Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Намоз Нормўмин: 'Исломда ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтаринг деган нарса йўқ, аммо динларини маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш мусулмонларнинг ҳаққидир'

Покистоннинг Панжоб вилояти ҳокимини ўтган хафта ўлдиришда айбланган тана қўриқчисининг ёпиқ маҳкамаси Равалпиндида бошланган.

Расмийлар унинг радикал Исломий қарашларини қўллаб қувватловчи намойишларнинг олдини олиш учун уни бир кун аввал маҳкамага олиб келишган.

Полицияга кўра, айбланувчи Малик Мумтоз Ҳусайн Қодирий ҳоким Салман Тасирни ўлдирганини тан олган.

У бу ишни ҳеч қандай Исломий гуруҳ иштирокисиз, якка ўзи амалга оширганини айтган. Қодирий ҳокимнинг шаккокликка қарши қонунларни дастакламагани учун ўлдирганини билдирган.

Ўтган ноябр ойи Пайғамбар Муҳаммадни ҳақорат қилишда айбдор топилган аёл осишга ҳукм қилинганидан сўнг, Панжоб ҳокими уни қамоқхонага бориб кўрган ва Осия Бибини авф этишни сўраганди.

Айни пайтда ҳоким Покистондаги шаккоклик ҳақидаги баҳсли қонунга ҳам қарши чиққанди.

Ҳокимнинг ўлдирилиши Покистонда икки хил муносабатга сабаб бўлган, анъанадорлар ушбу амални олқишлашган.

Бундан олдин америкалик черков руҳонийсининг Қуръони Карим нусхасини ёқиш таҳдиди мусулмон дунёсида қаҳру ғазабга сабаб бўлганди.

Муҳаммад Пайғамбар ҳажв қилган суратларнинг чоп этилиши каби ҳодисалар ҳам мусулмонларнинг кескин норозилик чиқишларига етаклаганди. Мана шундай ҳолатларда қандай муносабат билдириш борасида Исломда нима дейилади?

Биз ўзбек мухолифати фаолларидан бири ва "Ислом шўроси" вебсаҳифаси муаллифи Намоз Нормўминни суҳбатга тортдик ва аввалига ундан Покистондаги ҳодисаларга муносабатини сўрадик.