Янгиликнинг қиёфаси инсоний бўлишини истаган Сева Новгородцев билан суҳбат

Сева Новгородцев студияда
Image caption Сева Новгородцев 70 ёшга тўлди

Сева Новгородцев номини бутун СССР билган.

Уни "коммунизм қуриш йўлида тарбияланаётган Совет ёшларининг онгини заҳарлаётган асосий қўпорувчилар"дан деб кўришган.

Чунки Шўро мафкурачилари Рок-мусиқани империализм унсури деб билишар, Сева Новгородцев эса ўзининг Би-би-сидаги ҳар эшиттиришида бу мусиқани тарғиб қиларди.

Анъанавий радиодастурларни олиб бориш усули ёқмаганидан Сева Новгородцев Би-би-си Рус хизматида "Рок-посевы" дастурини бошлайди.

"Рок-посевы"нинг бошловчиси ҳар доим дастурни эркин, тингловчи кутмаган гап билан бошлар, ана шу ярим соат аксар СССРдаги мусиқа ихлосмандларига жаҳон мусиқа оламидаги янгиликларни етказадиган ягона манба бўлиб хизмат қилар эди.

Сева Новгородцев овози собиқ Шўро республикаларидаги миллионлаб инсонлар бир эшитишданоқ танийдиган Би-би-си Рус хизматининг афсонавий бошловчисига айланди.

Сева " қани шундай бир эшиттириш қилсак, бошловчи билан студияга чақирилган инсонлар худди кўп қаватли уйдаги квартиранинг ошхонасида ўтириб гаплашаётган одамлардек гаплашиб ўтиришса" деган ғоя устида бир неча йил бош қотирганини айтади.

Ниҳоят, 1987 йил 7 ноябрида илк бор "Севаоборот" дастури эфирга чиқади.

"Севаоборот" Би-би-си Рус хизматининг энг яхши дастурларидан бири деб кўрилади.

Бугунги кунда эса Рус хизматининг асосий радиодастурларидан бири "БибиСева" деб номланади, дастурнинг тўлиқ номи "БибиСева - инсоний қиёфадаги янгиликлар".

9 июл куни Сева Новгородцев 70 ёшга тўлди, шу муносабат билан бугун уни Лондондаги Би-би-си радиоси қароргоҳи Буш Хаузда кўришса, эртаси куни унинг ишқибозлари Санкт-Петербургда ташкил этган юбилей тадбиридан овози эшитилиб қолади.

Аммо Би-би-си студияларидан юқори қаватга илдам кўтарилаётганини кўриб, "Сева Новогородцев 70 га кирипти" деган гапга ишонмайсиз.

Янгиликнинг ҳам инсоний қиёфаси бўлишини истаган Сева Новгородцев билан суҳбат

Савол: Сева Новгородцевни машҳур қилган эшиттириш "Рок-посевы". Сиз ўзингизнинг хотираларингизда номи уятли "Лондондан поп-музика дастури" деган эшиттиришни бошлаганингиз ҳақида ёзгансиз. "Рок-посевы" ғояси қандай пайдо бўлган, бу дастурлар устида қандай ишлагансиз?

