Сўнгги янгиланиш 27 ноябр 2011 - 18:32 GMT

'Қизиқувчан' Миррих сайёрасига етиб бориб нима қилмоқчи?

26 ноябр куни Американинг НАСА Фазо агентлиги Curiosity деб номланган махсус роботини фазога учирди.

Curiosity("Қизиқувчан")нинг ичига шу кеча-кундуздаги жуда мураккаб жиҳоз ва ускуналар ўрнатилган.

Бу жиҳозларни ишга солиш асносида қўлга киритилган маълумотлар Миррих сайёрасида ҳаёт борми ёки йўқлигини аниқлашга ёрдам беради, деб умид қилинмоқда.

Curiosity сайёра сатҳига тушиб, унинг тупроғи намунасини олади ва текширади.

Мутахассислар режалаган жойда олтингугурт ва тупроқ қоришмаси мавжуд, бу қоришма эса сув мавжуд жойда пайдо бўлади.

Сув ёки водород эса ҳаёт мавжудлигининг асосий исботи ҳисобланади.

Ер билан "Қизил сайёра" ўртасидаги масофа 570 миллион километрни ташкил этади.

Қизиқувчан ёки синчков олти оёқ Миррихдаюрарни кашф қилган олимларга кўра, у бу масофани саккиз ою 15 кунда учиб ўтиши керак.

Curiosityнинг оғирлиги қарийб 1 тоннани ташкил этади.

Кашфиётчилар уни Миррих сатҳига тушириш устида анча бош қотирганлар.

Сабаби 1960 йиллардан буён Қизил сайёрани мўлжаллаб 40 мартача ракета учирилган, уларнинг аксари муваффақиятсизликка учраган.

Бу гал Миррих кашшофини ҳаво ёстиғидан таркиб топган пилланинг ичида эмас, "ҳаво крани" орқали силлиқ қуруқликка туширишмоқчи.

Curiosity миссияси фазони ўрганиш мақсадидаги энг қиммат лойиҳалардан бири бўлган, ушбу мақсадга 2,5 миллиард доллар сарфланган.

Лойиҳа муаллифлари фикрига кўра, "Қизиқувчан" Миррихда ўша сайёранинг бир йили - Ер сайёрасининг 687 кунига тенг фурсат яшайди.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.