Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Қурилиш ҳаво ҳарорати 40 даражагача тушмагунча давом этаверади'

Россиянинг Якутия республикаси ўтган йили минтақадаги иқтисодий инқирозга қарамасдан қурилиш кўлами бўйича Россияда иккинчи ўринни эгаллади.

Мутахассислар ноқулай табиий шароитларда тез суръатларда ўсиб бораётган қурилиш объектларининг бунёд этилишида марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг ҳиссаси катта эканлигини айтишади.

Абадий музликлар устида қад ростлаган Якутск шаҳрида бўлган мухбиримиз Шодиёр Сайф чидаб бўлмас совуқ ҳаво шароитларида қурилишларда ишлаётган марказий осиёликларнинг аҳволи билан танишган.

Якутскда ўзбекистонликлар бир неча қурилиш бригадаларини ташкил этиб меҳнат қилишмоқда.

Уларнинг меҳнатидан Ёқутистон иқтисоди, Ўзбекистон иқтисоди ҳам манфаат кўраяпти, дейиш мумкин.

Четдаги ўзбекистонликларнинг ўз оилаларига юбориб турган маблағлари "давлатга қарам бўлмаслик"ни тарғиб қиладиган Ўзбекистон ҳукуматига ҳам катта ёрдам бўлиб хизмат қилаяпти.

Бироқ Якутск қурилишларидаги ўзбекистонликлар "сиёсатга аралашишни истамаслик" истаги билан ўзларининг у ердаги аҳволи ҳақида кўп ҳам гапиришмайди.

Тожикистонлик Диловаршо Асроровнинг "қўлида" 400 инсон қурилишда банд.

Диловаршонинг айтишича, ҳаво ҳарорати минус 40 даражага тушганидан кейин техника хавфсизлиги мутахассислари қурилишни давом эттиришга рухсат беришмайди, чунки минус 50 даражада темир парчаланиб кетар экан.

Хўжандлик Абдусамад ака эса қурувчиларга 3 маҳал иссиқ овқат тайёрлайди.