Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Назарбоев ниҳоят Каримов тутган йўл тўғрилигини англаб етди'

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга расмий сафари, асосан, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, Афғонистондан НАТО чиқиб кетгач минтақада юзага келадиган ҳолат ва Марказий Осиё сув масалаларига эътибор қаратади, деб айтилади.

Айримлар собиқ СССР ҳудудидаги энг узоқ муддат қудратда қолаётган бу икки президент ўзларидан кейинги ворислик масаласини ҳам мубояса этишлари мумкин, деган тахминларни ўртага ташлашган.

Аммо кузатувчиларга кўра, аслида энг муҳим масалалар оммага ошкор этилаётгани йўқ.

Хусусан, Қозоғистон қўшилган Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқи масаласи қайд этилмоқда.

Франциядан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, Қозоғистон ушбу иттифоққа қўшилганидан пушаймон ва ҳозир ўз қарори ортидан зарар ҳам кўрмоқда.

Бундай ҳолатда Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг маслаҳат ва ёрдамига муҳтож.

"Нурсултон Назарбоев ниҳоят Ислом Каримов тутган йўл тўғри эканлигини англаб етди" - дейди сиёсатшунос.