BBC navigation

Би-би-сининг 80 йиллик тарихи суратларда

Сўнгги янгиланиш 21 март 2012 - 20:46 GMT
  • Очилиш куни

    Би-би-си Империал Хизмати ўзининг илк эшиттиришини 1932 йил декабрида бошлаган. Бу хизмат эшиттиришлари қисқа радиотўлқинларда узоқ масофаларга узатилган. Би-би-си Бош директори Жон Рейтнинг 12 дақиқалик мурожаатини радиоэшиттиришлар бошланиши куни 15 соат мобайнида жаҳоннинг турли вақт ҳудудлари - Австралия, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Ғарбий Африка ва Канададаги одамлар тинглашган.

  • Империал хизмат фаолияти бошланганининг олтинчи кунида Британия Қироли Жорж V-нинг Исо Мавлуди айёми табриги қиролнинг Сандрингам қароргоҳидан тўғридан-тўғри эфирга узатилган. Қирол ўз сўзларини "Мен ўз уйимдан ва юрагимнинг тубидан гапираяпман" деб бошлаган. Би-би-си Бош директори Жон Рейтнинг ўз кундалигида ёзишича, қирол сўзларини бутун дунё эшитган ва бу Би-би-сининг энг биринчи ва ёрқин муваффақияти бўлган.

  • 1940 йил июнида Шарл де Голл Олмония нацистлари босиб олган Франция халқига радиомурожаат қилган. "Озод Франция" ҳаракати раҳбари генерал Шарл де Голл Раидо Уйининг В2 студиясидан мурожаат қилган. У тўрт йил давомида ҳар куни кечқурун 5 дақиқа Би-би-сида чиқиш қилган.

  • Хорижий хизмат

    Иккинчи Жаҳон Уруши туфайли Британия Империал хизмати номи ўзгартирилган. 1939 йил ноябридан у Хорижий хизмат деб аталган. Радио ходимлари сони жуда кенгайтирилган, Араб, Лотин Америкаси учун Испан, Оврўпо учун Испан, Оврўпо учун Португал тилларида эшиттиришлар тайёрланган. 1940 йил охирида Би-би-си 34 тилда радиоэшиттиришларни эфирга узатган. Ҳар куни 78 та янгиликлар бюллетени тайёрланган, янги хизматлар Исланд, Албан, Ҳинд, Бирма тиллари ва Люксембургдаги диалектлардан бирида эшиттириш тайёрланган.

  • Урушдаги ахборот уруши

    Уруш туфайли Би-би-си бўлимларини Лондоннинг турли бурчакларида жойлаштиришга тўғри келган. Бироқ бунга қарамасдан, Британия ҳукумати ўзи учун радио аҳамияти ошганлигини ҳис қилган. 1941 йилда Би-би-си жами ходимларининг сони 1400 дан ошган.

  • 1940 йил декабрида Би-би-си радио ташқарисида Олмония бомбаси портлаши оқибатида бино қаттиқ шикастланган, улкан ёнғин бир неча давом этган. Радионинг Оврўпо хизматларини Лондоннинг шимоли-ғарбидаги фойдаланилмай ётган бинога кўчиришга тўғри келган. 1941 йилда радио яна Буш Хаусга кўчиб ўтади.

  • Ғалаба учун V

    1941 йил январида Бельгия учун Француз хизмати раҳбари Виктор де Лавелье бельгиялик тингловчиларга мурожаат қилиб, "Ғалаба учун V"(V for Victory) белгисидан фойдаланиш таклифини илгари суради. Бунинг маъноси босқинчи кучларга қаршиликни англатарди. 1041 йил 19 июлида илк бор ўзининг маърузасида Черчилл "Ғалаба учун V" белгисини ыщллайди.

