Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россиядан депортация қилинган аёлнинг боласига нима бўлади?

Image caption Кичик Анастасия ҳозирча онасиз қолган

Россияда яшаб келган ва у ерда Россия фуқароси бўлган эркак билан фарзанд кўрган ўзбекистонлик аёл энди Россия Федерацияси ҳудудига киритилмаяпти.

Ҳали икки ёшга тўлмаган қизчаси эса аввалига ўзбек қўшниси, сўнгра отасининг қўлида қолиб кетган.

Андижонлик 38 ёшли Ҳилолахон Камолова нима учун Россияга қайтиб киритилмаётганини билмайди. Унга Қозоғистон чегарасида Россияга киритилмаслиги борасида билдириш топширилган.

Ҳилолахоннинг айтишича, хозирда у билан бирга яшамайдиган собиқ рус қаллиғи фарзандни унга топширишга тайёр, лекин бунинг учун унинг ўзи Россияга келишини истайди.

Ҳужжатларга биноан, қизалоқ отанинг номига расмийлаштирилган, бироқ айри уйда онаси билан яшаб келаётган эди.

Одатда халқаро ва ички қонунлар фарзанд фаровонлиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, она фойдасига ишни ҳал қилади.

Бу ишда Россияга киритмаслик бўйича қарор қабул қилинган, лекин унинг ортидан келиб чиқаётган муаммолар, хусусан фарзанднинг онасиз қолиши ҳисобга олинмаган.

Бундай муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Россия фуқароси бўлмаган она депортация қилинса, фарзандига нима бўлади? Би-би-си Россияда муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи "Гражданское содействие" қўмитаси раиси Светлана Ганнушкинага боғланди.

Ганнушкина: Аввало, ота ва она бу муаммони ўзаро келишиб ҳал қилиб олсалар, тўғри иш бўлади. Лекин, бунинг учун улар юзма-юз учрашишлари керак. Ва улар фарзанд қаерда бўлса, ўша ерда, яъни Россия Федерацияси ҳудудида учрашишлари керак. Афсуски, жорий йилнинг бошида Россияга кириб-чиқиш борасидаги қонуннинг 26 ва 27-моддаларига қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгаришларга биноан, ўта беозор бир қонунбузарлик учун ҳам сизга автоматик равишда Россия ҳудудига киришни ман қилишлари мумкин. Бу қонунга биноан, чегарачилар назоратидаги маълумотлар базасига, масалан, қандайдир одам Россияда 30 кундан ортиқ қолгани ва регистрацияси бўлмагани ҳақида маълумот келиб тушади. Бу одамга ҳеч ким ҳеч қандай огоҳлантириш бермайди ва у хорижга чиқиб, Россияга қайтиб киришга шайланган вақти, автоматик тарзда маълумотлар базасидаги маълумот қалқиб чиқади ва у Россияга киритилмайди. Мана менга мурожаат қилган яна бир оиланинг иши олдимда ётибди, унга кўра, ота икки фарзанди билан Россияга киритилган, онага эса киришга рухсат берилмаган. Бу она ҳам Ўзбекистон фуқароси. Биз бу "запрет"ни икки ойдирки бекор қилдиришга уринаяпмиз, ҳудди бир ёмон касални даволашдек иш бўлаяпти бу.

Би-би-си: Россияга кириб-чиқиш ҳақидаги қонунда отаси ё онаси мамлакатга киритилмаган болалар тақдири нима бўлиши ҳақида аниқлик киритилганми?

Ганнушкина: Йўқ, бу ҳақида умуман гап йўқ. Бутун даҳшатли тарафи шундаки, ман қилиниш ортидан қандай шароитлар юзага келиб чиқиши умуман ҳисобга олинмаган. Чунки, қарорни одам эмас, маълумотлар базаси, яъни компьютер қабул қилади. Россияга киритилмаслик борасидаги қарорни фақат суд бекор қилиши мумкин. Агар, сиз айтган ишга қаралса, она ҳозирда Ўзбекистонда, шундай экан, унинг учун Россияда ўзига вакил ёллаб, судга мурожаат қилиш жуда-жуда қийин. Бу вакилнинг қўлида ҳамма хужжатлар тайёр бўлиши керак. Агар суд ишга етиб борса, суд турли шарт-шароитларни ҳисобга олади, масалан Оврўпо конвенциясининг 8-моддасини. Бу моддага биноан, ҳар бир инсоннинг шахсий ва оилавий ҳаётга бўлган ҳаққи ҳисобга олиниши керак. Россиядаги янги ўзгартиришлар эса энг беозор, кичик қонунбузарлик учун инсонни жазолаши мумкин. Ким билсин, балки бу одам Россияга киргач, касал бўлиб қолгандир ва вақтида чиқиб кета олмагандир. У ҳатто кўча ҳаракати қоидаларини бузса ҳам, бўлмағур бир нарса учун маълумотлар базасига тушиб қолиши мумкин. Буни мен фожеали бир вазият деб тасвирлаган бўлардим. Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтмоқчи эдим. 26-моддада "Россияга кириши ман қилиниши МУМКИН" дейилади. Лекин, компьтер мумкин ё мумкин эмас деб фикр юритиб ўтирмайди, тақатақ киришни ман қилиб қўяди.

Би-би-си: Кириши ман қилинган хорижлик фуқаро суд орқали ўз масаласини ҳал қилишига қанча вақт кетади? Ҳар қалай бу ерда гўдак онадан ажралиб қолган...

Ганнушкина: Бу жуда ҳам қийин ва ўта узоқ вақт олади. Федерал Миграция хизмати ўша "запрет"ни олиб ташлаши учун ойлаб вақт кетиши мумкин. Агар бу "запрет" олиб ташланса, бу фуқаро яна 1,5 ой Россияга кира олмайди. Бу қонун дастидан турли касалликларга чалинган одамлар, саратон билан оғриган болалар ҳам жабр чекаяпти. Шунинг учун, бу қонунларни мен фожеали деб тасвирлайман. Сиз кўтараётган иш бўйича, бу ишнинг барча жиҳатлари ўрганиб чиқилиши керак, лекин қандай бўлмасин, ҳали икки ёшига ҳам тўлмаган гўдакни онасидан айириш қабул қилиб бўлмайдиган ҳол.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02