Сева Новгородцев: Биз ўтмиш ҳақида бугунги кунда нималар содир бўлаётганидан келиб чиқиб гапирамиз. Бугун аввалгига қараганда буткул бошқа мезонлар ҳукмрон. Биз бугун радио учун дастур тайёрлаётганда бу дастур шаклини ўзимиз белгилашимиз, ўзимиз хоҳлаган нарсани олишимиз, биз ўзимиз зарур деб ҳисоблаган мавзу бўйича ёзшимиз мумкин ва ҳоказо. 1977 йилда Би-би-си "Империя радиоси"дан бугунги кундаги шаклига ўтаётган пайтлар эди. Ўшанда биз фақат инглиз манбаларига мурожаат қилардик, инглиз мухбирларининг материалларидан фойдаланардик. Ва бизнинг вазифамиз нуқул таржимадан иборат бўларди. Шунинг учун ҳам поп-мусиқа ҳақидаги дастур Би-би-си мухбирларининг айтадиган гапи йўқ ҳисобланадиган туйнук ҳисобланарди ва дастур тайёрловчисининг ҳамма матнларни ўзи ёзиб чиқиши талаб қилинарди. Поп-мусиқа ҳақидаги радиодастурни дарров менинг ихтиёримга беришгани йўқ. Маълум муддат бу дастурни биз - мендан илгари тайёрлаб юрган Сэм Жонс деган Би-би-си ходими билан бирга олиб бориб юрдик. Дастурни баъзан Сэм Жонс, баъзан мен тайёрлардик. Шундай бўлиб қолдики, Сэм Жонс Америкага, ўзининг қариндошларининг ёнига кетадиган бўлди. Буни у ўзининг илк "миллион долларини ишлаб топиш учун" деб тушунтирганди. Хуллас, дастур менга қолди. Мусиқий дастур бир ҳафтада бир марта эфирга узатилар, ўзи ярим соатлик дастурнинг 20 дақиқадан кўпроғи мусиқага ва яна озроғи янгиликларга бағишланар эди. Бу вақт мобайнида на тузук музика қўя оласан, на бирор бир мавзуда тўлиқ гаплашишга улгурасан. У пайтда рус тилида мусиқий бошловчи деган тушунча йўқ эди. СССР Марказий радиоси ёки "Маяк"да овози жуда чиройли, актёрлик қобилияти бор сухандонлар ишлашар, улар аввалдан ёзиб тайёрланган, "юқоридан" "эфирга узатилсин"деган имзо қўйиб тасдиқланган матнларни ўқишар ва орада қўшиқ ёки мусиқа қўйилар эди. Қўшиқ ё мусиқанинг суръатига мос тушадиган, унинг табиатига тўғри келадиган оҳангда, динамик шаклда эшиттириш олиб бориш тажрибаси СССРда йўқ эди. Бу ерда эса - Ғарбда, менинг ёнимда бундай эшиттиришлар анчагина эди. Мен уларни тинглаб, ўзимча эксперимент қилишни бошладим. Даставвал дастур бошловчисининг сўзлари кўп бўлмас эди - фақат эшиттиришда янграйдиган қўшиқлар оралиғида қисқа нимадир айтиш керак бўлар эди. Менинг ҳамма сўзларим қоғозга ёзиб олинган, улар қанча вақт давом этиши секундомер билан ўлчанган бўларди. Бошида ана шундай бошланган. Рус тилида бунақа дастур бўлмагани сабабли менинг эшиттиришларимга қизиқиш кучайди, тингловчилар билан ўзаро мулоқот юзага келди, тингловчилардан хатлар кела бошлади. Ҳам мен ўзимнинг матнларим - мусиқа ҳақидаги изоҳ ва ҳикояларимни ўзимнинг олдинги СССРда яшаган пайтимдаги тажрибам, ўз кўзим билан кўрганларимдан келиб чиқиб ёзишга ҳаракат қилардим. Менда мамлакатдаги аудитория қандай эканлиги ҳақидаги тушунча бор эди. Чунки мен СССРдан чиқиб кетишимдан олдинги 12-15 йил давомида бутун мамлакат бўйлаб гастролларда кезган, тингловчиларни саҳнадан кўрган эдим. Мамлакатнинг турли республикалари, турли шаҳарларида концертлар билан чиқишга тўғри келган эди. Мен ўзимга "аудитория мендан нимани кутаяпти", деган саволни берардим ва энг муҳими, тингловчилар билан қандай оҳангда гаплашиш кераклигини билиш лозим эди. Мен чекка қишлоқдаги ҳаёт нақадар зерикарли эканлигини жуда яхши тасаввур қилар эдим. Шундан келиб чиқиб мен ўзимнинг матнларимнинг қувноқ, кулгили бўлишига ҳаракат қилардим ва бунинг устида қаттиқ ишлашимга тўғри келарди. Рок-дастурлар эфирга узатилган мана шу 26 йил мобайнида ҳар ҳафта ҳар бир дастурни мен кичик бир титроқ билан қарши олар эдим. Чунки нимадир янги нарсани тўқиб чиқариш лозим бўлар, бу эса ҳар ҳафта осон эмас эди. Лекин бу нарса менинг ўзимнинг юқори кўтарилишимга, ўзим ўзимни тарбиялашимга ҳам туртки бўлди. Менинг услубим ҳар ҳафталик қаттиқ меҳнат туфайли шаклланди.

