Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Авваллари Юрмалага бориб дам олиб турардик, ҳозир шу имкон ҳам йўқ...'

Надежда Парседонян, Рига Марказий бозорида тижоратчи, ҳозирда нафақахўр.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Мен ҳозир 62 ёшдаман, Совет Иттифоқи 1991 йили қулаган бўлса, мен ўшанда 42 ёшда эдим. Савдо соҳасида ишлардим. Ригадаги Марказий бозорда кийим-кечак сотардим. Мен савдо қиладиган ерга яқин жойда "Рига" меҳмонхонаси жойлашган. Ўша меҳмохона ўққа тутилганига мен гувоҳ бўлгандим. ОМОН кучлари мустақилликни талаб қилиб чиққан намойишчиларга қарата ўқ отишмоқда эди. Одамлар ваҳимага тушишганди. Биз билан бозорда ишлайдиган латишлар жуда хурсанд эдилар. Бизларга қараб, "Сиз руслар энди ҳаммаларинг кетинглар бу ердан, қиладиган ишларинг қолмади бу ерда", дейишарди. Шаҳарда баррикадалар қурилган, одамлар жойлашиб олишган, уларга озиқ-овқату, ароқлар етказилган, хуллас ана шундай давр эди...

Энди нима бўлади, буёғига қандай яшаймиз, деган ўй бизни чулғаб олганди. Менинг ота-онам Белорусдан, лекин ўзим 1948 йили Латвияда туғилганман. Мана менга фуқаролик беришмади. Мен ҳозир Латвия яшовчисиман, лекин фуқаролигим йўқ. Ана шуниси алам қилади. Агарда бошқа жойда туғилиб, кейинчалик бу ерга кўчиб келган бўлсам ҳам майли эди, лекин мен шу ерда туғилганман, ватаним шу ерда. Фуқаролик учун латиш тилидан имтиҳондан ўтиш керак, мен қари бошим билан қандай қилиб тил ўраганай. Менга ҳозир ҳеч қандай тил керак эмас. Бу фуқаролик ҳам кўпларга керак бўлмай қолди.

Ёшлар ҳаммаси хорижга кетишяпти, Лондонга, Норвегияга, Ирландияга. Чунки бу ерда қиладиган иш йўқ. Олий ўқув юртига ҳам бу ерда боришни хоҳлашмайди. Ўқишни истайдиганлар ҳам хорижда ўқишни афзал билмоқдалар, кейин ўша ерда қолишга ҳаракат қилмоқдалар. Менинг ҳам кўплаб танишларим хорижга кетишди. Қайтишни ҳаёлларига ҳам келтиришмайди.

Мен мана икки йилдирки соғлиғим туфайли нафақага чиққанман. Менга минимал яшаш ҳаражатига тенг, ойига 45 лат нафақа белгиланган. Бу 90 доллар атрофида. Бундан ташқари ижтимоий ёрдам тариқасида яна 45 лат берилади. Ана шу ҳисобдан мен ҳам квартирага, ва ҳам озиқ-овқат -у кийим кечагимга етказишим керак. Албатта ижтимоий ёрдам соҳаси ҳодимлари муҳтожларга тайёр овқат етказиб туришади, келиб уйларингни тозалаб, идиш-товоқларни ювишда ёрдам бериб кетишади.

Мамлакатимизда энг кўп ўзгарган нарса бу одамлар бўлса керак. Совет даврида руслар, латишлар ҳаммамиз иноқ яшардик. Ҳаммамиз бир-биримизга ёрдам берардик. Мана шу ўзгаришлар юз берганидан кейин, русларга келгиндилар сифатида қараб, ҳамма ёқни эгаллаб олгансанлар, дая қарай бошлашди. Лекин худога шукур ҳаммаси ўтиб кетди. Ҳозирда ҳам ҳаётимиз оғир, лекин борига шукур қилиб яшаяпмиз. Инсон ҳамма нарсага кўникар экан. Энг ёмони ёшлар учун иш йўқлиги. Авваллари Юрмалага бориб дам олиб турардик, ҳозир шу имкон ҳам йўқ...