  • Қаршилик ҳаракатларига ёрдам

    Оврўпода босқинчиларга қарши жанг қилаётган жангчиларни дастаклаш мақсадида Би-би-си Оврўпо хизматлари ўз эшиттиришларида жангчиларга мўлжалланган махфий муждаларни йўллай бошлади. "Мадмуазел итининг бурнини силади" деганга ўхшаш жумлалар жангчиларга режаланган ҳарбий амалиёт бўлишини ёки бекор қилинганини, юборилган одамлар ёки ҳужжатлар манзилга етгани хабарини берган.

  • Фронт чизиғида

    Би-би-сининг CD Адамсон сингари уруш мухбирлари фронт чизиғидан ўз хабарларини пластинкаларда узатганлар. Би-би-сининг яна бир мухбири Годфрей Талбот иттифоқчиларнинг 1942 йилдаги "Эл-Аламийн" деб номланган операцияси муваффақияти ҳақидаги хабарни радиостудияга айлантирилган махсус юк автомобилидан узатган. Армия томонидан махсус цензор тайинланган, у мухбирнинг ҳар бир матнини кўздан кечириб берган.

  • Шарқий Блокка мўлжалланган радиоэшиттиришлар

    Иккинчи Жаҳон Уруши тугаганидан кейин Ғарб мамлакатларининг СССР билан муносабатлари совуқлашди. Оврўпо бўйлаб "Темир девор" ёки "Темир парда" пайдо бўлади. 1946 йил февралида Британия Ташқи ишлар вазирлиги расман Би-би-сидан Рус хизматини очишни сўрайди, бир ойдан сўнг фаолият эшиттиришларини бошлайди. Дастлабки йилларда тингловчилар Би-би-си Рус хизмати эшиттиришларини бемалол тинглай оладилар, лекин Совуқ Уруш даври бошланаркан, Кремл Би-би-си эшиттиришларини "бўғишни бошлайди". Шўролар давридан қолган бу амалиётнинг бугун Ўзбек хизмати эшиттиришларига нисбатан қўлланилаётганини кўриш мумкин.

  • Можаристон исёни

    1956 йилда Совет Армияси Можаристондаги ғалаённи бостирганидан кейин Би-би-си Можар хизмати Венгриядан қочиб Британияга келган қочқинлар мурожаатларини эфирга бера бошлаган.

  • Би-би-си Вьетнам хизматининг ходимлари. 1965 йил.

  • 1960 йилларда кўтариб юриш мумкин бўлган ва батареядан қувват оладиган радиотранзисторлар пайдо бўлди. Бу эса дунё бўйлаб радиотингловчилар сонини оширди. 1955-1965 йиллар орасида Шарқий Оврўпода ўз радиосига эга одамларнинг сони уч баравар кўпайди. Шунингдек, Яқин Шарқда, Хитой, Шимолий Африка ва Ҳиндистонда радиолар савдоси авжига чиқди. Ўшанда Би-би-сининг Хорижий хизматлари номини Жаҳон хизмати деб ўзгартиришга қарор қилинди.

  • Георгий Марков

    1978 йилда Би-би-си Булғор хизматининг ходими Георгий Марков Лондондаги Темза дарёси устидан ўтган Ватерлоо кўпригидан ишхонаси Буш Хаусга қараб йўл олади. Бу туш вақти ва кўприкда оломон кўп эди. Тўсатдан Марков оёғида оғриқ сезади, орқага ўгирилиб қараб соябон ушлаган одамни кўради. Марков Буш Хаусга етиб келиб ҳолсизланади. Орадан уч кун ўтганидан кейин у вафот этган. Эксгумацияда унинг баданидан кичкина шарик топилади, унда икки тешик бўлиб, бу тешикларга жуда кучли заҳар рицин солинган. Кейинчалик СССР КГБси рицинли соябонни ясагани маълум бўлган.

  • Вацлав Ҳавел

    Совуқ Урушдаги "Темир парда" даврида ахборот узатиш қийинчилигини Вацлав Ҳавел мисолида кўриш мумкин. Шўролар Иттифоқи қулаганидан кейин Чехиянинг президенти бўлган драматург Ҳавелнинг "овозини бўғиш" учун расмийлар унга телефондан фойдаланишни тақиқлаганлар. Аммо Би-би-си Чех хизмати Вацлав Ҳавел билан сўзлашиш йўлини топган, келишилган пайтда унга почтадаги телефон сўзлашув пунктига қўнғироқ қилиб, унинг суҳбатлари ёзиб олинган ва эфирга берилган.