Савол: Бугун Сева Новгородцев "Афсонавий Сева"га айланган. Сизнингча, Севанинг машҳурлиги сабаби нимада?

Сева Новгородцев: Мен яқинда телевидениеда физикага оид шундай бир тажрибани томоша қилдим. Ўзининг овози билан стаканни ёриб юборишга қодир қўшиқчилар бўлар экан. Бир узун бокал, рюмкани олишди-да, уни динамикнинг рўпарасига қўйишди. Бокални чертиб кўриб, ундан чиқаётган нота қайси нота эканлигини аниқлашди. Динамикда ҳам бокални чертганда чиқаётган товуш нотасига резонанс қилиб, худди шу нота овозини қўйишди. Динамикдаги овозни кўтариб-кўтариб, бокални парчалаб ташлашди. Физика фанида буни резонанс кўриниши деб аташади, агар кўприкнинг резонансига мос тушилса, кўприкни бузиш мумкин экан. Энди биз ўзимизнинг ўша йиллардаги радиоэшиттиришларимиз билан СССРдаги тингловчиларнинг биздан кутаётган нарсаси, илҳақлиги резонансига мос тушганмиз. Бу тингловчилар асосан Совет ёшлари эдилар - ҳамма томондан сўкиш эшитадиган, койиш ва уришиш доим бошида турган ёш инсонлар эди. Ўқитувчилар дарсга яхши қатнамаётгани учун, баҳолари яхши эмаслиги учун, уйда ҳам ота-она яна нимадир учун фақат уришишади. Ва бирдан бир дўстнинг овози пайдо бўлади. Бу овоз "болалар, сиз ўзлигингизни йўқотманг. Ўз-ўзини яхшилаш, мукаммаллаштириш керак бўладиган бўлса, сизларнинг қулоғингизга ўқитувчингиз, ота-онангиз ҳар куни қуяётган усуллар билан эмас, ўзингизнинг - ҳеч кимникига ўхшамайдиган йўлларингиз билан қилинг", дейдиган овоз эди. Биз ўзимиз билмаган ҳолда ўша даврдаги ёшларнинг ўзига хос маданиятини, ўзига хос фикрлаш услубини, мулоқот услубини шакллантирганмиз. Улар ўзаро гаплашган пайтларида такролайдиган ҳар хил аскияю-ҳазиллар юзага келган. Хуллас, бу резонанс кўринишини ташкил этгани учун бу эшиттиришлардан кутилганига қараганда ҳам кучлироқ тассурот ва натижа келтириб чиқарди. Машҳур бўлиш мақсадидаги амалларни режалаштириб бўлмасди, менинг ҳамма нарсада ўзимнинг интуициямга, тажрибамга таянишимга тўғри келган. Ва шуни ҳам қистириб ўтиш керакки, мен ўзимнинг тингловчиларимнинг отаси тенги эдим. Мен ўзимнинг ёшлар мусиқасидаги йўлимни 37 ёшимда бошлаганман. Бу ёшда айрим санъаткорлар, мисол учун балетдагилар нафақага чиқишади. Шу тариқа ёшим 60 дан ошганигача давом этди. Тўғри, мен тингловчиларим билан уларнинг ёши катта дўсти сифатида гаплашардим, аммо уларнинг ўзларининг тилида, ёшларнинг тилида гаплашардим.

