Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Владимир Кличко билан яна жаҳон чемпионлиги камари учун уришмоқчиман'

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, имконияти бўлиши биланоқ ўз ниятини амалга оширмоқчи.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев орадан икки йил ўтиб айнан Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан маҳрум бўлган.

Руслан яна рингга тушишни ният қилаётган украиналик номдор боксчи жорий пайтда профессионал бокснинг WBO, WBA ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Владимир Кличко шу ой бошида италиялик рақиби Франческо Пианетани енгиб, ўз профессионал карьерасида 14-бор чемпионлик камарларини муваффақиятли ҳимоя этганди.

'Катта тажриба'

Руслан Чагаев Владимир Кличконинг таклифи билан унга сўнгги жанггига тайёрланишга ёрдам берган ва қарийб бир ой давомида унга спарринг ҳамкорлик қилганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчининг айтишича, Владимир Кличко билан бирга ўтказган машғулотлари ўзига жуда катта тажриба вазифасини ўтаган.

"Бу нарса Владимирдан кўра, менга кўпроқ керак эди. Ҳозир шундай ўйдаманки, агар аввал спарринг машғулотлар ўтказиб, кейин рингга тушганимда, Владимир билан бундан олдинги жангим умуман бошқача бўлган бўларди", дейди Руслан Чагаев.

"Жанг умуман бошқача бўларди. Мен ҳозир ўша пайтдаги жангимни эсласам, мен қўллаган тактика Владимир Кличкога умуман тўғри келмас экан".

Руслан Чагаевнинг айтишича, собиқ ва бўлажак рақибининг кучи "жудаям интизомли экани ва ўз ишига ниҳоятда берилганлигидадир".

Владимир Кличко эса, шу йил охирида Русланнинг бошқа бир собиқ рақиби, энг оғир вазн тоифасида WBA таснифида жаҳон чемпиони Александр Поветкин билан рингга тушмоқчи.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи бу нарса ўзини чўчитмаётгани, ҳозир рейтингда яхши мавқеъда тургани ва ўзининг ҳам нияти яна бир бор Владимир Кличко билан жаҳон чемпионлиги учун рингга тушиш эканини айтади.

Тарихча ўрнида

Ўзбекистонлик боксчи қатор жанглар ўтказиш билан WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охирларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушишни режалаган.

Руслан Чагаевга кўра, июн ёки июл ойларида навбатдаги рейтинг жанггини ўтказишни режаламоқда.

Руслан ўтган ва шу йил ҳисобидан ўтказган ҳар тўрт рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Агар 2012 йил ноябр ойидаги маълумотларга қаралса, Руслан Чагаев сўнгги жанггига қадар WBA рейтингида 3-ўринни эгаллаб турганди.

Руслан Чагаевнинг профессионал боксда ўтказган жаъми жанглари сони энди 34 тага етган бўлса, шундан 31 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Руслан ўтган йил август ойида Олмониянинг ўзи қарийб 10 йилдан буён шуғулланиб келган Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва сўнгги жангларини эркин агент мақомида ўтказган.

Руслан Чагаев бир неча ойдан буён янги мураббийси Шугар Ҳилл қўл остида Американинг Детройт шаҳрида шуғулланиб келган ва яқинда Олмонияга қайтганди.

Унинг биз билан суҳбатида айтишича, бундан кейинги машғулотларини ҳар икки мамлакатда ҳам давом этдириш режасидадир.