Юрий Савченко: 'Ўзбекистон россияпараст ҳам, украинапараст ҳам эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

BBCUzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юрий Савченко жавоб беради.

Юрий Васильевич Савченко 1954 йилнинг 2 майида Украинанинг Житомир вилояти Потиевка қишлоғида дунёга келган.

1976 йилда Тарас Шевченко номидаги Киев Давлат Университетининг халқаро алоқалар ва халқаро ҳуқуқ бўлимини битирган.

1976-1978 йилларда Совет Армиясида хизматни Конго Халқ Республикасидаги ҳарбий таржимонлар гуруҳида ўтаган.

Киев политехника институти ва Украина ССР "Билим" жамиятида ишлаган.

1996-1999 йилларда Украина Ташқи ишлар вазирлигининг Африка, Марказий ва Жанубий Осиё бўлиши бошлиғи, 1999 йилдан 2002 йилгача Украинанинг Швейцариядаги элчихонаси котиби, 2002-2003 йилларда Украина Ташқи ишлар вазирлиги Иккинчи ҳудудий (ғарбий Оврўпо) бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

2003 йилдан 2010 йилга қадар Украина Вазирлар Маҳкамасининг халқаро ҳамкорлик ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича сиёсат бошқармасининг бошлиқ ўринбосари ва бошлиғи лавозимларида хизмат қилган.

2010 йилнинг 22 декабрида Украинанинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган.

Уйланган, икки ўғил ва бир қизи бор.

Муҳтарам элчи!. Сиз Ўзбекистоннинг Украина бўйича позициясини қандай баҳолайсиз?.

Шуҳрат Собиров, Тошкент

Юрий Савченко: Биласизми, Ўзбекистон қандай мавқеъни эгаллаши керак бўлса, шундай мавқъени эгаллаган. Украинадаги ва бу ердаги ҳамкасбларим билан Ўзбекистоннинг мавқеъи украинапарастми ёки россияпарастми деган савол устида бот-бот баҳслашиб турамиз. Мен шунда кўпинча бир ҳамкасбим, Украина Ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Александр Чаловнинг сўзларини келтираман. У ҳар доим "Украинанинг мавқеъи украинапараст бўлиши керак" деб айтарди. Шунга ўхшаб Ўзбекистоннинг мавқеъи ҳам "ўзбекпараст". Биз бунга ҳурмат билан қараймиз. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожланаяпти ва ривожланишда давом этади. Бунинг далили сифатида Президентлар -Ислом Абдуғаниевич ҳамда Пётр Порошенколарнинг миллий мустақиллик байрамлари муносабати билан бир-бирларига йўллаган табрикларини келтиришим мумкин. Гарчи матбуотда табрикламади ёки табрик кечикди, қабилида гап-сўзлар бўлди. Бу ерда ҳам Ўзбекистон табрикламабдими, демак, Украинадаги ўзгаришларни тан олмайди, деганлар бўлди. Аммо аммо мутлақо бундай эмас. Табриклар бўлди ва шунинг ўзиёқ ҳар икки томоннинг бир-бирини эътироф этганлигини англатади. Одатий ҳамкорлик давом этаяпти.

Би-би-си: Икки томондан юқори даражали ташрифлар кутилаяптими?

Юрий Савченко: Биз бу ташрифлар устида узоқ вақтдан буён ишлаяпмиз. Мен уларнинг яқин келажакда амалга ошишини жуда ҳам истайман.

Yil boshida O'zbekiston hukumati Ukrainaning suverineteti hurmat qilinishi kerak deya bayonot qilgandi. Yaqinda Dushanbedagi chiqishida Islom Karimov Ukraina masalasida "Rossiyaning manfaatlarini hisobga olmaslik jiddiy hato bo'ladi" dedi. Siz buni bir masalada ikki hil bayonot berish deb baholagn bo'larmidingiz?

Tohir

Юрий Савченко: Мен бу икки баёнот ўртасидаги принципиал фарқни кўрмаяпман. Бу у ёки бу вақтда содир бўлган икки хил вазиятнинг инъикоси. Ўзбекистон давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш ва халқаро алоқаларни БМТ Низомидаги тамойиллар асосига қуриш ҳақидаги мавқеъини ўзгартиргани йўқ. "Россиянинг манфаатларини ҳисобга олиш" масаласига келсак, биринчи навбатда бу манфаатларни аниқлаштириш керак. Тўғри, бу ўзига хос бир урғу, аммо мен унда Ўзбекистон мавқеъсининг тубдан ўзгарганини кўрмаяпман.

