Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Эстония яшаш қулай ва гўзал бўлган мамлакат'

Этери Кекилидзе, Таллиндан, театршунос.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Мен ўшанда 45 ёшда эдим, газетада ишлардим. Алабатта Совет Иттифоқи даврида бошқа ҳаммага ўхшаб, бизга ҳам нимани кўриш керагу, нимани кўрмаслик керак, нимани ўқиш керагу, нимани ўқимаслик ҳақида доиман айтиб турлиши ёқмасди. Ана шу жиҳатдан ўша тизимдан ҳамма норози эди. Дўконлар пештахталари доимо бўш эди. Хуллас маиший ҳаёт ва ижтимоий фикр нуқтаи назаридан ҳаёт оғир эди. Лекин ўша йилга келиб атрофда ижтимоий эҳтирослар роса жўшди. Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати йиллариёқ Эстонияда аввал яшириб, бурчак- бурчакда гапириладиган гаплар ҳаммаси баралла айтиладиган бўлди, майдонларга олиб чиқилди. Бу овозлар, бақир-чақирлар шу қадар кўп эдики, қай бир фикр туғрию, қай бири хато эканлигини ажратиш жуда қийин эди. Албатта эстон зиёлилари билан яқин бўлган бизга ўхшаганлар мамлакат тарихи ҳақида мактабда уқитилганидан сал кўпроқ билардик. Мактабда эса Эстония тарихини жуда ёмон уқитишарди. Ҳатто алоҳида фан сифатида умуман ўқитишмасди.

Кейин Эстониянинг алоҳида иш юритиши кераклиги ҳақида гапира бошлашди. Мустақиллик ҳақида гап кетмаётганди ўшанда, алоҳида хўжалик юритиш, деган ғоя ишлаб чиқилганди. Яъни ҳеч бўлмаса иқтисодий жиҳатдан мустақил иш юритиш ҳақида гап кетмоқда эди. Лекин бу ғоя тезда мустақиллик ғоясига айланди ва Халқ фронти тузилди. Совет Иттифоқига қарши кураш тугагандан кейин эса мамлакат яшовчилариларининг ҳар бири Эстонияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун курашишларига тўғри келди.

Албатта жуда кўп асабийлашишлар рўй берди. Ҳамма нарса яхши бўлади, деган аниқ ишонч йўқ эди. Мана ўша ҳодисалардан 20 йил ўтиб шу нарса кўриняптики, Эстония мустақиликка тайёр бўлган экан. Маҳаллий эстонлар хориждаги эстонлар билан ҳамкорликда мамлакат аввал бошданоқ ривожланиш йўлига тушишини синчиковлик билан ишлаб чиқдилар. Агар бошқа собиқ Иттифоқ давлатларида турли исёнлар, эҳтирослар қайнаши рўй берган бўлса, бу ерда дарров ишга киришилди. Ва тез орада Эстонияда яшаш қулай ва гўзал бўлган бир ерга айланди. Энг асосийси мамлакатимизда тартиб ўрнатилган. Ана шу нарса яққол кўзга ташланади.

Хусусан масалан коммунал уй- жой хўжалиги ислоҳоти муаммоси ечилди. Совет Иттифоқида кўплар маҳаллий маъмурият уйларида яшарди. Шунинг учун зудлик билан хусусийлаштириш жараёнини ўтказиш керак эди. Эстонияда бу жараённи шундай амалга оширдиларки, ҳаммага қулай бўлди. Ҳар бир одамга сариқ карточка берилди. Уша карточкада ҳар бир кишининг Эстониядаги иш стажи қайд килинди. Яъни етарлича йил яшаб, ишлаган бўлсанг, ўша кўрсаткичга қараб уйингни хусусийлаштириш баҳоси белигиланди. Албатта бу тизим буйича Эстонияга яқинда келиб, иш бошлаганлар бир қадар камситилди. Ана шу тизим буйича иш стажи етарли бўлганлар квартираларини деярли бепул хусусийлаштириб олдилар. Масалан мен ва турмуш ўртоғим ҳудди шундай қилдик. Ҳар бир бола учун оналарга 10 нуқта қўшиб беришди, ва ҳаказо. Хуллас бу тизим ўта синчиковлик билан тартибли равишда ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Шунга ўхшаш йирик корхонларни хусусийлаштириш ҳам синчиковлик билан ишлаб чиқилганди. Алабатта ҳамма нарса рисоладагидек, адолатли ва олий даражада бўлди, деб айтолмаймиз, лекин дастуруламал бор эди ва ҳозирда бу дастурлар амалга оширилганини кўриш мумкин. Бу дастурлар устида кўплаб хориж мутахассислари иш юритишди, хорижда яшайдиган эстонлар келиб жон куйдириб ишладилар.

