Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Туркия Твиттерга тўсиқ қўйиш билан кўп нарсага эриша олмайди"

Туркия Президенти Абдулла Гул мамлакат Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг "Твиттер" ижтимоий мулоқот тармоғини тўсиб қўйиш қарорини савол остига олган.

Жаноб Гулнинг айтишича, "Твиттер"нинг буткул ёпиб қўйилиши тоқат қилиб бўлмайдиган амалдир.

Туркия президентига кўра, маҳкама шахсий ҳаётга дахл қилинди, деб топган тақдирдагина муайян веб саҳифалар тўсиб қўйилиши мумкин.

Бундан олдин Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўған мухолифат ижтимоий тармоқлардан ҳукумат ва айнан бош вазирнинг ўзига қарши ҳужум учун фойдаланаётганини айтиб, уларга тўсиқ қўйилиши билан огоҳлантирганди.

"Мени халқаро ҳамжамият бу ҳақда нима дейиши умуман қизиқтирмайди", деб таъкидлаган жаноб Эрдўғон ўзининг сайловолди чиқишида.

Туркияда охирги пайтлар Твиттер ва Фейсбук орқали президентга яқин доираларнинг коррупцияга алоқадорлиги борасида кўплаб хабарлар чиқа бошлаган.

Туркиянинг туркий давлатлар бўйича собиқ вазири, таниқли сиёсатшунос Аҳад Андижоний "Твиттер"нинг ёпиб қўйиш билан ҳукумат кўп нарсага эриша олмаслиги, вақтинчалик чора эканини айтади.

"Бу ижтимоий тармоқларни бу ёқдан бекитсангиз, у ёқдан чиқади, у ёқдан бекитсангиз, бу ёқдан чиқади. Буни доимий қилиш имконияти йўқ", дейди Аҳад Андижоний.