Rossiya iddaо qilgan millatchilar Ukrainada borligiga givoh bo'ldik. Bu Ukrain millatchilari faqat Ruslarga qarshimi yoki barcha millatlargami? Bu millatchilikni oldi olinayaptimi?

Tohir, Toshkent

Юрий Савченко: Ҳар қандай саволга маълум иборани қўллаш йўли билан жавоб беришдан олдин бу иборанинг мазмуни ҳақида келишиб олиш керак. Бугунги кунда Украинадаги мавжуд салбий муносабатни назарда тутмайди. Бунга оддий инсоний нуқтаи назардан йўл қўйиб бўлмайди. Яъни агар миллатчиликка ватанпарварлик нуқтаи назаридан қаралса, табиийки, миллатчилик бор. Албатта, Украинада миллатчиликнинг турли кўринишлари мавжуд, аммо халқнинг мутлақ кўпчилиги миллатчиликнинг экстремистик шаклдаги кўринишини мутлақо рад этади, қабул қилмайди. Миллатчилик ғояларининг сиёсий таъсири ҳақида гапирганда, икки ташкилот- "Озодлик" Бутунукраина уюшмаси ҳамда "Ўнг сектор" жамоатчилик ташкилотларининг фаолиятини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Президентлик сайловларида бу икки ташкилот раҳбарлари 1.76 ва 0.7 фоиз овоз олдилар. Шундай қилиб, халқ ўз баҳосини берди. Украинада миллатчилик илдиз отган, деяётганлар ҳам шундан хулоса чиқариб олсалар бўлади. Яна шуни айтиш жоизки, миллатчилик давлат ва халқлар тараққиётининг турли босқичларида турлича маъно касб этган. Масалан, бугун Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва давлатчилиги хавф остида қолган, мамлакатнинг бир қисми ишғол қилинган бир вазиятда ватанпарварлик ва бирдамлик туйғуларининг фаоллашганига гувоҳ бўлаяпмиз. Айни пайтда бу нафақат украин тилида сўзлашувчилар, балки русийзабон Украина фуқаролари орасида ҳам кузатилмоқда. Ғанимларимиз миллатчиликнинг "гуллаб яшнагани" ва ҳатто фашизм ҳақида гапиришмоқда. Украина жануби-шарқидаги воқеалар муносабати билан уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган ватандошларимизнинг кўпчилиги мамлакат ғарбига кўчиб бориб, вақтинчалик бошпана ва хоҳиш бўлгани тақдирда иш ҳам топишаяпти. Жумладан, қрим -татарларининг кўпчилиги ҳам айнан ғарбий вилоятларга боришаяпти. Қрим-татарлари биласиз, асосан рус тилида сўзлашадилар. Албатта, мен кўчиб бораётганлар масаласида ҳамма нарса аъло, демоқчи эмасман, лекин ана шу воқеаларнинг ўзи ҳам Украинада миллатчиликнинг эктремистик кўринишларига жой йўқлигини кўрсатди.

Муҳтарам элчи!. Сиз Донбассда тинч фуқароларнинг ўлдирилишини инсониятга қарши жиноят деб ҳисоблайсизми?. БМТ маълумотларига кўра, у ерда 3200 инсон ҳалок бўлган. 2014 йил 2 майидаги воқеалар ҳаммани ларзага солди, аммо ҳеч ким жазолангани йўқ. Қачон тергов бошланади ва сиз бу фожиада кимни айбдор, деб ҳисоблайсиз?.

