Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Лондондаги Ўзбекистон консуллиги ўзбекистонликларга хизмат қиладими?

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комиловга йўлланган мактубда ўзбекистонлик муҳожирлар АҚШдаги консуллик улар учун нақадар ноқулай идорага айланганини тасвирлайдилар.

"Муаммолар Нью-Йоркдаги консуллик биносига яқинлашишингиз билан бошланади. Одамлар жазирама иссиқ ё жала ёмғир остида соатлаб ташқарида навбатда туришлари керак ва бино ортидаги ахлатнинг сассиқ ҳидидан нафас олишлари керак. Қариялар, болалар ва ногиронлар билан бир қаторда шу навбатда турар эканмиз, Ўзбекистондаги ўхшаш вазиятни ва бепарволикни ёдга оламиз", - дейилади мактубда.

Унда айтилишича, мазкур бино эндиликда АҚШда сони ортган ўзбекистонлик муҳожирлар талабини қондиришга кичиклик қилади. Ўтган йилга қадар бинога кўчадан кириш мумкин бўлган, ва бино залида ўтириб кутиш мумкин эди, бироқ энди консулликка келганлар ахлат олиб чиқилиши ва юклар олиб кирилиши учун мўлжалланган орқа эшикдан қабул қилинади.

"Консуллик идораси атиги бир даҳлизча, унда на дераза на ҳавони совутгичлар бор. У одамларга тўлиб кетса, жуда исиб кетади. Узоқ кутишдан чарчаган болалар йиғлайди, одамлар диққинафас бўлиб, консуллик ходимларининг бепарволигидан жаҳли чиқиб, улар билан уришишни бошлайдилар", - дейилади бу мурожаатномада.

Мактуб муаллифлари яқинда Ўзбекистонга йўл олишга шайланган АҚШ фуқаролари билан суҳбатлашганлари ва улар ўзбек консуллигининг аҳволидан ларзага келганлари ҳам айтилади.

"Консуллик биноси Ўзбекистон остонаси ва унга қараб Ўзбекистонга илк баҳо берилади. Жаноб Комилов, ҳукумат ўз фуқаролари манфаатлари ҳақида қайғуриши керак эмасми? Биз сиздан консулликка келадиган ўзбек фуқароларига ҳурмат ва шараф билан муносабат қилинишини сўраймиз", - дейилади Америкадаги ўзбекистонликлар мактуби якунида.

Лондонда жойлашган Ўзбекистон консуллиги ҳам элчихона биносининг ертўласида жойлашган.

Би-би-си Лондондаги Ўзбекистон консуллигида кўрсатиладиган хизматнинг сифатини ҳақида суҳбатлашиш учун яқинда консуллик хизматидан фойдаланган ўзбек аёл билан боғланди.

Суҳбат ортидан элчихонанинг расмий муносабатини сўраш учун Би-би-си консулликнинг иш вақти доирасида икки телефон рақамлари орқали консуллик билан боғланишга уринди, бироқ ҳаракатлар самарасиз бўлди. Гўшакни ҳеч ким кўтармади.