Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Туркия Бош вазири Твиттерга тўсиқ олиб ташланганидан хурсанд эмас

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда Твиттерга қўйилган тўсиқни олиб ташлаш ҳақидаги Олий маҳкама қарорини танқид остига олган.

Унга кўра, Олий маҳкама бу борадаги аризани рад этиши лозим эди.

"Биз ҳукмга мувофиқ иш тутяпмиз, аммо мен қарорни ҳурмат қилмайман", деб айтган жаноб Эрдўған Озарбайжонга кетиши олди берган матбуот анжуманида.

Твиттер ижтимоий тармоғига тўсиқ 21 март куни маҳаллий сайловлар олди қўйилганди.

Туркиянинг телекоммуникация тизими пайшанба куни маҳкама қарори чиқарилиши ортидан икки ҳафталик тақиқни бекор қилди.

Твиттернинг тўсилишига сабаб Сурияга қўшин киритишни муҳокама қилаётгани билан боғлиқ аудиоёзувларни эълон қилингани экани айтилганди.

Айримлар эса, буни Туркияда охирги пайтлар Твиттер ва Фейсбук орқали президентга яқин доираларнинг коррупцияга алоқадорлиги борасида кўплаб хабарлар чиқа бошлаганига боғлашди.

Ижтимоий тармоқларда Эрдўғон жанобларининг ўзи бир неча марта коррупцияда айбланди. Ўтган ойда YouTube видео тармоғида гўёки бош вазир ва ўғли йирик миқдордаги маблағни қандай яширишни муҳокама қилгани тўғрисидаги суҳбат чиқарилди.

Бош вазир маъмурияти Туркия маҳкамаси Твиттердан бир неча линкларни олиб ташлашни сўраб қилган мурожаати жавобсиз қолгандан сўнг, унга тўсиқ қўйишга қарор қилинганини билдирди.

Твиттер тақиқланиши ортидан эса, Туркия ичкариси ва ташқарисида жаноб Эрдўған сиёсатига қарши танқидлар кучайди.

Унинг бошқаруви борган сари авторитар тус олаётгани юзасидан хавотирлар ортди.

Твиттер орқали тарқатилган маълумотлар эса, Бош вазир ва унинг иттифоқчилари обрўсига путур етказганига ишонч билдирилди.

Аммо, барибир маҳаллий сайловларда жаноб Эрдўған партияси ғалаба қозонди.

Туркияда яшовчи журналист Камолиддин Йўлдошга кўра, Твиттернинг ёпиб қўйилиши Туркия ҳукуматига ишончни сўндира олгани йўқ.