Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Руслан Чагаев: 'Бугунги жангга тайёрман'

Профессионал боксда энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев бугун шанба куни Тринидад ва Тобаголик рақиби Кертсон Менсуэллга қарши рингга тушади.

Жанг Олмониянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтади.

Image caption Руслан Чагаев бугунги жангга тайёр эканини айтмоқда

Бугун нақ жанг арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган интервьюсида Руслан Чагаев жангга шай эканини айтди.

Бу Руслан Чагаевнинг россиялик рақиби Александр Поветкинга сўнгги мағлубияти ортидан ўтказаётган илк жангидир.

У ўтган йил Жаҳон чемпионлиги учун жангда россиялик рақибига фақат очколар ҳисобигагина ютқазиб қўйганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи энди қатор жанглар ўтказиб, ўз рейтингини яхшилаш ва шу йил охири ё келаси йил бошларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун беллашмоқчи.

Image caption Рақиблар кеча ўз вазнларини ҳам синаб кўришди

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жаъми 30 та жанг ўтказган, шундан 27 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

35 ёшли рақиби Кертсон Менсуэлл эса, профессионал рингда 25 та жанг ўтказган, шундан 22 тасида ғалаба қозонган, учтасини бой берган.

Image caption Бу - икковлон орасидаги биринчи жанг бўлади

Икки рақибнинг жангги Гамбургдаги беш юлдузли Grand Elysée меҳмонхонасида маҳаллий вақт билан соат 16:00 да бошланади.