Қозоғистонда энг зўр бўса мусобақаси бекор қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Хабар интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди

Мусулмонларнинг танқиди ортидан Остонада “Энг зўр бўса танлови” қолдирилди. Ташкилотчилар омма олдида ўпишишни истовчилар ўта озлиги сабаб ушбу танловни қолдиришганини билдирган.

Бунгача Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси махсус баёнот билан чиқиб ёшларни бу “фаҳш ишни бойкот қилиш”га чақирган эди. Диний идоранинг ушбу чақириғи турли мунозараларга сабаб бўлган.

Танқидчилар диний идорани дунёвий ишларга аралашаётганликда айблаган. Қозоғистон мусулмонлар диний идораси бу вақтгача ҳам жамиятдаги ўзгаришларга ўз муносабатини билдириб туриши билан ажралиб келган.

Бўсалар танлови пойтахт Остонада 13 июл, жума куни бўлиб ўтиши керак эди. Лойиҳа ташкилотчиси Ербол Кушугулов очиқ майдонда бўса олувчиларни кўпроқ йиғиб Гиннеснинг рекордлар китобига киришни ҳам мақсад қилганди. Аммо, ташкилотчи Facebook орқали танлов бекор қилинганини билдирди.

Ербол Кушугулов Би-би-сига Facebook орқали, “оддий танловдан катта муаммо яратишди, қўпол қилиб айтганда пашшадан фил ясашди”, деди.

Мусулмонлар диний идорасининг ёшларни ушбу танловни байқот қилишга чақириғидан сўнг, унда иштирок этишни истовчиларнинг сони жуда озчиликни ташкил қилган.

Ақтўба вилояти бош имоми Абдумуталлиб Давронбеков Исломда ман қилинган бу каби амалларга уламолар ҳар доим қарши бўлиб келганини айтади.

“Агар шу каби ҳаром ишларга бепарво бўлинадиган бўлса, жамият ва одамзод бузилади. Шунинг учун ароқ, наша, эркакларнинг эркаклар билан ўпиши, никоҳсиз аёллар билан ўпишиши каби исломда қатъиян ман қилинган ишларга уламолари қарши”, - дейди Абдумуталлиб Давронбеков.

Ушбу хабар интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Фикр билдирувчиларни иккига бўлинганини кўриш мумкин. Диний идоранинг ушбу чақириғини қўллаб қувватловчилар сирасига ҳаттоки Қозоғистоннинг БМТдаги вакили, ташкилот бош котибининг ўринбосари Қосим – Жомарт Тўқаев ҳам қўшилган.

Тўқаев жаноблари ўз Твиттеридаги саҳифасида, “Диний идоранинг Остонадаги бўсалар марафонини бойкот қилишга чақириғини қўллаб қувватлайман. Ўзга давлатларда мавжуд ҳамма нарсани кўр кўрона олиш керак эмас”, деган.

Қарши томон Қозоғистоннинг дунёвий давлатлигини таъкидлаган. Қозоғистон талабаларининг мустақил касаба уюшмаси раҳбари Ринат Қибраев Қозоғистон очиқ бир жамият эканлигини ва бўса танловлари каби ҳолатлар нормал эканлигини айтади.

“Қозоғистон эркин давлат, бу каби танловлар жамиятда маънавиятсизлик деб қабул қилинувчи Афғонистон ёки Саудия Арабистонига ўхшамайди. Чунки Қозоғистонда жуда ҳам кўплаб маънавиятга зид ишлар содир бўлмоқда. Ёшларимиз ҳам анча мустақил ва жамиятимизда содир бўлаётган бошқа ҳолатлар олдида бўса олиш танловини салбий деб ҳисобламайман”, - дейди Ринат Қибраев.

Интернетда фикр билдирувчилар Мусулмонлар диний идорасини дунёвий ишларга аралашаётганликда айблаган ва идора диний ишлар билан чекланиши лозимлигини урғулаган.

Ақтўбе вилоят бош имоми Абдумуталлиб Давронбеков мусулмонлар ҳам ушбу жамиятда тенг ҳуқуқли эканлигини ва бу каби чақириқларга ҳақли эканлигини айтади.

“Дунёда фақат улар яшаётгани йўқ, мусулмонлар ҳам улар билан биргаликда умр кечираяпмиз. Кейин ушбу дин фақат мусулмонларга туширилмаган, балки бутун дунёнинг тараққий этиши учун юборилган. Қайси замонда бўлмасин, шариат томонидан манъ қилинган ишларга жиддий эътибор берилмаса, инсоннинг табиати бузилади, турли балолар ёғилиши мумкин. Шунинг учун ҳам, биз ҳар қандай ман қилинган ишларни тўхтатишга ҳар доим ҳозир турамиз”, дейди Абдумуталлиб Давронбеков.

Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси жамиятдаги ҳодисаларга ўз муносабатини билдириши ва бирор ўзгариш қилишга ҳаракат қилишини кузатиш мумкин.

Олма ота бош имоми шаҳар ҳокимига мурожаат билан чиқиб, кўчалардаги билбордларда фаҳш киноларнинг рекламасини олиб ташлашни сўраган. Диний идора эса ҳукуматга рўза кунлари нарх наволарни туширишни сўраб мурожаат қилган.