Тўлқин Қораев, Сундсвалл, Швеция

Юрий Савченко: Мен бугун (25 сентябр-таҳр) Президентимизнинг суд тизимини ислоҳ қилишга бағишланган мажлисда қилган нутқини қизиқиш билан тингладим. У "бугун биринчи марта Донбассда ҳеч ким ўлмади, биринчи марта ўқ отилгани йўқ" деган сўзларни айтди. Украина Президенти ва ҳукумати Донбассда тинчлик қарор топиши учун қўлидан келган барча чораларни кўраяпти. Яқинда парламент қабул қилган амнистия ҳақидаги қонунда ҳам ҳар бир қотиллик, қийноқ ва бошқа ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, Украина қонунчилигига мувофиқ тарзда кўриб чиқилиши аниқ-таниқ айтилган. Шунинг учун юқоридаги саволга жавоб ҳам оддий ва ҳам мураккаб. Қотиллик учун жавоб берилиши керак, аммо қотил ким, деган саволга жавоб топиш Украина адлия тизимининг ишидир. Албатта, алоҳида ҳолатлар бўйича керак бўлгани тақдирда халқаро институтлар ҳам бу жараёнга жалб этилади. Бу фожиада ким айбдор, деган саволга келсак, менинг бу борада ўз нуқтаи назарим бор бор ва у эҳтимол, матбуотда айтилаётган фаразлардан фарқ қилар. Гарчи бу фараз ҳам айтилди. Менинг назаримда, Донбассдаги фожианинг бирламчи айбдорлари олигархлар ва минтақадаги соя бизнесидир. Айнан олигархат Украинанинг Оврўпо танлови билан боғлиқ ўзгаришларни қабул қилишдан бош тортди, ундан кейин бизнинг катта қўшнимизнинг дастаги ҳам қўшилиб, катта муаммолар юзага келди.

Мен юзлаб одамларнинг ўлимида Россия Федерациясининг ноқонуний тузилмаларни қўллаб-қувватлаши ва Россия Федерацияси Қуролли Кучларининг тўғридан-тўғри тажовузи айбдор, деб ҳисоблайман.

Марказий Осиё давлатларини келажакдаги тақдири бугун Украинада ҳал бўлаяпти.Шунинг учун Украина халки ва ҳукуматига бу курашда омад тилайман, ғалабага эришсин.

Иззатилла Раҳматиллаев, Ўш.КР

Юрий Савченко: Ҳеч шубҳасиз, мустақилликни ҳимоя қилиш масаласи, қандай кўринишда бўлмасин, Марказий Осиё давлатлари учун ҳам долзарб. Яқинда айрим Россия сиёсатчиларининг Қозоғистон борасидаги баёнотлари юзасидан баҳслар пайдо бўлди. Кимлардир Ўзбекистондаги муаммолар ҳақида ҳам гапираяпти. Менимча бу муболағали. Ўзбекистон тараққиёт билан боғлиқ масалаларни ўзи муваффақиятли бир шаклда ечиб келаяпти. Албатта, менинг муаммолардан хабарим бор. Аммо муҳими давлат ривожланаяпти. Айтиш жоизки, Украинадаги муаммолар интеграциянинг йўналиши билан боғлиқ. Ҳозирги босқичда биз Украинанинг келажагини Оврўпода кўраяпмиз. Бу бизнинг стратегик танловимиз. Украина Оврўпони тараққиёт намунаси сифатида кўргани учун Оврўпога юз бурди. Биз Оврўпо йўналишини Украина жамияти учун кўпроқ демократик ва кўпроқ самарали тараққиёт йўналиши деб биламиз. Ва сўнгги воқеалар Украина халқи ўзининг ана шу танловини ҳимоя қилишга тайёрлигини кўрсатди.

Би-би-си: Украинадан кейингиси Қозоғистон, деган фаразларга қандай қарайсиз?

Юрий Савченко: Менимча, Украина билан Қозоғистондаги вазиятни тўғридан-тўғри таққослаш учун асос йўқ. Чунки Қозоғистонда бир-биридан мутлақо фарқли икки хил тараққиёт йўли ҳақида баҳсу мунозаралар йўқ. Украинада эса бор эди. Мен ҳар доим битта нарсани айтиб келаман. Украинанинг Оврўпо билан интеграцияси ҳаққоний Овросиё ҳамкорлигига олиб келган бўлур эди. Брестдан Владивостокка қадар. Фақат Беларусдаги Брест эмас, балки Франциядаги Брест. Украина корхоналарининг Оврўпо бозорига кириши айнан Россия йирик бизнесининг иштирокида кечар эди. Албатта, Оврўпода амал қиладиган юксакроқ талаблар доирасида. Бу Оврўпо технологияларига чиқиш уриниши аста-секинлик билан Россиянинг ўзида ҳам содир бўлган бўлур эди.

Ҳурматли Юрий Васильевич!. Сиз бир дипломат сифатида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан ҳали ҳам гаплашасизми?. Ва умуман, Украинадаги воқеалар сизнинг дипломатик карьерангизга қандай таъсир қилди?

