Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Покистон: Усома бин Лодин қароргоҳини бузишга киришилган

Покистондаги Абботобод ҳарбий шаҳрида умрининг охирги йилларини яшаган "Ал-Қоида" раҳбари Усома бин Лодиннинг уйини бузиш бошланган.

Усома бин Лодин 2011 йилнинг май ойида Афғонистондан Покистондан уч тикучарда учиб келган АҚШ махсус кучларининг рейдида ўлдирилган, шундан буён Абботободдаги ҳовли қаттиқ қўриқланиб келаётган эди.

Бин Лодин қароргоҳига 25 феврал куни булдозерлар олиб келинган, қоронғу тушиши билан бинони ўраб олган бетон деворларни бузиш бошланган.

Қароргоҳ прожекторлар билан ёритилиб, бузиш ишлари туни билан тинмаган.

Оғир юк автомобиллари қолдиқларни ташиб олиб кетганлар.

Покистон расмийлари нега бинони бузишга қарор қилингани сабабини тушунтирмаганлар.

Усома бин Лодин уйига яқин яшайдиган одамларнинг гап-сўзларига кўра, расмийлар бу жойнинг мақбара ёки зиёрат жойига айланишини хоҳламаяптилар.

Бузиш ишлари пайти гир атрофга доира қилиб юзлаб сондаги полициячи ва аскарлар жойлаштирилган, улар журналистлар ва маҳаллий одамларни яқинроқ боришга қўймаганлар.

Покистон расмийлари айтишларича, қароргоҳни бузишдан олдин у ҳарбийлардан маҳаллий фуқаровий расмийлар ихтиёрига топширилган.

Расмийларга кўра, бинони ўтган йилги май ойидаги рейддан кейин бузишга қарор қилинган, бироқ Покистон ҳукумат комиссиясининг АҚШ махсус кучлари амалиёти бўйича текширувининг охирига етказилиши кутилган.

"Комиссия ўз ишини деярли якунига етказиб, бундан кейинги текширувларда қароргоҳга эҳтиёж қолмаганидан кейин бузишга қарор қилинган", деб айтган расмийлардан бири.

Усома бин Лодин бир неча рафиқаси ва болалари билан бу ерда бир неча йиллар давомида яшаган, бу эса қандай қилиб Покистон ҳукумати шунча узоқ вақт давомида "Ал-Қоида" раҳбарининг гарнизон шаҳарда яшаётганини билмаган бўлиши мумкин, деган саволни пайдо қилган.