб айтди Борис Моруков.