Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Миржалол Қосимов: 'Бунёдкор'нинг ғалаба қозонишини кутгандим'

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони, Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси яна бир бор Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлди.

"Бунёдкор" сафарда Жанубий Кореянинг "Сонгнам Ильва Чумна" жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Жамоасининг оламшумул ютуғи ортидан, бош мураббий Миржалол Қосимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, шогирдларининг ютуғи ўзи учун сюрприз бўлгани йўқ.

"Битта мен эмас, ҳар бир мураббий ҳар доим ўз жамоасининг халқаро турнирларда яхши иштирок этишини ният қилади, кутиб қолади. Шунинг учун ҳам, албатта, хурсандман. Биз ўз мақсадимизга эришдик, "Сонгнам Ильва Чумна"ни меҳмонда енга олдик", дейди таниқли мураббий.

"Бунёдкор" бош мураббийсига кўра, бу каби ютуққа эришишларига энг аввало ўз кучларига ишонганликлари ва жамоанинг қанчалик бирдамлиги ёрдам берган.

"Бу ютуқ - бир кишининг ютуғи эмас. Бу жамоавий ўйин бўлгани учун ҳам, кучимиз бирдамликда бўлди деб ўйлайман", дейди Миржалол Қосимов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

"Бунёдкор" ўзининг қисқа тарихида Осиё чемпионлар лигасида яхшигина ном қозониб улгурган.

2008 йилда лига ўйинларининг ярим, кейинги йили эса чорак финалига қадар чиқишга муваффақ бўлган.

Клуб илк ташкил топган кунлариданоқ қитъа чемпионлари чемпиони ва клублар орасида жаҳон биринчилиги ғолиби бўлиш истагида эканини баралла баён қилиб келарди.

Жамоа осмонўпар орзуларига етишиш учун ўз вақтида Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг манаман деган мураббий ва футболчиларини Ўзбекистонга келтирган.

Аммо "Бунёдкор"га ҳозирча қитъа ғолиблиги насиб этмаган.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ўз вақтида Ўзбекистоннинг энг серхарж ва осмонўпар бўлган жамоасининг донгдор мураббию юлдуз футболчиларисиз қўлга киритган жиддий ютуғидир.

Клуб Бош мураббийси олдидан башорат қилишни ёқтирмаслиги, кейинги икки учрашувларида кучлар тенг бўлишига ишончи комил эканини айтади.

"Иложи борича қадамба-қадам кейинги босқичдан чиқишга ҳаракат қиламиз", дейди у.

Осиё чемпионлар лигаси чорак финал учрашувларига қуръа 14 июн куни ташланади.

Шундан сўнг, жамоалар ўзларининг бўлажак рақибларини билиб олишади.