Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Афғонистон: Ийд ал Фитр анъаналари не боис ўзгариб бормоқда?

Бошқа мусулмон мамлакатларида бўлгани каби Афғонистонда ҳам ҳайит одатда уч кун нишонланади.

Тахордан мухбиримиз Мубин Ғафурийга кўра, бугунда ана шу байрам анъаналари ҳам ўзгариб бораётган экан.

"Яқин йилларга қадар ҳам қизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, доира чертиб, уйма-уй кезишар эди. Аммо, бугун аксар минтақалар, айниқса, шаҳарларда бундай урф-одатлар кўзга ташланмайди, фақат чекка ҳудудларда сақланиб қолган", дейди мухбиримиз.

Тахорлик аёллардан бири Маъсума Асадий буни замонанинг ўзгариши билан боғлайди.

"Аввал бир телевизор бор эди, бир радио бор эди. Энди ҳар хонага борсангиз, битта-иккита телевизор бор. Шу учун ҳам, собиқдаги одатлар йўқолиб бормоқда", дейди у.

Тахорликлардан яна бирига кўра, яқин ўтмишда ҳам оилалар байрам кунлари узоқ-ёвуқдан меҳмонлар кутишган, бугун эса, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёр-биродарларни йўқлаш ҳам урфдан қолмоқда.

Баъзи суҳбатдошлар қўл телефонлари узоқни яқин қилаётгани, одамлар қўнғироқлашиш билан кифояланиб қолаётганларини айтишади.

Аммо, айримларга кўра, Ийд ал Фитрда шаклланган анъаналар ҳаммаси ҳам Исломга тўғри келавермайди.

Диний олимлардан бири Муҳаммадиллоҳ Розиққа кўра, ҳайитнинг биринчи кунида мусибат кўрган оилаларга бориб дуои-фотиҳа ўқиш одати ҳам уламолар эътирозига сабаб бўлиб келган. Ҳозир бу анъана ҳам аста-секин йўқолиб бормоқда.

"Икки сабаб бор, мардум ҳам огоҳ топган, аксар мардум соҳиби илм бўлган. Аммо, муллаларнинг гаплари ҳам масжидларда зиёд ташвиқ бўлган", дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02