Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Муҳаммадқодир Абдуллаев ўзбек боксчилари мағлубияти ҳақида нима дейди?

Image caption Ўйинларда иштирок этган олти боксчидан фақат 75 кг вазн тоифасида Аббос Атоевгина ярим финалда беллашадиган бўлди

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни жаъми олти нафар боксчи намоён этган бўлса, улардан 5 нафари беллашувлардаги иштирокларига якун ясашди.

Кеча бўлиб ўтган чорак финал беллашувларида Ўктамжон Раҳмонов ва Элшод Расуловлар ҳам ҳал қилувчи учрашувларини ютқазиб қўйишди.

Улардан аввал 60 кг вазнда Фазлиддин Ғойипназаров кеча ва 52 кг вазнда Жасурбек Латиповлар бугун ярим финалга чиқиш имкониятини бой бериб қўйишганди.

Агар бу боксчилар чорак финал жангларида ғалаба қозонишса, ўзларига Ўйинларнинг бронза медалини кафолатлаган бўлишарди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элшод Расулов эса, Ўйинларнинг чорак финалида иштирок этган ўзбекистонлик сўнгги боксчи эди.

Унинг мағлубияти ортидан Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари бокс беллашувларининг ярим финалида фақат 75 кг вазнда Аббос Атоев рингга тушадиган бўлди.

Душанба куни 75 кг вазн тоифасида ҳиндистонлик рақибини мағлуб этган Аббос Атоев ўзи учун Ўйинларнинг камида бронза медалини кафолатлаган.

Аммо сўнгги Пекин Олимпиада Ўйинларидан фарқли тарзда, ўзбекистонлик боксчилардан аксарияти дастлабки жангларини кетма-кет ғалаба билан бошлаб, Ўйинларнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишганди.

Ўйинлар поёнига етиб бораркан, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобида ҳозирча битта бронза медали бор.

28 июл куни татамига чиққан таниқли дзюдочи Ришод Собиров ўз жамоасига илк ва ҳозирча ягона медални келтиришга муваффақ бўлганди.

Мен мустақил Ўзбекистон тарихида Олимпиада Ўйинларининг олтин медалини қўлга киритган ягона боксчи бўлмиш Муҳаммадқодир Абдуллаев билан боғланиб, Ўзбек боксчиларининг чиқишларига муносабатини сўрадим.