Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россиялик адвокат шариат маҳкамасини яратиш ташаббуси билан чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россияда яшаётган мусулмонлар сони мунтазам ортиб бормоқда

Россиялик таниқли адвокат Москва ва мамлакатнинг бошқа марказий минтақаларида шариат маҳкамаларини яратиш ташаббуси билан чиқди.

Москвадаги "Драконта" адвокатлик идорасининг бошлиғи Дагир Хасавов мусулмонлар ўртасидаги маҳаллий-маиший ва оилавий можароларни шариат ҳукми асосида ечиш лозимлигини айтади.

Туркманистонда 90 йиллар бошида илк хусусий адвокатлик идорасини очган Дагир Хасавов ўн йилдан буён Россияда мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади.

Дагир Хасавов Москвада Жомеъ Масжидини бузилиши юзасдан келиб чиққан жанжалга боғлиқ маҳкама уни Россияда шариат маҳкамасини яратиш зарур деган қарорга келишга ундаганини айтади.

"Ушбу маҳкама ишига бир йилдан буён маҳкама ҳукми чиққани йўқ. Мен турли шахслар ва муассисалар билан маслаҳатлашиш натижасида Россиядаги маҳкама тизими самарасиз ва мустақил эмас, деган хулосага келдим. Дунёвий маҳкама иш бермаяпти ёки етарлича самарали эмас. Хўш, мусулмонларнинг кундалик ҳаётида юзага келадиган муаммоларни қайси маҳкама еча олади? Мен бу - шариат маҳкамаси деган хулосага келдим," - дейди Дагир Хасавов.

Унинг айтишича, шариат маҳкамаси "бетараф , адолатли ва тез ҳукм чиқаришга қодир".

Адвокатга кўра, одатда мусулмонлар ўртасида юзага келган маиший ва оилавий тортишувларни кўриб чиқувчи маҳкамалар "маслаҳат кенгашлари" ёки бошқа номлар билан юритилади.

"Агар икки томон учинчи томоннинг қарорини қабул қилишга рози бўлса, бу маҳкама қарорини эътироф этиш керак. Шунинг учун биз бундай маҳкамани шариат маҳкамаси, деб аташ таклифи билан чиқмоқчи бўлаяпмиз," - дейди Дагир Хасавов. - "Бундан ҳеч ким қўрқмаслиги керак. Россияда православ черкови чиқарган ҳукмлар бор ва бундан ҳеч ким хавотирга тушмайди. Охирги 10 йилда Москвада 200 та черков қурилди, бу ҳеч кимни хавотирга солгани йўқ, жумладан мени ҳам. Лекин мени мусулмонларга ўз муаммоларини ҳал қиладиган жойлари йўқлиги ташвишга солади."

Унинг таъкидлашича, шариат маҳкамаларини яратиш ҳақидаги ташаббусга миллатчи ва Ислом динини тушунмаганлар ёда унга ёвқарашда бўлган одамларгина қарши чиқишлари мумкин.

"Бизнинг ташаббусимизни "Бўлди, Қафқозни боқишни бас қилайлик," деганлар қўллаб-қувватламайди. Шариат маҳкамасини яратишдан ҳукуматнинг ўзи манфаатдор бўлиши керак. Агар ҳукуматнинг ўзи ҳозир бўлаётгани сингари мусулмонлар ҳаётидан узоқлашаверса, кейин кеч бўлади. Чунки мусулмон аҳолиси сони давомли ортиб бораяпти. Мана менинг идорам деразасини очинг, пастда ҳовли супураётган ўзбек ва тожикни кўрасиз. Бу - воқелик," - дейди Дагир Хасавов.

Унинг сўзларига кўра, Россия қонунларида диний маҳкамалар ҳақида тўғридан-тўғри ҳеч нима дейилмаган.

"Аммо, қонун тортишаётган икки тарафга учинчи томонни, яъни ҳакамни танлаш ҳуқуқини бериб қўйган. Шунинг учун Россияда мавжуд маҳкамаларга параллел равишда шариат маҳкмамаларини яратиб, одамларни қўрқитмасдан, ярим яширин ҳолатда бўлган бу тажрибани қонунийлаштириш керак," - дейди адвокат.

Айни вазифани амалга ошириш, Дагир Хасавовнинг ишонишича, Россия парламенти ва янги сайланган президент вазифасидир.

Би-би-си ва Дагир Хасавов ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни тингланг.