Савол: Айни пайтда бу дастурларнинг тили, услуби ҳам кўпчиликни ўзига тортарди, шундай эмасми? Сизнинг ихлосмандларингиздан бири Севанинг тили маданиятли, босиқ одамнинг тили эди, унинг ҳазил-мутойибалари ҳам айни кўнгилдаги гап бўларди, бирор нарсага таъриф берганда ҳам топиб гапирарди, дея хотирлайди...

Image caption Сева Новгородцев ҳар бир янгилик ортидаги реал одамни қидиради

Сева Новгородцев: Мен дастурларимда гапирадиган гапларим матнига ёзувчи насрга ёндашгандек ёндашардим. Бошқача айтганда, бу матнда ҳамма нарса хамирни "эзиб қоргандек" эзиб қорилган бўларди. Мана шу 20 дақиқалик эшиттириш учун ўзимнинг матнимни икки иш куни, баъзан бундан ҳам кўпроқ вақт ёзардим. Аввал ҳеч ким эшитмаган, ўқимаган ҳазил-ҳажвияни ёзишим учун, бу нарса бир янгилик сифатида янграши учун, ўткир тилдан чиқиши учун саккиз соатлаб вақт сарфлаганман. Менда том-том ёзувлар бор, мен уларни омбор китоблари деб атайман. Унда топ-тоза варақ бўлади. Ўтирган одам бу тоза саҳифага калласига нима келса, ёзишни бошлайди. Ёзавериб-ёзавериб, қанчадир вақт ўтгандан кейин балки қандайдир бир учқун чиқиб қолиши мумкин. Чиқмаслиги ҳам мумкин. Учқун чиққандан кейин уни "оловлантириш", янада ривожлантириш мумкин бўлади. Мен бу технологик жараёнларни кузатиб ўрганиб ҳам қолгандим. Шу тахлит ёзавергандан кейин, яъни жараён бошланганидан 40 дақиқалар ўтиб, нималардир юзага чиқишни бошлайди. Фақат бунинг учун ўтириш, "миянгни титкилашинг" керак бўлади. Қизиқ ҳолат бўлган. 15 йиллик айрилиқдан кейин онам келганлар. Мен онамга тушунтирдим, "ҳозир ёзишни бошлайман, бу орада мени безовта қилмаслик керак" деб. Алоҳида хонага кириб ёзишни бошлаганимдан кейин 10 дақиқалар ўтиб, онам эшикни таққиллатаяпти: "Севушка, ёзиб тугатдингми?". Бўлди, илҳом учиб кетди. Яна ўша ижодий ҳолатга киришим учун яна 40 дақиқача ўтиши керак. Мен бу нарсаларни айтаётганим сабаби, бу катта йўлнинг босқичлари бўлган. Баъзан жавондан каллага келган ўй-хаёллар билан тўлдирилган бу ёзувларимни олиб ўқир эканман, айрим қизиқ нарсаларни топиб қоламан. Орасида яроқсизлари жуда кўп, аммо баъзан қизиқ ғоялар ҳам чиқиб қолади.

Савол: Кейинги савол дастурингизнинг номланиши ҳақида. Нима учун "инсоний қиёфадаги янгиликлар" деб ном қўйгансиз?

