Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбекистон Бразилия томон муҳим қадам ташлади'

Тошкентдан фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Ливан устидан 1:0 ҳисобидаги ғалабасига ана шундай баҳо берди.

Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та йўлланмадан биттасини қўлга киритиш учун ўз курашини давом эттираётган Ўзбекистон қолган ҳал қилувчи уч учрашувидан бирида Ливанни мағлуб этди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров ўйиннинг 64-дақиқасида киритилган ва учрашув тақдирини ҳал қилган ягона тўп муаллифига айланди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги учрашувини 11 июн куни сафарда Жанубий Корея миллий терма жамоасига қарши ўтказади.

Жамоа сўнгги ғалабаси ортидан 6 ўйиндан жаъми 11 очко тўплаб, "А" гуруҳида пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Аммо бугун Қатарни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб турган Жанубий Корея бир ўйин кам ўтказган.

Лекин, бунга қарамай, фахрий шарҳловчи Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон сўнгги ютуғи ортидан, ўз гуруҳига ажратилган иккита йўлланмадан бирига ҳақли равишда даъвогарлик қилаётган иккита жамоадан бирига айланди.