Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Фаоллар Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлганини ўзига хос 'нишонлашди'

Image caption Фаоллар Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТ олдида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармаяпти, дейишади

Ўзбекистон Бирлашган миллатлар Ташкилотининг аъзоси этиб қабул қилинганига 20 йил тўлган.

Мустақилликка эришган Ўзбекистон 1992 йилнинг 2 мартида БМТ аъзоси бўлганди.

Ўзбек матбуоти Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айлангани ҳақидаги мақолаларни эълон қилган, шу муносабат билан Тошкентда турли тадбирлар уюштирилган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам ушбу санани ўзига хос тарзда нишонлашга қарор қилганлар, айрим фаоллар Ўзбекистон президентининг қароргоҳи томон юриш қилиб, мамлакат БМТ олдида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармаётганини изҳор этмоқчи бўлганлар.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси аъзоси Елена Урлаева ва Ўзбекистондаги 2007 йилдаги президентлик сайловида мустақил номзод сифатида расман рўйхатдан ўтишга муваффақиятсиз ҳаракат қилган Абдулла Тожибой ўғли пойтахт Тошкентда "президент трассаси" деганда кўпчилик яхши биладиган йўлга чиққанлар.

Икки фаолни Ўзбекистон президентининг Дўрмон қароргоҳига бир неча юз метр қолганда милиция ходимлари тўхтатишган, уларнинг қўлларидаги мобил телефонларини тортиб олишга уринганлар.

"Ўзбекистондаги на милиция, на прокуратура, на судга мурожаат қилишдан натижа йўқ. Шунинг учун биз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати бўлган Ўзбекистон президентининг эътиборини инсон ҳуқуқларининг поймол этилаётгани билан боғлиқ муаммоларга жалб этишга қарор қилдик", деб айтди Абдулла Тожибой ўғли.

Икки кун илгари Абдулла Тожибой ўғли ўз конституцион ҳуқуқларини талаб қилиб чиққани учун Тошкент милициясининг очиқ ҳаводаги ит сақланадиган катагида бир неча соат туришга мажбур бўлганини айтади.

Абдулла Тожибой ўғлининг Тошкентдаги хонадони гази ва электр қуввати 2011 йил августида қарзорлик важи билан узиб ташланган ва шу вақтгача ҳам уланмаган.

Бу борадаги шикоятларидан наф бўлмаган фаол Тошкент шаҳар ҳокимлиги қаршисида норозилик амалиёти уюштиради, у ўзининг плакатларини ёйиши билан милиция ходимлари томонидан ҳибсга олиниб кетилади.

Тошкентнинг Миробод туман Ички ишлар бўлими ҳовлисида кечки соат 6 лардан соат 23 ларгача кучук сақланадиган катакка қамаб, катак ёнига 2 қуролли милиционер қўриқчи қўйилади.

Тунги соат 11 даги маҳкама инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини 4 миллион сўмлик жаримага тортган.

Ўзбекистон президентининг қароргоҳи томон юриш қилаётган пайтларида Абдулла Тожибой ўғли телефонда Би-би-сига қуйидагиларни айтиб берди.