Сўнгги янгиланиш 26 июл 2010 - 13:05 GMT

Якутск бандаргоҳи очилишининг ўзбекистонликлар ҳаётидаги аҳамияти

Иш топиш мақсадида ўз мамлакатларини тарк этишга мажбур бўлган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Россиянинг энг шимолий ҳудудларидаги олмос саноати ривожланган жойларда ҳаддан зиёд оғир шароитларда янги ҳаёт бошлашмоқда.

Июн ойининг дастлабки ҳафталари Россиянинг олмос саноати пойтахти ҳисобланмиш Якутск шаҳри аҳолиси учун жуда муҳим. Ушбу олис арктик минтақадан ўтадиган Лена дарёси тўққиз ой мобайнида қалин муз билан қопланган бўлади. Бу ерлар абадий музликлар худудлари бўлгани учун Ёқутистонда темирйўл қурилишига шароит йўқ.

Якутск бандаргоҳининг очилиши Лена дарёсидаги музлар эришига боғлиқ. Муз ёрилган куни минтақанинг бутун иқтисоди қайтадан жонланади. Якутск аҳли сингари Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ҳам ушбу кунга тайёргарлик кўришлари керак. Арктик ёз мавсуми қисқа бўлгани туфайли, ёз кунларида жуда кўп ишлар бажарилиши керак. Ўша саноқли ҳафталарда юк ташувчи баржалар ва йўловчи кемалар Лена дарёси бўйлаб тинмасдан ҳаракат қилишади. Дарёнинг эни 18 километрни ташкил этади ва бу дарё минтақа учун ҳақиқий ҳаёт-мамот йўлига айланган. Навигация мавсуми, яъни кемалар сузиши мумкин бўлган вақт барча учун ўта муҳим палла: олтин кончилари, олис қишлоқларга ёқилғи етказишга уринаетган маҳаллий ҳукумат ходимлари, сайёҳлар сафарларини ташкиллаштирувчи ширкатлар, балиқчилар ва албатта меҳнат муҳожирлари учун ҳам.

Айнан шу пайт - иқтисодий фаолият жонланган вақт мухожирлар ҳам бел боғлаб, ишга киришадилар. Портнинг кранларида, сузиб юрадиган балиқ заводларида, балиқ овлайдиган кемаларда ва юк ташувчи карго баржаларида.

Якутия Россияга пул топиш илинжида сафарга отланган муҳожирлар учун ҳаттоки Сибир совуқларига солиштирганда ҳам оғир, табиати экстремал ўлкадир. Ёқутистондаги Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари борасидаги видео лавҳаларимизнинг биринчиси Лена дарёси аҳамияти ва Якутск бандаргоҳининг очилиши хақида.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.