Сўнгги янгиланиш 21 январ 2011 - 19:14 GMT

Лондонда буюк шоир ва мутафаккир Жалолиддин Румий ижодига бағишланган фестивал

Буюк шоир ва мутафаккир Жалолиддин Румийни Ғарбу Шарқда танимаганлар кўп эмас ва ушбу танимаганлар сони ҳам ой сайин озайиб бормоқда. Том маънода умумбашарий алломанинг ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро анжуманлар дунёнинг турли бурчакларида ўтказиб келинади. Румий ижодий меросига қизиқиш ҳам борган сари ортиб бормоқда.

Бу сафарги "Румийхонлик" Буюк Британия пойтахти Лондонда ташкил этилди.

Фестивал ташкилотчилари Мавлоно Румийнинг тинчлик, тоқатаброрлик ва ишққа даъват этувчи асарларини тарғиб қилиш, уларни одамларга яқинроқ таништириш Ғарбда яқин йилларда мусулмонларга қарши шаклланган нотўғри салбий қарашларни йўқотишга хизмат қилишига ҳам умид қиладилар.

"Румийни танлашимизнинг сабаби - унинг 800 йил аввал айтганлари бугунги кунда ҳам долзарб моҳиятга эга. 800 йил муқаддам у тинчлик, тоқатбарорлик, муҳаббат ҳақида куйлаганди. Бугунги беқарорликларга тўла дунёда, айниқса, бизнинг мамлакатларимиз атрофида урушлар бораётган бир пайтда унинг айтганларига мухтожмиз. Биз халқлар бир-бирларини яхши кўришларини, қўллаб-қувватлашларини истаймиз. Мана шунинг учун ҳам, Ислом маданиятини кўз-кўз қилиш учун бу гал Мавлоно Румийни танладик", дейди Аҳмад Фарид Мал.

Фестивал иштирокчиларидан бири эса: "Жалолиддин Румийнинг одамларга айтмоқчи бўлганларини бир сўзга жамлаш мумкин бу - ИШҚ", дейди.

Румийнинг айнан ишқ ва муҳаббатни улуғлаган шеърлари шеърхонлик кечасида такрор-такрор ўқилди:

"Ишқимдин покроқ оби зилол йўқдир,
Ишқимдек, ғами дарди ҳалол йўқдир,
Ўзгалар ишқи фақат ҳол бўлса гар,
Маним ишқи нигоримга завол йўқдир".

Румийхонлик само деб аталувчи дарвешлар рақсисиз ўтмади. Само рақси - дарвешлар учун Худога яқинлашиш йўли. Ташкилотчилар, само рақси қалбни тозалаши, ундаги ҳар бир ҳатти-ҳаракат ўзига хос мазмунга эга эканини айтишди. Румийнинг ишқи, оҳангги ва рақси - бугун ҳам ошиқлар юрагида... Фестивал ташкилотчилари Румий баҳонасида "Ислом маданиятини Ғарбга яқинлаштираман", дея ўз кўзлаган мақсадларига қанчалар ета олдилар буни айтиш қийин, аммо кечага борганлар Румий куйлаган Ишқдан маст бўлганларига шубҳа йўқ эди.

* http://www.bbc.co.uk/uzbek/multimedia/2011/01/(none)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.