Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон: "Акромия" экстремист ташкилот деб топилди

Қирғизистонда маҳкама "Акромия" диний ҳаракатини экстремист ташкилот деб топган ва унинг фаолиятини мамлакат ҳудудида тақиқлаган.

Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилган.

"Акромия" ёки халқ орасида "Акромийлар" дея танилган ташкилотга тўқсонинчи йиллар ўрталарида математика ўқитувчиси бўлган Акром Йўлдошев асос солган.

Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида оз сонли тарафдорларига эга бўлган ушбу ташкилотнинг фаолияти 2005 йилда Андижонда юз берган қонли воқеалардан кейин буткул тўхтилган.

Ташкилотнинг ўнлаб тарафдорлари узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган, юзлаб тарафдорлари эса хорижда бошпана топганлар.

1992 йилда Акром Йўлдошев "Иймонга Йўл" номли китобча ёзади, унда ахлоқ ва маънавият муҳокама этилади, ҳамда Исломий дунёқарашнинг устиворлиги таъкидланади.

Акром Йўлдошев ўз қарашлари билан бир қатор тарафдорларга эга бўлади.

Ташкилот асосчиси 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашлар ортидан терроризмда айбланиб, 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг "Иймонга йўл" китобида Ўзбекистонда куч билан Исломий давлат қуриш чақириғи бор, деган хулосага келишган.

Уларга кўра, "Акромийлар" инсон ҳаётидаги барча муаммоларига - ҳоҳ ижтимоий, ҳоҳ иқтисодий - Қуръон ва Хадисда ечим топиш мумкин деб тарғиб қилади.

"Акромия"нинг Қирғизистонда экстремистик ташкилот деб топилиши ортида қандай сабаблар турган бўлиши мумкин?

Би-би-си айни савол билан Қирғизистон собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддинга боғланди.