Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Литвада ҳаёт барқарорлашиб қолди, лекин ҳануз оғир...'

Вадим Леонидов, муҳандис, Каунас шаҳридан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Мен 1964 йилда туғилганман. Совет Иттифоқи қулаши йиллари ҳали 30 га ҳам кирмаган, оилали ва аллақачон фарзандли эдим. Лойиҳалаштириш институтида муҳандис бўлиб ишлардим. Барқарорлик йўқолди, Литвада одамлар мустақилликни хоҳлаётган эдилар. Бу каби ғоялар 1989 йилдан бери жўшиб келаётганди. Айниқса биз яшаган Каунасда бу ғоялар кучли эди. Мен эса ўз ҳаётим билан яшаб, бу жараёнларга арлашамасликка ҳаракат қилардим. Жараёнларни кузатардим, лекин иштирок этмасдим.

Бундан буёғига ҳаёт қандай кечар экан энди, деган хавотир бор эди. Бир ноаниқлик томон кетаёгандик. Ўша вақтгача барқарорлик бор эди, энди бу барқарорлик йўқолаётганди. Литваликларнинг ўзлари эса мустақиллик исидан маст бўлишганди. Мен эса русман, лекин шу ерда туғилиб ўсганман, ҳамма яқинларим, қариндош-уруғларим шу ерда, ҳеч қаерга кетиш режаларим йўқ эди. Кўп руслар ўша йиллари Литвадан кўчиб кетишди. Мен эса мана ҳозиргача Литвада яшаяпман.

Ҳаётимдаги ўзгаришларга келсак, лойиҳалаштириш институтида қандай ишлаган бўлсам, шундай ишлаб юравердим. Шўролар даврида маошимиз ёмон эмасди. Лекин мустақилликдан сўнг лойиҳаларга буюртмалар камайиб кетди. Ҳаётимиз ёмонлашди. Инфляция кўтарилиб кетди, озиқ-овқат етишмовчилиги бошланди, пул етишмасди. Икки-уч йил шу алфозда ўтди. Кейин бошқа ишга ўтдим. Мана ҳозир ичимлик суви таъминоти тизимида муҳандис бўлиб ишлаяпман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 80-йиллар охирларида Каунасда мустақиллик ғоялари ўта авжига чиққанди.

Албатта тижоратга мойил, олди-сотдига уста одамлар бир пасда ишга киришиб кетдилар. Валюта савдоси билан шуғулландилар, бошқа турли савдолар. Мен эса бундай фаолият билан шуғуллана олмасдим. Мен ҳамиша ўз касбим ва олган дипломим бўйича ўз соҳамда ишлаб, пул топиб келганман. Атрофда эса албатта бир пасда бойлар пайдо бўла бошлади, тезгина пул қила оладиганлар кўпайиб кетди, жиноятчилик ўсди. Аҳолининг асосий қисми қийинчиликда умр кечира бошлади. Ишсизлик кўпайди. Лекин секин -аста бу жараёнлар ўтиб, ҳозирда яна барқарор ҳаёт кечирмоқдамиз.

Ҳозир ҳам ҳаёт осон эмас, кўплар оғир кун кечирадилар. Чунки аваллари дўконларда озиқ-овқат бўлмаган бўлса, кейинчалик кескин равишда озиқ-овқат мўл бўлиб кетди. Лекин ҳамманинг ҳам сотиб олишга қурби етмасди. Ҳозир ҳам дўконлар пештахталарида йўқ нарсанинг ўзи йўқ, лекин ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Аҳоли табақаланди, лекин ўрта табақа шаклланмади. Ё бойлар бор, ё кунини зўрға кечираётганлар.

Ёшлар албатта хорижга кетишни афзал биляптилар. Иш йўқ. Литва кичик давлат, ҳаммага ҳам иш топиб бера олмайди. Британияга кўп кетишяпти. Бу ерда олий ўқув юрти учун ҳақ тўлаш қийин. Банкдан қарз олиб тўласанг, фойда фоизлари юқори, қайтаришга қийналасан. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам ёмонлашди. Шифокорга кириш учун узундан-узоқ навбат кутиш керак. Чунки шифокорлар ҳам кетиб қолишяпти. Соғлиқни -сақлаш тизими ислоҳот қилиняпти, лекин бу жараён оғир кечмоқда. Қайта-қайта ислоҳ қилишяпти, 20 йил бўлди, ҳали ҳам давом этмоқда.

Коррупция бор албатта. Лекин яхши мактабга кириш учун пул эмас, билим керак. У ерда ҳеч ким сенинг пулинг билан қизиқмайди. Мен буни шахсан ўз катта ўғлимнинг мисолида айта оламан. Соғлиқни сақлаш тизимида эса, шифокорга кўриниш муаммо эмас, лекин Совет даврида бўлганидек, касалхонага тушиб қолсанг, яхшироқ жарроҳ сенга қараши учун ваҳаказо, шунга ўхшаган нарсалар учун пул тўлаб турилади, буниси бор.

Охирги йилларда рўй берган ва хотирамда қолган ҳодисаларга келсак, спорт соҳасида Литва баскетбол жамоаси 2003 йили Жаҳон Чемпиони унвонига эришдилар. Мана шу нарса ёдимда жуда яхши қолди. Бизда спортга катта эътибор беришади. Сиёсий ишларга аралашмаганим учун бошқа ҳодисалар эсимда қолмагандир. Қудратга бир партия келади, кетидан бошқаси, хуллас ҳар ердагидек жараёнлар кетяпти...