Сева Новгородцев: Бу менинг шўроларча икки юзламачилик устидан кулишим эди. Бу 1968 йилда бошланган шиор эди. Чехословакияда социализм барпо этмоқчи бўлишди ва унга ном беришди "Социализм с человеческим лицом". Демак Совет Иттифоқидаги социализмининг қиёфаси кўп ҳам инсоний бўлмаган экан-да, деган маънони ҳам уқиш мумкинми бундан? Хуллас, 1991 йилга келиб ҳамма нарса қулаб, социализм тугаганидан кейин Чехиядаги бу шиорни дуч келган жойга, ўрни бўлса-бўлмаса қўллай бошлашди. Ҳамма жойга инсоний қиёфани қўшиб-чизиб ташлайверишганидан у жонивор обрўсизланиб ҳам кетди. Менинг дастуримда эса "инсоний қиёфадаги янгиликлар" деган кириш гапини аёл киши айтади. Бу менинг ўзимнинг овозим, фақат аёл овозигача ингичкалаштирилган. Бу аёл эса СССР давридаги жуда маъсулиятли, ташкилотчи аёл образи. Бундайлар ҳозир ҳам Россияда кўп, улар юмшоқ, эркаловчи овоз билан гапиришса-да, ҳеч қачон тўғри гапни айтишмайди, доим ўзларини ҳақиқатни гапираётган қилиб кўрсатишади. Кимдир бу ҳазилнинг маъносини тушунди, кимдир тушунгани йўқ. Аммо бундан мақсад шу эдики, биз тингловчиларга "бу янгиликлар радио дастури. Аммо биз билан сиёсий шарҳловчига ўхшаб гаплашиш керак эмас. Биз бўлган бирор бир воқеа ҳақида оддий инсоний тилда, ўзингнинг ичингдан чиққан гапларни гапираётгандек гаплашмоқчимиз" деган муждани бериш эди. Биз бу дастурда ҳар бир янгилик ортидаги реал одамни қидирамиз. "Инсон қиёфасидаги янгиликлар" эса бизнинг катта дастуримиз "БибиСева"нинг ичида кетади. "БибиСева"ни эса мен ўйлаб топганим йўқ. Уни россиялик журналистлардан бири биринчи марта ишлатган. Мен уни янги шаклдаги дастурни ишлаб чиқиш керак бўлганда олганман холос.

Савол: Сиз ўзингизнинг кузатишларингиз, ўзингизнинг фикрларингизни иш жараёнига сингдириш сирингиз билан ўртоқлаша оласизми? Чунки бир кунда бир неча радиодастурда иштирок этиш, радио учун, интернет учун интервьюлар қилиш, сўнг ўз кузатишларингни Facebook да чоп этиш осон эмас ва ҳар куни ҳам янги ғоя, янги фикр топилавермайди.

Сева Новгородцев: Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Менинг ўзимнинг бир методикам бор десам бўлади. Бу латифа принципи. Латифада энг асосий қисм - бу энг охирги жумла. Ана шу энг қизиқ жумладан "ипни чувалатган"дай хоҳлаганча фикрни чувалатиш мумкин, энг муҳими ниҳояга келганда, якун қизиқарли тугасин. Менинг ҳамма ёзувларим ана шу асосда ёзилган, уларга ўзимнинг тажрибамдан, кузатишларимдан нималардир қўшилади ва ҳоказо. Мен 24 соат давомида иш жараёнидаман, дейишим мумкин. Мен кўпинча қулоғимда қулоқчинли рақамли радиоприёмник билан ухлайман. Асосан, инглиз тилидаги радиодастурларни тинглайман. Булар BBC 4, Radio 5 Live, BBC World Service, баъзан LBC радиосини тинглайман. Буларда умумий журналистик ленталардан ташқари қандайдир ғоялар сақланиб қолади, улардан қандайдир фикрлар оламан. Келган фикрлар, ғояларни қоғозга тушириш мен учун "ўзимнинг батареямни яна кучлантириш, яна қувват олиш учун" муҳим. Яъни, кун давомида мен ўзимнинг батареямни қувватлантириб юраман ва ўзининг вақти келганда бу қувватни сарфлайман. Қисқа қилиб айтганда мен "батарея принципини" сақлаб қола оламан.

Савол: Тингловчиларимиздан Мубина сизнинг қайси мусиқа асбобларини чалишни билишингиз, ўзингизнинг кўнглингизга энг яқини қайси мусиқа асбоби экани ҳақидаги саволни берипти.

