Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Руслан Чагаев бўлажак жангги ҳақида нима дейди? - суҳбатимизда

Профессионал боксда энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев навбатдаги жангини Тринидад ва Тобаголик рақиби Кертсон Менсуэллга қарши ўтказади.

Олмония нашрлари тарқатган хабарларга кўра, жанг 28 январ куни Гамбург шаҳрида бўлиб ўтади.

Руслан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган сўнгги суҳбатида яна ўз рейтингини кўтариб, шу йил охири ёки келаси йил бошларида албатта Жаҳон чемпионлиги камари учун жанг олиб бориш аҳдида қатъий эканини айтганди.

Руслан Чагаев ўтган йилнинг 27 август куни Олмониянинг Эрфурт шаҳрида Жаҳон чемпионлиги учун жангда россиялик рақиби Александр Поветкинга очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди.

У 2007 йилнинг 14 апрел куни бошқа бир россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, украиналик боксчи Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан буткул маҳрум бўлганди.

Аммо орада қатор жанглар ўтказиб, яна ушбу мақом учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жаъми 30 та жанг ўтказган, шундан 27 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

35 ёшли рақиби Кертсон Менсуэлл эса, профессионал рингда 25 та жанг ўтказган, шундан 22 тасида ғалаба қозонган, учтасини бой берган.

Икки рақибнинг жангги ҳам режаланган бокс кечаси Гамбургдаги беш юлдузли Grand Elysée меҳмонхонасида маҳаллий вақт билан соат 16:00 да бошланади.