  • Фолкленд можароси

    1982 йилда Аргентина Фолкленд оролларини босиб олганидан кейин Би-би-сининг "Фолклендга чақириқ" ҳафталик радиодастурлари бу оролдаги инсонлар ташқи дунё билан алоқа воситасига айланади. Би-би-си Британия ҳукумати танқидига учрайди. Бош вазир Маргарет Тетчер Би-би-сининг ҳам Аргентина ва ҳам Британияга тенг қараётганини ёқтирмайди. Лекин бунга қарамасдан Би-би-си холислик йўлидан чекинмайди, Лотин Америкаси хизматлари ўз эшиттиришларида "Фолкленд ёки Малвин ороллари" иборасини мунтазам қўллайди.

  • Би-би-си ўзи билмаган ҳолда СССР КГБси зобитларини тайёргарликдан ўтказиш мактабига айланади. Ғарбга қочиб ўтган КГБ агенти Олег Гордиевскийнинг айтишича, жосуслар тайёрлаш марказида Инглиз тилини ўрганаётганлар Би-би-си Жаҳон хизмати эшиттиришларини тинглашдан бошлашган. Лекин кассеталарга инглиз тилидаги жаҳон янгиликларини ёзишдан олдин аксилшўро мазмундаги ҳар қандай матн олиб ташланган. "Би-би-сининг Совет Иттифоқи учун муҳимлигини тасаввур қилиб бўлмайди. Сиз биз учун университетга ўхшардингиз", дейди Олег Гордиевский.

  • Янги давр

    Умумий фаолияти давомида Жаҳон хизмати 68 тилда эшиттиришлар узатган. Кўп тиллар келган ва кетган, улар орасида Малта, Гужарат, қисқа вақт мобайнида Япон, Уэлс тилидаги хизматлар фаолият юритди. Берлин деворининг қулаши Шарқий Оврўпо мамлакатлари учун янги даврни бошлаб берди ва Би-би-си Жаҳон хизмати бу мамлакатлар асосий янгилик манбаси бўлмай қолди. Натижада аксар Оврўпо тиллари хизматлари ёпилди. Ҳозирга келиб Би-би-си Жаҳон хизматида 28 тилда эшиттиришлар тайёрланади, бир неча хизматлар фақат онлайн фаолият юритади.

  • Дунёга дарча

    Би-би-си Жаҳон хизмати бутун дунё бўйлаб кўплаб инсонларга гаровга олинган пайти ёки уй қамоғида муҳим дунё дарчаси бўлиб хизмат қилган. 1986 йилда академик Брайан Кинан, тележурналист Жон Маккарти ва махсус элчи Терри Уэйт Ливандаги исломий гуруҳ томонидан гаровга олинади. "Мен Би-би-си Жаҳон хизматини мунтазам эшитардим. Амакиваччам Жон махсус дастурда чиқиб турар, унинг бу чиқишларидан мен оиламдаги янгиликлардан бохабар бўлардим", деб айтган Терри Уэйт.

  • "Би-би-си энг зўри"

    1991 йили августидаги ГКЧП воқеалари пайти Михаил Горбачёвни уч кун ташқи дунёдан узиб қўйишади. Унинг ташқи дунё билан ягона боғланиш йўли қўриқчилари ясаб берган қўлбола радио орқали хориж радиоларини тинглаш бўлади. Кейин Горбачёв Би-би-сини радиоларнинг энг зўри деб атайди.

