Ҳиндистонлик ҳамшираларнинг... Ироқ орзуси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sonia Jomon
Image caption "Қарзлардан қутилиш йўли - Ироқда ишлаш"

Ироқнинг жангарилар назоратида қолаётган Тикрит шаҳри шифохонасида 46 нафар ҳиндистонлик ҳамшира фаолият қилади. Улар имкон қадар тезроқ Ироқдан чиқиб кетиш илинжида.

Аммо, яқиндагина - жанглар бошланиб кетишидан бироз олдин таътил учун уйларига келган икки ҳамшира Би-би-сига гапираркан, ортга қайтиш истагида эканларини билдиришган.

"Ироқдаги вазиятдан ташвишдамиз, лекин мен у ерга қайтиб ишлашни хоҳлайман", дейди Синдҳу. У Ҳиндистон жанубидаги Керала штатидан ва Ироқнинг Насирия шаҳарчасидаги касалхонада фаолият олиб боради.

28 ёшли Синдҳу "Ироқ ва Шом Исломий давлати" етакчилигидаги сунний жангарилар мамлакат шимоли ва марказий шаҳарларига ҳужум қилишларидан бир кун олдин 10 июн куни таътил учун Ҳиндистонга қайтганди.

Унинг қайтиш чиптаси 26 июнга олинган, бироқ Ҳиндистон ўз фуқароларига Ироққа сафар қилмаслик юзасидан маслаҳат бермоқда.

Синдҳу Ироқдаги вазиятдан огоҳ, айниқса, Мосул шаҳридан ҳинд қурилиш ширкати 40 ишчисининг ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг ҳушёр тортган.

Аммо, агар у ортга қайтмаса, ўқиши учун олган "йирик миқдордаги" қарзи ва Ироқдан иш ториб бергани учун агентликка тўлаган пулини топа олмаслигидан хавотирда.

"Насириядаги дўстларим менга ҳар куни қўнғироқ қилишади ва у ерда ҳеч қандай муаммо йўқлиги, қайтиб бораверсам бўлишини айтишади. Ҳаммамиз асабий ҳолатдамиз. Иш топиб бергани учун агентликка мен 150, 000 рупий (2,500 Америка доллари) тўлаганман", дейди у.

"Онамнинг буйраги касал. У ҳар ҳафта қонини тозатиб туриши керак. Отам оддий деҳқон, у таълим олишим ва ишга ёлловчи агентликка тўлаш учун дўстларидан қарз олган. Айримлар қарз учун фоиз олишади, баъзилар йўқ. Мен ҳали бу қарзларни тўлашим керак", дейди Синдҳу.

Оз маош

Ироққа кетишидан олдин Синдҳу Деҳлида ҳамшира бўлиб ишлаган ва ойига 11, 000 рупий ($183) маош олган. Насирияда унга 850 доллар тўлашади.

У Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлар, масалан, Саудия Арабистони, Қувайт ёки Қатарда ишлай олмайди. Чунки, унинг ҳамширалик гувоҳномаси у ерларда қабул қилинмайди.

"Мен тўғриси нима қилишни билмайман", дейди Синдҳу.

Унинг дугонаси Сония Жомон ҳам Ироқдаги ишидан таътилга чиқиб уйига қайтган. Сония ҳам ўқиши учун олинган қарзларни қандай тўлашдан хавотирда.

"Мен ишга ёлловчи агентлик учун олинган қарздан қутилганман. Аммо, Ҳиндистондаги ойлик билан ўқишим учун олинган пулларни қандай қайтаришни билмайман", дейди у.

Сония "Ироқдаги муаммолар ҳал этилгунга қадар" кутишга тайёр. "Мен у ерда ишлашни истайман, чунки бу менга ёқади", дея қўшимча қилади у.

Тикритдаги ҳамширалар ҳам ё Ҳиндистонга қайтиб кетиш ва ё Ироқда қолиш танлови қаршисида қолишган.

Кўплари қарзга ботган ва улар Ироқдаги бериладиган каттагина маош билан ундан қутилишга қодир бўлишларини айтадилар.

Баъзилар Керала штати ҳокимиятидан елкаларидаги қарздан халос қилишни сўраб мурожаат қилишган. Улар шундагина уруш ҳолатидаги мамлакатдан уйларига қайтиб боришлари мумкинлигини билдиришган.

Аммо, Синдҳу ҳукуматдан ҳам ёрдам сўрай олмаслиги, чунки унинг қарзлари дўстларидан олинган.

"Керала ҳукумати қарзларни бекор қилишга қарор берган тақдирда ҳам, мен ўзимникидан қутилишга умид қила олмайман. Мен қарзни банкдан олмаганман, ҳукуматга нимани кўрсатай?"

Керала штатининг хориждаги фуқаролар билан шуғулланувчи вазирлиги "асосий вазифа ҳозир кералаликларни нотинч нуқталардан қайтариб олиб келиш. Ҳозир қарз масаласи иккинчи даражали" эканини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02