Сева Новгородцев: Мен авваламбор ишқибоз мусиқачиман, ҳеч қачон бирор бир мучиқа асбобини чалишни ўрганиш учун ўқимаганман. Касб юзасидан ишлаганим саксофон бўлган. Мен Ленинграддаги жаз-оркестрида, кейин “Добры молодцы» гуруҳида 12 йилча саксофон чалганман. Анча вақт кларнет ҳам чалганман. Ҳозир эрталаблари ўзим учун флейтада енгил классика мусиқаларини чалиб тураман. Озроқ гитара чалишни биламан. Фортепианода айрим куйларни чалишим мумкин, аммо жуда ёмон. Шунинг учун мен флейтани анча ўзимга яқин мусиқа асбоби деб айтсам бўлар. Оддий одам “чаладиган” овозни эса кун бўйи “чаламан”, баъзан микрофон ўнгида, баъзан микрофонсиз. Бу менга асосан стрессдан қутулиш учун зарур.

Би-би-си: Кўпчиликни машҳур Сева Новгородцевнинг шахсий, оилавий ҳаёти қизиқтиради...

Сева Новгородцев: Менинг таржимаи ҳолим жуда ранг-баранг, худди оилавий ҳаётим сингари. Ҳозир мен учинчи никоҳимдаман. Рафиқам Олга. Биз 1999 йилда турмуш қурганмиз. Худога шукур, оилавий бахтлимиз. Олдинги турмушларим бузилган. Аммо бу бузилишлар дарров юз бермаган. Биринчи рафиқам билан 16 йил бирга яшаганмиз, иккинчи аёлим билан ҳам тахминан шунча. Шунинг учун мен ўзимни оилапарвар эркак деб атасам бўлса керак. Биласизми, бунга эволюция сабаб бўлса керак, сабаби бир инсонга уйланасан, орадан 15 йил ўтгандан кейин бундоқ қарасанг, у – бошқа одам. Чунки эволюцион жараён мунтазам давом этаяпти-да. Бу эволюция жараёни ҳам кўп ҳолларда қарама-қарши томонга қараб ривожланади. Шу боис ҳам ҳамма нарса бир-биридан ажралиб, тўкилиб кетганидан кейин ҳар қанча ҳаракат қилганинг билан уларни қайта улай олмайсан. Хуллас, оилаларим ажрашининг сабаблари жуда объектив – ҳаёт эволюциясининг ўзи.

Би-би-си: Бизнинг бир неча ўқувчимиз сизнинг Қирғизистондаги сўнгги қонли ҳодисалар ҳақидаги фикрингиз билан қизиқишган.

Сева Новгородцев: Афсуски, мен барча тафсилотини билмайман. У ерда иштирок этган кучлар қанақа кучлар, бир нарса дея олмайман. Фақат инсонлар қони тўкилаётгани, одамлар зўравонлик қўллаётгани афсусланарли эканини айтишим мумкин. Бу нарса бутун жамиятнинг психологик ҳолатини ўзгартириб юборади. Бутун мамлакатнинг Кармаси ўзгаради. Бир марта тўкилган қон ҳеч қаёққа кетиб қолмайди. Мен сизга ҳозир Мексика ҳудудидаги Ацтекларнинг бир вақтлар келтирган қурбонликлари мисолини келтиришим мумкин. Ацтеклар соғлом, тирик одамларни қурбонликка келтирганлар. Мен ўйлайманки, шунинг учун ҳам у жойларнинг Кармаси ҳозирга замонга келиб ҳам яхши эмас. Қаранг, нималар рўй беради ўша жойларда – авж олган бандитизм ҳам, наркомания ҳам. Шунинг учун, жаноблар, ҳар қар қандай йўл билан бўлса ҳам қон тўкилишининг олдини олинг! Демократия дегани йиғилиб қолган ғазабни, “буғ”ни парламентда, қандайдир йиғинларда ташқарига чиқариш, тўкиб солиш учун ўйлаб чиқарилган. Зўравонлик – энг қўрқинчли нарса.

Би-би-си: Ҳурматли Сева. Сизни 70 ёшингиз билан табриклаймиз, Сизга саломатлик, ижодий ғояларингиз оқими тинмаслигини тилаймиз.

Бу мавзуда батафсилроқ