Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Равшан Эрматов 'Дунёнинг энг зўр ҳаками' деб топилди

Image caption Равшан Эрматов эришаётган ютуқларга ҳали бирор бир собиқ Шўро давлати ҳаками эришмаган

Ўзбекистонлик донгдор ҳакам Равшан Эрматов Worldreferee.com веб саҳифаси томонидан сўнгги футбол мавсумида "Дунёдаги энг зўр ҳакам", деб топилган.

Устига устак, Россиянинг нуфузли Euro-football.ru веб саҳифаси ўқувчилари ҳам жорий пайтда жаҳонда Равшан Эрматовдан зўр ҳакам йўқ, деган хулосага келишган.

Лекин, шунда ҳам, бу - Равшан Эрматов ўтган йил лойиқ деб кўрилган мукофотларнинг биринчилари эмас.

У 2011 йилда Халқаро Футбол Тарихи ва Статистикаси Уюшмаси томонидан ҳам дунёдаги иккита зўр ҳакамдан биттаси деб топилганди.

Ҳалича на-да собиқ Шўро давлатлари ва на-да ўзбекистонлик ҳакамлардан бирортаси бу каби мақомга лойиқ деб кўрилган...

Равшан 2011 йилда кетма-кет тўртинчи бор "Осиёнинг энг зўр ҳаками", деб топилган ва Ўзбекистондаги энг қойилмақом ҳакамлик шарафи ҳам унга насиб этганди.

Ўзбекистонлик таниқли ҳакам ўтган футбол мавсумида Осиё Футбол конфедерацияси, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ва Осиё Чемпионлар лигаси финал учрашувларини бошқарганди.

Равшан ўз ҳакамлик фаолияти давомида эришган оламшумул ютуқлари билан Осиё футболи тарихига кирган.

Равшан Эрматов Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида ҳам энг зўр ҳакамлардан бири деб кўрилганди.

2010 йилги Жаҳон чемпионатининг илк учрашувини очиб бериш билан Равшан танимаганга ҳам ўзини танитган, бир биринчиликнинг ўзида беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан эса, номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирган.

Рaвшан майдондаги "ўз ўрни" билан дунёнинг манаман деган футболчилари, мутахассислари ва мураббийларининг ҳурматларини қозонган.

Кимга ишқибозлик қилишларидан қатъиназар, ўзининг холис ва профессионал фаолияти билан эса, дунёдаги ҳар қандай "муккасидан кетган" футбол ишқибозининг ҳам кўнглини топа олган.

Биз Равшан Эрматов билан боғланиб, сўнгги янгиликка муносабатини сўрадик. Ўзбекистонлик донгдор ҳакам билан суҳбатимизни тинглаш учун плейерни ўйнанг.