  • 1994 йилдаги Руандадаги қатлиомда Mille Collines радиоси Тутсилар ва Хутуларга қарши одамларни зўравонликка ундовчи рол ўйнаган. Би-би-си мувозанатни ўрнатишга ёрдамлашган. Би-би-сининг Француз ва Свахили хизматлари Қизил Хоч ташкилоти билан ҳамкорлик қилган ва миллионлаб ўзларининг яшаб турган жойларидан кўчирилган инсонларга ягона тўғри ахборот ва юз берган хатоликлар тафсилотини тушунтириб берган радио бўлиб хизмат қилган. Кейинроқ бу хизматлар Буюк Кўллар хизмати номи остида янада кенгайтирилган.

  • 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари

    Нью-Йоркдаги Жаҳон Савдо маркази биноларига ҳужумлар содир этилгани Буш Хаусдаги осойишта студия муҳитларини ҳам бир зумда ўзгартириб юборди. Бош муҳаррир Рэйчел Харвей стол устига сакраб чиқиб, ходимларни тинчланишга чақирган, ҳали қандай ривожланиши номаълум ҳодисаларни радиода қай йўсинда ёритиш режасини муҳокама қилишга чақирган.

  • Араб ва Форс телевидениелари

    2008 йил мартида Би-би-си Араб телевидениеси ўз кўрсатувларини намойиш эта бошлади. Орадан бир йил ўтиб Би-би-си Форс телевидениеси кўрсатувлари эфирга чиқди. Бу Би-би-сининг илк телевизионлари эмас эди. Инглиз тилида Жаҳон хизмати телевидениеси кўрсатувлари 1991 йилда бошланган, унинг номи 1996 йилда BBC World, ҳозирга келиб эса BBC World News деб ўзгартирилган.

  • Ҳаити зилзиласи

    2010 йил 12 январида Ҳаитидаги вайронакор ер қимирлаши рўй берганидан кейин Би-би-си Кариб хизмати ҳар куни Ҳаитидаги халқ сўзлашадиган Креол тилида 20 дақиқалик эшиттиришларни йўлга қўйди. Бу эшиттиришларда ҳаитиликларга маҳаллий тиббий ёрдамлар, озиқ-овқат ва сув таъминоти ҳақидаги ахборотни етказар, инсонларнинг ўз яқинларини топишларига ёрдам берадиган маълумотларни берар ва ҳаитилик мусиқачи ва қўшиқчиларнинг чиқишларига вақт бериб, зилзила оқибатларини бартараф этишга кўмаклашадиган кўнгилочар дастурларни ташкиллаштирди.

  • Қимматга эга янги манбалар

    2011 йилдаги "Араб баҳори" пайти социал медиа журналистлар учун янги қимматга эга манба бўлиб хизмат қилди. Ижтимоий тармоқлар орқали инсонлар шоҳидлик берар, минтақадан видео ва фотосуратларни олиш мумкин эди. Бунинг самарасини икки йўлда кўриш мумкин эди: социал медиа ахборот йиғишдаги муҳим восита ролини ўйнаган бўлса, келаётган ушбу хабарларни дунёга тарқатиш тингловчи-ўқувчиларни янгиликларнинг энг марказига қўйиш имкониятини яратди. Би-би-си Жаҳон хизматининг ахборот йиғиш ва уни тарқатиш амалиётида социал медиа ҳамон асосий ролни ўйнаб келмоқда.

  • Аун Сан Су Чи

    2010 йил ноябрида Бирмадаги демократик лидер Аун Сан Су Чи уй қамоғидан озод этилди. У уй қамоғидалигида Би-би-си Жаҳон хизмати эшиттиришларини тинглаб келганини айтиш билан бирга Jolly Good Show мусиқий дастури иштиёқмандига айланганини маълум қилди.

  • Радиоэфир Уйига қайтиш

    Орадан 71 йил ўтиб Би-би-си Жаҳон хизмати ўзининг биноси - Broadcasting Houseга кўчиб ўтишни бошлади. Бу ерда Жаҳон хизмати журналистлари энди Би-би-сининг бошқа бўлимлари - онлайн ва телевидениедаги ҳамкасблари билан бир жойда ишлашади.

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.