Лекин фуқаролик ҳақидаги қонунни қайта кўриб чиқишганда ҳозирги сиёсатчиларни қондирмайдиган бази моддалар олиб ташланди. Масалан мен антиқа бир ҳодисани эслайман. Рус миллатига мансуб аёллар эрлари эстон бўлса фуқаролик олиш ҳуқуқига эга эдилар, лекин эстон аёлларига уйланган рус эркакларига бу ҳукук берилмади. Сабаби менимча шундайки, ўша вақтдаги мамлакат раҳбариятида бўлганлар кўпларининг хотинлари рус эди, табиийки уларни фуқароликдан маҳрум қила олишмасди, лекин рус ҳарбийларининг кўпи эстон аёлларига уйланганди, ана шундай қилиб ўша ҳарбийларга эстония фуқаролигини бермасликка ҳаракат қилинди. Ана шу нарсани адолатдан бўлди, деб айтолмайман.

Эстония мағрурланиши ва мағрурлана олмайдиган нарсалари бор. Лекин мағрурланиши мумкин бўлган нарсалари кўпроқ, деб айтган бўлардим. Бу ерда шунингдек рестетуция жараёни ўтказилди. Яъни Шўролар тузумидан аввал сенинг оилангга тегишли булган мулкни ҳужжатли равишда исботлаб берсанг, бу мулкни ўша оила авлодларига қайтариш жараёни ўтказилди. Албатта бу ерда ҳам қалбакилаштириш ва сохталаштириш каби баъзи нарсалар рўй берди. Бу энди инсон табиати-да, лекин кўп булмади. Аммо мулк эгаларига кайтарилди. Биласизми, шунда шаҳар марказида Эстон буржуа республикаси даврида, эски қурилган квартираларда яшаганлар уйларидан чиқарилиб, аввалги эгаларига топширишга мажбур бўлдилар. Кейин Таллин шаҳри ана шу равишда уйсиз колганларни уй билан таъминлаш муаммосини ечиш учун кўп ҳаракат қилишига тўғри келди. Уйсиз қолганлар йиллаб навбатда турдилар, маҳкама тортишувлари ҳам бўлиб ўтди. Хуллас, ҳеч нарса силлиққина кечгани йўқ, лекин барибир пухта ишлаб чиқилган дастуруламал бор эди. Ана шуниси муҳим.

Катта корхонлар ёпила бошлаган вақтда асосан рус миллатига мансуб кўплаб ишчилар ишсиз қолдилар. Биласизми, ўша йиллари бизнинг бозорларда савдо қилаётганлар жаҳонда энг саводли савдогарларга айландилар. Чунки олий маълумотли кўплар, айниқса техник фанлар зиёлилари бозорда савдо қилишга мажбур эдилар. Бу ҳам воқеилик эди, буни яшириш керак эмас ва ёддан ҳам чиқармаслик керак. Ўшаларнинг фарзандлари ҳиссиётларини тасаввур қила оласизми? Кечагина ҳурматли ва таниқли муҳандис, технолог бўлган ота-оналари бир кунда ҳеч ким бўлмай қолдилар. Лекин мана 20 йил ўтиб мен бозордаги савдогардан энди касбинг нима, деб сўрамайман. Баъзилар савдоларини яхши йўлга қўйиб, муваффақиятли ишбилармонларга айландилар, уладан ҳам ўрта табақа шаклланди.

Тўрт ой олдин ўғил набира кўрдим. Қизим билан уни қайси мактабга бериш кераклигини аллақачон муҳокама қиляпмиз. Қизим рус тилини, адабиётни ўргансин, дейди. Лекин бунинг иложи йук. Хуллас, ана шундай муаммоларимиз бор албатта. Лекин кундалик ҳаёт нуқтаи назаридан бу ерда яшаш тинч ва осойишта. Эстонияда кундалик ҳаёт нуқтаи назаридан ҳамма нарса яхшилаб ўйлаб чиқилиб, тартибга солинган. Бу ерда жуда кўп ишингни Интернет орқали амага оширса бўлади. Янги пасспорт керакми- интернет орқали. Бирон нарса ҳақида ҳужжат ё справка керакми- интернет орқали. Хеч кимнинг олдига бориб ялинмайсан, кутмайсан, вақт кетказмайсан. Шунинг учун коррупция ҳоллари ҳам жуда кам.