Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Малидаги исломий жангарилар ЮНЕСКО ҳимоясидаги мақбарага ҳужум қилганлар

Малидаги Тимбукту шаҳри аҳолисига кўра, "Ансоруддин" қуролли исломий гуруҳ аъзолари ЮНЕСКОнинг Жаҳон Мероси рўйхатига киритилган қадимий мақбаралардан бирига шикаст етказганлар.

"Ансоруддин" гуруҳи "Ал-Қоида"га алоқаси бор гуруҳ деб кўрилади.

Тимбукту шаҳридаги мусулмон шоҳидларнинг мухбирларга айтишларича, жума куни маҳаллий одамлар жума намозига Сиддиқ Маҳмуд бин Умар мақбарасига йўл олган пайтларида уларнинг йўлини "Ансоруддин" гуруҳининг уч қуроллиси тўсган.

Жангарилар мақбарага йўл олган мусулмонларга қарата "қилаётган бу ишларинг ҳаром. Ўлган одамдан сўрагандан кўра, Оллоҳдан сўраш керак", дейишган.

Кейин гувоҳларга кўра, жангарилар мақбаранинг ичига кириб, қабр устидаги матолар, мақбаранинг ёғоч эшик ва ромларини синдиришган, уларни ташқарига олиб чиқиб ёқишган.

Тимбуктулик сиёсатчилардан бири ушбу ҳодиса мусулмонлар ўртасида зўравонликларни келтириб чиқаришидан хавотир билдирган.

Айрим радикал исломий гуруҳлар тарафдорлари мақбараларга кескин қарши чиқишади, улар бундай обидаларни бузиб ташлашни ҳам ёқлайдилар.

Аммо айрим анъанавий мусулмонлар, хусусан, Сўфийлик тарафдорлари мақбаралани Ислом динининг таркибий қисми сифатида кўрадилар.

Охирги йилда "Салафийлик" оқими тарафдорлари томонидан Миср ва Ливиядаги қатор Сўфийлик мақбараларига ҳужумлар уюштирилгани ҳоллари кузатилди.

Малидаги давлат тўнтаришидан кейин ЮНЕСКО раҳбарияти Малидаги исёнчиларга мурожаат қилиб, "меъморий мўъжизаларни" эҳтиёт қилишга чақирди.

Тимбукту шаҳрида 333 мақбара мавжуд.

Шулардан 16 таси, жумладан жангарилар шикастлагани хабар қилинган Сиддиқ Маҳмуд бин Умар мақбараси ҳам ЮНЕСКОнинг Жаҳон Мероси рўйхатига киритилган.

Бу шаҳардаги Санкоре, Сиддиқ Яҳъё ва Жингарей бер масжидлари жаҳондаги энг қадимги лой масжидлар ҳисобланади.