'Шубҳали диктатуралар ва уларга ёрдам беришга тайёр кирдикорли британиялик лоббийчилар'

Британияда чоп этиладиган "Индепендент" рўзномасида мамлакатдаги лоббийчилик соҳаси фаолиятига назар ташловчи қатор мақолалар чоп этилган.

Ўтган йили ҳам икки тадқиқотчи журналистнинг ўзларини Ўзбекистон ҳукуматининг вакили сифатида тақдим этишлари ортидан ошкор қилган маълумотларига биноан лоббий гуруҳларининг ҳар қандай режимга ёрдам беришга тайёр эканликлари юзасидан хавотирлар изҳор этилган мақола чоп этилганди.

Бу галги мақола "Шубҳали диктатуралар ва уларга ёрдам беришга тайёр кирдикорли лоббийчилар", дея номланган.

Ўтган йил июн ойида Bell Pottinger (Белл Потинжер) лоббий гуруҳининг идорасига икки мижоз келади.

"Индепент" газетасида чоп этилган мақолада айтилишича, бир британиялик ишбилармон ва унинг ўзбек ҳамкасби мижоз сифатида ёқимсизликда уларнинг олдига тушадигани йўқ эди.

Бу икки мижоз қотилликлар, инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилиш ва Ғарбга сотишни хоҳлаган пахтасини етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланиш учун масъул бўлган Ўзбекистон ҳукумати манфаатларини тақдим этувчи "Azimov Group" вакиллари эканлигини айтишади.

Уларнинг икки мақсади бор эди: Оврўпо Иттифоқининг импорт тақиқини бекор қилиш ва Ўзбекистоннинг ёмонотлиқ имиджини яхшилаш.

Хўш, британиялик либбийчилар бу икки вакилга қандай ёрдам беришди, дея савол ташлайди "Индепендент"даги мақола муаллифи.

Аслида бу икки "Azimov Group" гуруҳи вакили, Тадқиқотчи Журнализм Бюросидан эдилар ва Британия лоббийчилари билан соатлаб учрашувлари мобайнида лоббийчилар бизнеси сирларини ошкор этувчи суҳбатларни ёзиб олдилар.

Bell Pottinger лобби гуруҳига Британия собиқ бош вазири Маргарет Тетчернинг ёрдамчиси лорд Белл асос солган.

Ўтган йил "Индепендент" рўзномасида лоббийчилик саноати ҳақида чоп этилган мақола Лондондаги халқаро лоббийчиликнинг кирдикорларига назар ташлаб, "Лондон имиджларни тозалаб бериш маркази"га айланган, деган хулосага келганди.

Тадқиқотчи Журнализм Бюроси Bell Pottinger ва яна тўққиз шу каби ширкатнинг хорижий режимларга етказаётган хизматлари ҳақида маълумот олганидан сўнг фаолиятларини текширишга киришганди.

2011 йилнинг июн ойида Bell Pottinger офисида бўлиб ўтган икки учрашув мобайнида ширкат бошқарувчилари Ўзбекистон ҳукуматининг ёмонотлиқ обрўсидан ҳеч ҳам ҳайиқмагандек кўриндилар.

Bell Pottinger вакиллари Ўзбекистон ҳукумати ўз обрўсини яхшиламоқчи бўлса ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини айтиб ўтишди, лекин бу ҳукумат манфаатларини тарғиб қилиш йўлида бу нарса ҳозирда тўсиқ бўлмаслигини ҳам таъкидладилар.

Том Коллинс, Bell Pottinger Public Affairs нинг бошқарувчи директори, бош вазир Дэвид Камерун ва молия вазири Жорж Осборнлар билан бир вақтлар ишлагани ва керак бўлса Бош вазир қароргоҳига ҳам қўли етишини маълум қилган.

Ширкатнинг яна бир вакили Дэвид Уилсон эса жанорб Камерун ва ўзбек президенти ўртасида учрашув ташкил қилиш эҳтимоли ҳақида сўралган вақти, "ҳа буни қила оламиз", дея жавоб берган.

Мақолада айтилишича, ширкат вакиллари ўтмишда Хитой, Белорус ва қатор бошқа мамлакатлар расмийларига олий мақомдаги учрашувларни ташкиллаштиришда ёрдам берганликларини мисол тариқасида келтирганлар. Лекин Британ Бош вазири оффиси бу даъволарни қатъиян рад этган.

Bell Pottinger вакиллари, шунингдек, Интернетдаги маълумотларни сохталаштириш йўлида ёрдам беришлари мумкинлигини ҳам айтишган.

Мақолада хулоса қилиб айтилишича, Британияда бу соҳани яхшилаш йўлида қилинаётган қатор ҳаракатларга қарамай соҳа ҳали тўлиқ ислоҳ этилмаган ва келажакда кўплаб ишлар қилиниши керакдир.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас