Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Афғонистонда миллий бирдамлик ҳукумати иш берадими?

Афғон жумҳурраислик сайловида рақиб бўлган икки номзоднинг миллий бирдамлик ҳукуматини барпо этишга келишганига оид битим тарихий қадам, дея таърифланмоқда.

Жумҳурраислик сайловининг иккинчи босқичида икки номзод ҳам ўзларининг ғалаба қозонганларини даъво қилганлар, бу эса икки номзод тарафдорлари ўртасидаги келишмовчилик ва Афғонистонни янада беқарорлаштириши борасидаги хавотирларни юзага чиқарган эди.

Миллий бирдамлик ҳукуматини тузиш келишуви имзолангани ҳақидаги эълон кеча Кобулда Америка Давлат котиби Жон Керри ҳозирлигида эълон қилинган.

Жумҳурраисликка номзод Ашраф Ғани икки сиёсатчи ҳам Афғонистон келажагини ўйлаб ана шундай қарор қабул қилганларини айтди.

"Ушбу келишув бизларнинг Афғонистон манфаатини, ҳар бир гўдак, ҳар бир аёл ва ҳар бир эркак манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишимиз лозимлиги борасидаги миллий бурч ва масъулиятимиз ҳиссини акс эттиради. Мамлакат мавҳумлик ва таҳдидга дош дера олмайди. Бизнинг бугунги ва кейинги ҳафталардаги амалларимиз аниқлик ва ишонч муҳитини пайдо қилишга қаратилади. Биз бир-биримизга ишонади", деб айтди Ашраф Ғани.

Икки сиёсатчи ўртасида сайловлар ортидан юзага келган инқирозни ҳал қилишда воситачилик қилган Америка Давлат котиби Жон Керри эса, ушбу келишувни "Афғон муаммосини Афғонча ҳал қилиш" ёндашуви, деб таърифлади.

"Битим икки номзод учун ҳам ҳозиргина ўзлари айтиб ўтганларидек, сайлов кампейнини ортда қолдириш ва энди бошқарув жараёнини йўлга қўйиш мақсадида бирга ҳаракат қилишлари учун ҳаётий аҳамиятга эга имкониятдир. Бу Афғонистон учун ҳал қилувчи лаҳзадир. Қўйилаётган мақсад жуда баланд. Бу нарса номзодларга боғлиқ ва Бирлашган Миллатлар уларнинг олдинга силжишларида ёрдамлашади", деб айтди жаноб Керри.

Ҳали жума куни имзоланган келишув асосида тузиладиган Афғон ҳукумати таркиби қандай бўлиши маълум эмас.

Айни дамда келишув шартлари рақиб номзодлар тарафидан турлича талқин қилингани ҳам хабар қилинади.

Ашраф Ғани Аҳмадзай битим "ҳамкорлик аҳди" экани, қудрат бўлишувни англатмаслигини айтган.

Номзодлардан яна бири Абдулло Абдулло эса, келишувда қудрат бўлишув жиҳати борлигини билдирган.

Аммо, ҳар икки томон ҳам Афғонистонда ислоҳотлар ўта зарур деган фикрда якдиллар.

Ҳар икки томон ҳам миллий бирдамлик ҳукумати ғоясига қарши чиқиши мумкин бўлган катта сондаги дастакловчи кучларга эга. Шундай экан, сиёсатида қавмлар қудратли шахслар ва қавмлар роли ҳам катта бўлган Афғонистон шароитида миллий бирдамлик ҳукумати қанчалар иш беради?

Биз ушбу саволни Туркиядан афғонистонлик таҳлилчи Фозил Аҳмад Бургутга бердик.