Минглаб ўзбек қочқинлари уйларига қайтишган

Ўзбек қочқинлари
Image caption Ортга қайтаётганлар ҳам Ўзбекистондаги қочқинлар, ҳам Қирғизистон ичкарисида уйини ташлаб чиққанлардир

Қирғизистон Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Исмоил Исаков сўзларига кўра, 23 июн куни Ўзбек-Қирғиз чегарасини кесиб ўтиб 52 мингдан зиёд қочқин уйларига қайтганлар.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги қочқинларнинг қайтаётганини олқишлаган, ортга қайтган инсонларнинг аниқ сонини билишмаса-да, 30 мингдан ортган дея тахмин билдирган.

Айни пайтда Қочқинлар комиссарлиги инсонларнинг уйига қайтиши ихтиёрий бўлиши лозимлиги ва хавфсизликлари таъминланиши лозимлигини урғулаган.

Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги қочқинларнинг ватанларига қайтиш жараёнини кузатаётган халқаро Қизил Хоч ташкилотига кўра, охирги кунлардаги нисбий осойишталикка қарамай, Қирғизистон жанубидаги қочқинларга боғлиқ вазият ҳануз танглигича қолмоқда. Би-би-си Қизил Хоч ташкилотининг Ўшдаги идораси раҳбари Пьер Эммануэл Дюкруэ билан боғланиб, аввалига ундан ўн минглаб қочқинларнинг уйларига қайтгани ҳақида қирғиз расмийларининг баёнотларини тасдиқлай оласизми, деб сўради.

Пьер Эммануэл Дюкруэ: Биз минглаб қочқинларнинг Ўзбекистондан Қирғизистонга қайтаётганларини тасдиқлашимиз мумкин. Аммо аниқ рақам ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ҳозирда бизнинг ходимларимиз ўзбек-қирғиз чегарасида қочқинларнинг қайтиш жараёнини кузатиб туришибди. Биз лозим бўлгани тақдирда бу қочқинларга ёрдам беришга шай турибмиз.

Би-би-си: Қирғизистонга қайтаётган қочқинлар қаерда яшашади? Кўпчиликнинг уйлари ёқиб юборилган, турмушлари вайрон бўлган бўлса?

Пьер Эммануэл Дюкруэ: Биз ҳозирча бу қочқинларнинг қаерда яшашларини билмаймиз. Шубҳасиз, улардан баъзилари уйларига қайтиб киришга ҳаракат қилишади. Бошқалар уйларидан унча узоқ бўлмаган яқинлари, қариндошларининг уйларида бошпана топишлари мумкин. Бир қисм қочқинлар, эҳтимол Ўзбекистон чегарасида туришни афзал кўришар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз бу қочқинларнинг шароитларини яқиндан кузатиб турамиз.

Би-би-си: Қирғиз расмийлари 46 мингдан ортиқ қочқинларнинг уйларига қайтганини айтишмоқда. Аммо улар Ўзбекистондан қайтаётган қочқинларми ёки Ўзбек чегарасидан ўтолмасдан ортларига қайтишга мажбур бўлганларми, аниқ эмас. Сиз бунга аниқлик кирита оласизми?

Пьер Эммануэл Дюкруэ: Менимча, ҳар иккаласи. Аммо биз минглаб қочқинлар деганда Ўзбекистондан қайтаётганларни назарда тутаяпмиз. Ўзбек чегарасидан ўтолмаганлар эса, қочқинлар эмас, балки уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган одамлар. Яъни, улар Қирғизистоннинг ўзида турган фуқаролар. Охирги бир неча кунда уларнинг ҳам уйларига қайтаётгани кузатилади. Менимча, бугунги рақамлар ҳам Ўзбекистонга қочиб ўтган қочқинлар ва ҳам Қирғизистоннинг ўзида бўлиб, чегарада жон сақлаб, эндиликда уйларига қайтишга қарор қилган фуқароларни ўз ичига олади.

Би-би-си: Айрим манбалар Ўзбекистон томони гўёки қочқинларни уйларига қайтишга мажбурлаётгани ҳақида ҳам айтишмоқда. Сиз бу хабарларни тасдиқлай оласизми?

Пьер Эммануэл Дюкруэ: Биз суҳбатда бўлган қочқинлар Қирғизистонга ўз ихтиёрлари билан қайтишаётганини айтишди. Яъни улар қайтишни истаган ва қайтишга қарор қилган қочқинлар. Албатта, биз Ўзбекистондан қайтиб келган қочқинларнинг ҳаммаси билан суҳбатлашиш имконига эга эмасмиз. Аммо биз суҳбатлашган одамлар ихтиёрий равишда қайтаётганликларини айтишмоқда.

Би-би-си: Сизнингча, қочқинлар учун шу кеча-кундузда уйларига қайтиш қанчалик хавфсиз. Ўшдаги хавфсизлик вазияти ҳақида нима дея оласиз?

Пьер Эммануэл Дюкруэ: Вазият ҳали ҳам танг. Охирги бир неча кунда биз баъзи дўконларнинг очилаётгани, одамларнинг кўчаларда юришганини кўраяпмиз. Аммо ҳали ҳам жамоалар ўртасидаги муносабат кескин, ҳар хил амалиётлар олиб борилмоқда. Биз ҳануз хавфсизлик вазиятидан хавотирдамиз ва келаётган кунларда вазият яхши томонга ўзгаради, деб умид қилаяпмиз.