Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Бразилияда мусулмон футболчилар рўза тутишса, мутаккаббирлик бўлади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бразилияда ўз миллий терма жамоалари сафида ягона кубок учун кураш олиб бораётган дунёнинг манаман, деган мусулмон футболчилари ҳам оз эмас.

Буёғи ўзининг жаҳон чемпионатида кўрсатаётган ўйини билан кўпчиликни лол қолдираётган Франция юлдузи Карим Бензема бўлса, бошқаси бу йил чемпионликка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилаётган Олмония сафларида тўп сураётган Месут Ўзил.

Улардан яна бири биринчиликнинг 28 июн куни старт олувчи нимчорак финал беллашувларида кимсан Лионель Мессининг Аргентинасига қарши тўп сурувчи Швейцариянинг ишонган тоғи Хердан Шақирий бўлса, бошқаси чорак финалга чиқиш учун сўнгги ўйинида кимсан Олмонияни шошириб қўйган АҚШ билан беллашувчи Бельгия юлдузлари Маруан Феллайни ва Мусса Дембеле...

Устига устак, бу йилги жаҳон чемпионатидаги иштирокларини кутилмаганда гуруҳ босқичиданоқ якунлаган дунёнинг қолган етакчи миллий терма жамоаларидагиси қўшиб ҳисобланса, бу каби мусулмон юлдуз футболчиларнинг сони ўндан ортади.

Бу йилги жаҳон чемпионатининг нимчорак финал беллашувлари эса, 1986 йилдан буён илк бор Рамазон ойига тўғри келмоқда.

Бу ойда эса, дунё бўйлаб узрхоҳлиги бўлмаган барча мусулмонларнинг бирдек рўза тутишлари тақозо этилади.

Премьерлигасида озмунча мусулмон юлдуз футболчилар тўп суришмайди эмасми, биринчилик арафасида худди шу масала британ нашрларининг ҳам эътиборини ўзига тортмай қолмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шундай экан, жаҳон чемпионлиги каби олий мақсадларига етишиш учун миллий терма жамоалари қаттиқ орқа қилаётган бу каби юлдуз футболчилар қаршисида қандай танлов қолади?

Уларнинг ҳам футболчилик ва ҳам мусулмончилик масъулиятларини бир вақтнинг ўзида адо этишлари шарт кўриладими ва ёки бу ўринда бирор бир истиснолар бўладими?

Бундан аввал шу каби муаммо қаршисида тўқнаш қолган айрим мусулмон футболчилари давлатлари дин пешволарининг фатвоси билан ушбу муаммони ҳал этишган бўлса, бошқалари эса, ҳар иккисини ҳам бирдек адо этишни маъқул, деб топишган.

Аммо қирғизистонлик таниқли уламолардан Рашод қори Камоловнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу муаммо Ислом динида аллақачон ўз ечимини топиб бўлган:

“Буни муайян бир мусулмонлар идоралари эмас, Аллоҳ Таоло ўзининг бир ярим минг йил илгари чиқариб қўйган ҳукмида айтиб қўйган. Мабодо, сизлар сафарда бўлсангиз ё касал бўлиб, оғриб қолган бўлсангиз, рўза тутмайсиз, қазосини Рамазон ойидан кейин тутасиз, деган. Сафарда юрган одам неча кун рўза тутолмаган бўлса, ўшани Рамазондан кейин тутиб беради”, - дейди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

“Бемалол ўша кунлари рўза тутмасдан, ўйинларини ўйнаб, ўзининг жамоасига биринчиликни олиб бериб, шунга ҳаракат қилиб, юртига келгандан кейин, неча куни қазо бўлган бўлса, шунинг қазосини тутишади, тамом, ҳеч қандай мушкули йўқ”.

Ўз ўрнида, имом Рашод қори Камоловнинг айтишича, агар мусулмон футболчилар бундай йўл тутишмаса, “Аллоҳ Таоло сафарда юрган мусулмонларга берган ҳадясини қабул қилмаган бўлади”.

“Дарҳол қабул қилиш керак. Сафарда юрган вақтида рўза тутмаслиги керак. Буни қабул қилмаса, Ислом динига мувофиқ, мутаккаббирлик қилган бўлади. Аллоҳ Таоло берган енгиллигини қабул қилмаган бўлади. Бунда гуноҳкор бўлишади”, - дейди суҳбатдошимиз.

“Шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таоло берган ҳадясини, енгиллигини қабул қилиб, жамоасига биринчиликни ҳам олиб бериб, ундан кейин қазосини тутса, ҳар томонлама савобга эга бўлади”.

Аммо, агар, биргина британ нашрларига берган суҳбатларига таянилса, юлдуз мусулмон футболчилари орасида, “Рамазон ойи баданни тозалаб, одамни ҳақиқатан кучли қилишидан ҳайратда эканликлари боис, йиллар давомида рўза тутишни кандай қилмайдиган”лари борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02