Гўзал, Олмония

Юрий Савченко: Ҳозирда Россия элчиси билан ўртамизда ҳеч қандай мулоқот йўқ. Бундай вазиятларда давлатнинг нуқтаи назарини етказиш зарурати шахсий баҳодан устун келади. Ҳойнаҳой, бу Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги кўпгина ҳамкасбларим ва бошқа элчиларга ҳам аён бўлса керак. Аммо Владимир Львович дипломат сифатида катта йўлни босиб ўтган одам. У ҳам, мен ҳам ўз ишимизни қилаяпмиз.

Биз ўзбекистонлик қрим-татарлари ўз ватанимиз Қримга қайтишни жуда хоҳлаймиз. Лекин Қрим бугун Россия оккупациясида. Украина фуқаролигига, Херсон вилоятига кетмоқчимиз. Элчихона биз Қрим татарларига Украинага (Херсон вилоятига) қайтиши учун қандай амалий ёрдам кўрсата олади? Украина Радаси қабул қилган Қрим татарлари реабилитацияси биз Қрим татарларига амалда нима ёрдам беради?

Зера Абляметова, Навоий

Юрий Савченко: Қрим ҳозирда вақтинча ишғол қилинган ҳудуд ҳисобланади. Табиийки, бизнинг ҳозирда Қрим татарларининг Қримга бориб, ерлашишларига ёрдам беришга имкониятимиз йўқ. Аммо қандайдир ҳуқуқий масалаларни ечиш керак бўлса ёки қайсидир ҳужжатларни расмийлаштириш масаласида, айниқса, Қрим татарларининг катта жамоаси яшайдиган Ўзбекистонда, қонуний ечим топишда кўмак берилади. Кўпчилик ҳозир Қримга кўчиш режаларини вақтинчалик тўхтатган. Аммо Ўзбекистондан Украинанинг бошқа ҳуддуларига кўчиб кетаётган Қрим татарлари оз эмас. Бизнинг қандай ёрдам бера олишимизга келсак, бу ҳақда ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиб чиққандан кейингина гапиришимиз мумкин. Биз ёрдам беришга тайёрмиз.

Assalomu-alaykum elchi janoblari! Bilaman, ko'pchilik vataningizdagi voqealar haqida so'raydi. Ishoning Ukrainada bunday voqealar bo'lishidan ming afsusdaman... Mening savolim, shunday: Mana qariyb 4 yildan beri bizning Vatanimizda elchi ekansiz. Shu to'rt yil davomida Vatanimiz haqida qanday taasurotlarga ega bo'ldingiz? Ukraina bilan O'zbekistonni taqqoslaganda qanday fikrlar bildira olasiz? Javobingiz uchun oldindan rahmat!

Shuxrat

Юрий Савченко: Бу мавзуда алоҳида суҳбат қилишимиз керак бўлади. Бутун-бошли суҳбат ва ўйлайманки, бу жуда қизиқарли суҳбат бўлади. Мен Ўзбекистонга келаётганимда Украинадаги дўстларимга қадимий Самарқанд ва Бухорони кўраман, деб айтгандим. Ўзбекистонга келгач, қадимий шаҳарлардан ташқари, менинг эътиборимни тортган нарса ижтимоий соҳалар бўлди. Мактаб ва коллежлар қурилиши, таъмири, энг чекка жойларда ҳам қишлоқ врачлик пунктларининг сақланиб қолгани. Давлат бюджетининг катта қисми таълим ва соғлиқни сақлашга сарфланади. Мен Ўзбекистон ҳақидаги бошқа фикрларни ҳам яхши биламан. Ҳамма нарса ҳам жойида эмас, қийинчиликлаор кўп қабилидаги. Аммо ишонинг, Ўзбекистон ривожланмоқда, бу ривожланиш барқарор. Энг муҳими шу. Эътибор беринг, Ўзбекистон аҳолиси йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Шароитлар ёмон бўлса, ҳеч қайси оила кўпайишга шошилмайди. Бу ерда эса ҳар йили ўсиш бор. Келажак эса ёшларники.

Би-би-си: Ўзбек палови ҳақида гапирмадингиз?

Юрий Савченко: Паловни гапириш эмас, ейиш керак. Бу худди украинларнинг борщига ўхшаб, ўзбекларнинг "ташриф қоғози". Украинадаги ҳар бир уй бекасида борщнинг алоҳида рецепти бўлганидек, Ўзбекистоннинг ҳар бир минтақасида ўзига хос палов бор. Қисқаси, ўзбек палови ажойиб таом ва фақат паловнинг ўзи учун Ўзбекистонга саёҳат қилса арзийди!.

Би-би-си: Жавобларингиз учун раҳмат!.

Бу мавзуда батафсилроқ