Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Миржалол Қосимов: 'Ҳақиқатан ҳам хаёлга келмаган нарса бўлди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи амалдаги жаҳон чемпиони Испаниянинг Бразилияда учраган йирик ҳисобдаги илк мағлубиятига ана шундай баҳо берди.

Испания кеча жума куни гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки учрашувини кутилмаганда голландларга кўпчиликни ҳайратга солиб, 1:5 ҳисобида бой берди.

Висенте дел Боске шогирдлари Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида айнан Голландия миллий терма жамоасини кичик (1:0) ҳисобида мағлуб этиб, кубок соҳибига айланишганди.

"Ҳақиқатан ҳам жуда қизиқарли ўйин бўлиши кутилганди. Лекин ҳеч ким Голландия Испанияни 5:1 ҳисобида енгади, деб ўйламаганди. Бу икки жамоа чиройли ўйин кўрсатди ҳақиқатан ҳам", - дейди Миржалол Қосимов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Голландларнинг амалдаги жаҳон чемпиони устидан бу қадар кутилмаган ғалабаси "Фонте-Нова" стадионидагилар қолиб, дунёнинг манаман, деган футбол мутахассисларини ҳам тан олдирмай қўймади.

Чунки ҳақли равишда жаҳоннинг энг олд миллий терма жамоаларидан бири саналувчи Испания халқаро учрашувларда сўнгги бор фақат 1963 йилда ўз дарвозасидан бешта тўп ўтказиб юборган, холос.

Устига устак, кетма-кет тўртинчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритишга кўз тиккан жамоа Бразилияда ҳам кубокка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилади.

Сўнгги оламшумул ғалабаси ортидан эса, ҳозир кўпчиликнинг кўзи уч бор биринчиликнинг кумуш медали билан кифояланишга мажбур бўлган Голландияга қаратилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу икки миллий терма жамоанинг 2010 йилдан буён илк бор халқаро учрашувда бир-бирларига қарши тўп суришлари эди.

Устига устак, Бразилияга қадар бу икковлон жаҳон чемпионати гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки учрашувида тўқнаш келишмаган.

Суҳбатдошимиз ҳам, "агарда жума кунги ўйинидан хулоса қиладиган бўлсак, агар-да Голландия қолган ўйинларини ҳам шу тариқа ўтказса, албатта, чемпионликка асосий даъвогар жамоа деб бемалол айтишимиз мумкин", - дейди.

Миржалол Қосимов, ўз ўрнида, жаҳон чемпионлигига эришган Жанубий Африкада ҳам илк учрашувини мағлубият билан бошлаганини назарда тутиб, Испания, барибир, "В" гуруҳидан кейинги босқичга чиқишга асосий даъвогарлардан бири бўлиб қолаверади, деган ишончда.

Суҳбатдошимиз жума кунги ўйинда ўзи ҳам аксарият ўзбекистонликлар қатори Испания миллий терма жамоасига ишқибозлик қилгани, кечаги ўйинидан кейин голландларга ҳам бефарқ бўлмаслигини айтади.

У кишининг айтишича, айримлари Ўзбекистон вақти билан ярим кечадан ўтиб бошланса-да, Бразилияда шу пайшанба куни старт олган жаҳон чемпионати учрашувларини имкон қадар кузатиб бормоқчи.

"Мен ўз олдимга иложи борича жудаям кўп чиройли ўйинларни кўриш ва албатта, шу ўйинлар орқали, қанақадир, ўз малакамни оширишни мақсад қилиб қўйганман".

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, бу икки наҳанг миллий терма жамоа навбатдаги гуруҳ босқич саралаш учрашувларини 18 июн куни ўтказишади.

Голландия Австралия, Испания эса, Чилига қарши майдонга тушади.

Дастлабки учрашувлари ортидан, "В" гуруҳида жорий пайтда учтадан очко билан Голландия ва кеча илк Осиё қитъаси вакили Австралияни мағлубиятга учратган Чили пешқадамлик қилишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002