Сўнгги янгиланиш 6 октябр 2011 - 11:35 GMT

'Афғонистон охирги йиллардаги энг ёмон қурғоқчилик билан рўпара келган'

Афғонистон халқаро ҳамжамиятга ёрдам сўраб мурожаат қилган, агар мамлакатга 142 миллион долларга тенг кўмак кўрсатилмаса, бу йилги қишда икки миллион 600 минг одам очарчилик билан юзма-юз келиши айтилган.

Афғонистон Зироат вазири Муҳаммад Осиф Раҳимийнинг сўзларига кўра, вазият ҳаддан зиёд жиддийдир.

"Бу йилги қурғоқчилик туфайли ҳосил жуда кам бўлди. Жуда кўп одамлар ҳосилларидан айрилдилар, айниқса, буғдой ҳосилидан. Шунингдек, дунёда озиқ-овқат нархлари кўтарилиб кетаётгани ҳам мамлакат шимолида фавқулодда вазиятни юзага келтирган", деб айтган Афғонистон Қишлоқ хўжалик вазири.

Афғонистондаги қурғоқчилик вазияти билан танишган Би-би-си мухбири Девид Лойннинг айтишича, аксар деҳқонлар етиштирган кам миқдордаги ҳосилларини ҳам аллақачон сотиб бўлганлар.

Энди кўпгина одамларнинг қишдан омон-эсон чиқиб олишлари фақат четдан келтириладиган ёрдамларгагина боғлиқ бўлиб қолади.

Афғонистон Зироат вазирига кўра, мамлакатга кейинги олти ой мобайнида озиқ-овқат зарур бўлади.

Бу йилги қурғоқчилик яна 2.6 миллион кишини очарчилик билан рўпара қилиши мумкин, шунда Афғонистонда тўйиб овқатланмайдиган инсонларнинг сони қарийб 10 миллионни ташкил этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Айрим ҳудудларда умуман сув йўқлиги сабабидан одамлар яшаб турган жойларини тарк этишга мажбур бўлганлар.

Би-би-си мухбирига кўра, қурғоқчиликдан азият чеккан ҳудудлар, айниқса, Афғонистон шимоли-шарқидаги жойларни Толибон ва бошқа исёнкорлар ўз назоратларига олганлар, бу эса муҳтож одамларга озиқ-овқат етказиш ишларига таъсир этмай қолмайди.

Афғон расмийларига кўра, бу йилги қурғоқчиликдан, айниқса, Балх, Самангон, Таҳор, Сарипул, Ҳирот, Бодғис, Фарёб, Жузжон, Бағлон, Қундуз, Бадахшон, Бомиён, Дайкунди ва Ғор вилоятларида оғир вазият юзага келган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.